ЁМҒИР ЁҒАР ЭДИ ШИҒАЛАБ…

Рассом Шуҳрат Абдурашидов таваллудининг 75 йиллигига

Ажаб, қачон, қаерда, ким таништирди мени рассом Шуҳрат Абдурашидов билан, ҳеч эслолмайман. Бунга ҳар қанча уринмай, бари беҳуда. Ёшларнинг “Илҳом” клубида илк кўргазмаси бўлган эди, дастлаб ўша ерда кўришдикмикан десам, хаёлимда уни бундан олдинроқ ҳам билгандек бўлавераман.

“Илҳом” клубида Шуҳратнинг расмлар кўргазмасини томоша қилиб, унинг қалбини алангалатган, ижодга ундаган эҳтиросни сувратларидан топдим. У болалар кўзида қолган оламни, ёшликнинг энг гўзал, бокира

лаҳзаларини, шунингдек, ҳаётнинг ўйдим-чуқури, керик- кемтигини тасвирлар ва буни бутун инсониятга кўрсатгиси келар эди.

“Болаликдан кейинги биринчи кун” картинасида ҳаёт тақозоси билан тўсатдан улғайиб қолган бола сиймосини шоирона тўлқин билан, ўртаниб ифодалаган эди. Бола нечук бирдан улғайиб қолганининг аҳамияти йўқ. Улғайган, вассалом. Болалик тугаган. Асарни томоша қилаётган киши хийла вақг унинг олдидан кетолмайди. Унинг ўзгача сеҳри бор эди. Ҳаяжон, фикр уйғотадиган асар. Кишида бефарқликни ўлдирувчи, болага алоҳида меҳр ва диққат билан, жуда эҳтиёткор ёндашишни ўргатувчи, унга бу ёшда (12-13 ёш) дағал муомала қилиб бўлмаслигидан сабоқ берувчи расм эди.

Кўргазмадаги болалар ва ўсмирлар ҳаётига оид картиналар, болалар адабиётига дахлдор одам бўлганимданми, менга қаттиқ таъсир килди, мўйқалам устасига эҳтиромим ошди.

“Мактабга” асари марказида портфель орқалаган ўспирин бола билан ўсмир қиз тасвирини кўрасиз. Уларнинг 10-синф ўкувчилари эканини пайқаш қийин эмас. Табиат манзарасидан найсон пайтлари экани англашилади. Бола билан қиз ўртасида дўстлик, эҳтимол, илк севги туғилгани ва бу яқинлик тақдири ҳали номаълумлиги, вақт эса шиддат билан илгарилаётгани ёшлар қалбига безовталик солаётганини уқиш мумкин. Улар кўнглидаги ана шу ҳиссиётлар кўзларидаги паришон ўй тасвири орқали берилган. Балки бу ўй номаълум ва мавҳум келажак қаршисидаги ҳадикдандир: ўқишлар тугаб, мактаб тамомланса, бу ёғи нима бўлади? Тарқалиб кетишадими? Ўқишга бирга-бирга киришармикан? Шу она қишлоқ, шу қадрдон йўл, шу азиз мактаб, гоҳ қувлашмачоқ ўйини, гоҳ аразу ярашишларга ўз бағридан ўрин берган, уларни улғайтирган шу мўътабар маскан ва, энг муҳими, ҳали ҳеч ким пайқамаган ардоқли туйғу – буларнинг ҳаммаси нима бўлади? Эҳ, кунлар нега мунча тез ўтмаса?! Бола олдинга боққан. Аммо қаршисидаги уфқни кўрмаётир – чунки хаёл оғушида. Қиз ёнга қараган. У ҳам хаёлчан. Хуллас, қишлоқ мактабидан учирма бўлаётган ёшлар олами сизни ўзига ошно этади. Мактаб, оила, дўстлик, ҳаёт, ватан туйғуларини қитиқлайди.

Шуҳрат Абдурашидов ижодида болалар мавзуси тор миқёсда эмас, кичиклар ва катталар муносабати тарзида – кенг кўламда қаламга олинади. Мана, жумладан, “Субҳидам” картинасини мушоҳада қилиб, “ўқиб” кўрайлик. Унда мактабга кетаётган бола ортидан остонада жим қараб қолган ота-она тасвирланган. Келажакдан умидвор ота-она. Уларнинг умиди – сизнинг, бизнинг умидимиз. Бу – халқнинг, миллатнинг ҳам умиди. Шу ота-онага қўшилиб, бола саломат-омон улғайишини тилайсиз беихтиёр.

Шуҳрат халқ турмушини оддий, камтар воситалар билан акс эттирар эди. Хусусан, унинг “Уйқу” картинасидаги реалистик-ҳаётий деталлар ҳофизамда қаттиқ ўрнашиб қолган. Ёзги тахта сўри узра беланчакда ухлаётган чақалоқ. Сўрининг фақат бир бурчаги: устундаги қозиққа ота кўйлаги ва сочиқ осилган; пастга палос билан кўрпача тўшалган; палоснинг миллий нақшларию кўрпачадаги ўйинчоқлар — сопол хўтик ва копток; сўридан ташқарида остидан ариқ ўтган сўриток, ҳув нарирокда супа ва унга ёндош тандир — буларнинг барчаси юракка аллақандай яқин ва қадрдон.

Шунга ўхшаш халқ турмуши манзарасини “Руҳимдаги доимий байрам” картинасида ҳам кўрамиз. Аммо муаллиф туйғулари бу асарда янада кучлироқ жўш уриб туради. Энди қаршимизда ўша сўри бус-бутунича намоён бўлади. Сўри тўрида оила бошлиғи – ота, унинг ёнида она, қуйида эса ёнбошида бешиги билан келин ўтирибди. Сўрининг тўрт томонига палак осилган. Кўҳна ўзбек палаги. Ён томонда бир текисда кўрпа-тўшаклар тахлоғлиқ. Сўри остида донлаб юрган товуқлар. Ҳовлидаги ашёлар, жумладан, деворга суяб кўйилган замбил, юқоридаги уй билан унинг томидаги бостирма, қалин пичан устида, бошини қўлларига қўйиб, осмонга термилиб ётган бола, ундан ҳам нарида олди айвонли уй. Айвондаги дорга ювилган кийимлар осиғлиқ – қисқаси, меҳнаткаш бир хонадон, ўз нонини ҳалол топиб ейдиган, ҳаётини ҳарқалай чиройли ўтказишга тиришувчи оила турмуши кўз ўнгимизда гавдаланади. Чордана қуриб ўтирган, пайдор билакларини чалиштирган ўктам ота бошлиқ оила томошабинда нафақат ҳурмат, меҳр ҳам уйғотади. Сиз ҳам шу меҳнаткаш халк вакилисиз. Демак, мусаввир руҳиятидаги байрам сизга ҳам юқади.

Рассомнинг “Мангулик афсонаси” картинасида фикр сал кўтаринки оҳангда ифодаланган. Унда қадрдон кишисини сўнгги манзилга элтиш маросими акс этган. Елкаларда бораётган тобут атрофида тўн кийиб, бел боғлаган чуст дўппили мотамсаро жигарлар, орқада эса ўз инсонлик бурчини адо этаётган тобуткашлар дувури. Шу воқеанинг ўзиёқ киши туйғуларини ғуборлардан поклайди. Бундай мавзуда кўпчилик ижодкорлар сентименталликка йўл қўяди. Шуҳратда эса аксинча. Ортиқча йиғи-сиғига ўрин берилмаган. Картина томошабинда эркак кишига хос улуғвор бир мотам ҳамда кўп ишлар қилиши мумкин бўлган-у, аммо улгурмаган инсон амалларини давом эттириш кайфиятини уйғотади. Узоқдан кўриниб турган тоғ бағридаги кимсасиз қабристон эса ҳаёт ва ўлим хусусида фикрлашга ундайди. Мен Шуҳратнинг ҳаётида чиндан-да эсдан чиқмайдиган ва ёш қалбини доғда қолдирган бирор воқеа бўлгандир, деб ўйлаб, ундан “Бу асар бирор ҳаётий воқеа муносабати билан яралганми?” деб сўраган эдим, “Ҳа, бу асарда Абдулҳамид исмли акамнинг вафотидан кейин юрагимда қолган йўқотиш алами бор”, дея жавоб қилди у. Мен яна асар нима учун “Мангулик афсонаси” деб номланганига қизиққанимда айтдики, “Олдин “Мангулик йўли” деб атаган эдим. Аммо кейин “йўл”ни “афсона”га алмаштирдим. “Мангулик йўли” деганда, ҳамма ҳам ўлади, шунинг ўзи – мангулик, деган маъно кўринди. “Мангулик афсонаси” деганда эса, ўлим – бу мангулик эмас, ўлим – йўқотиш! Киши шу ўткинчи ҳаётда чиндан мангуликка эришмоғи керак, мангулик афсона бўлиб қолмаслиги лозим.

Умуман, Шуҳрат ижодида ҳаётийлик, ҳакконийлик ўрни жуда муҳим.

“Чойхонада” расми қаршисига етганимизда эса, ҳазин бир кайфиятда чой ичиб ўтирган, мусичадай беозор чол қиёфасига дуч келамиз. Қариянинг яхши-ёмон одамлар орасида баҳолиқудрат покиза умр кечирганини англаймиз. Буни унинг манглайидаги қават-қават тиришлари, ўтириш тарзидаги мулойимлик, мўлтиллаган маънодор кўзлари айтиб турибди. У ўтган умрию кундан-кун яқинлашиб келаётган сўнгги манзил ҳақида таъсирчан бир хотиржамлик билан ўй сураётганини кўриб, қалбимизда унга раҳм-шафқат, мурувват, меҳр туямиз.

Бу картиналардан Шуҳрат Абдурашидов ижоди ҳақида тугал тасаввур ҳосил қилдик, деб бўлмайди, албатта.

Шуҳратнинг бир қатор полотноларида ҳаёт ҳақида фалсафий мушоҳадани, халқ кечинмалари манзарасини, даврнинг бетакрор онларини, эл фарзандларининг тўлақонли, баъзан гўзал, баъзан оғир, лекин ростакам ҳаёти тасвирини кўрамиз. Шуҳрат Абдурашидов ижодини англаш учун рассом дунёқараши қаерда ва не йўсинда шаклланганини билиш керак.

* * *

Бўлажак рассом 1950 йили (август ойида) Ўш вилоятининг Аравон туманидаги Тепақўрғон қишлоғида туғилди. Тепақўрғон тоғёнбағридаги хушманзара қишлоқ бўлиб, одамлари чорвадорлик ва боғдорчилик билан шуғулланади. Шуҳратлар оиласи серфарзанд хонадон эди. Унинг Шавкат деган укаси, Январхон, Зиёдахон, Замирахон, Зарифахон исмли тўрт синглиси бор. Шуҳратнинг болалиги боғ кўчаларда ёнғоқ ўйнаб, қўй-қўзи, сигир-бузоқ боқиб ўтди. У пичан йиғар – ёз кунлари баъзан баланд ғарам устида ухлаб қоларди. Осмондан гўё юлдузлар ёғилаётганга ўхшар, шунда юлдузларни ушлаб кўргиси келарди. Кейинчалик у Москвадаги Тасвирий санъат институтида ўқиб юрган кезлари ана шу даврларни қўмсаб эсларди. “Болалик хотиралари” (1976) картинаси ўша соғинчлар маҳсули бўлди.

Шуҳрат Москванинг кўп қаватли уйлари қуршовидаги ётоқхонада яшаркан, ўз уйи, қишлоғи, тоғ ёнбағридаги қинғир-қийшиқ, аммо файзли кўчаларни, ариқлар, кўприкларни соғинаётганини ўзи ҳам англамасди. Шу англашилмаган соғинч ва қишлоқ хотиралари “Ишдан кайтиш” картинаси яратилиши билан якунланди. 1973 йили мойбўёқда ишланган бу расм ҳам факультетда қувонч ва мақтов билан қарши олинди ва “Художник” журналида босилиб чикди. Кичкина бир полотнода бутун қишлоқ ҳақида дилкаш таассурот уйғота олиш, томошабинда ўша ерларни бир кўриш истагини туғдира билиш, у гўшаларнинг меҳнаткаш қизлари сиймосию жайдари иморатлари шакл-шамойилини матога аниқ-тиниқ кўчириш ҳамма рассомнинг қўлидан келавермайди. Шуҳрат учун эса бу интилиш ҳаёт мазмуни эди. Халққа ва юртга муҳаббат туйғусини ҳам, отаси каби устозлари унга қайта-қайта уқтириб, вояга етказган эди.

Мендан “Миразиз ака, сиз кўргазмам ҳақида бирон нарса демайсизми?” деб сўради. Шунда мен “Ҳозиргача ўзим кўрган ўзбек рассомлари кўргазмалари ичида энг яхшиси сизники бўлди”, дедим.

Исфандиёрнинг “Самарқанд. 1920. Етимлар” асаридан гап очилиб, Шуҳрат “Агар асар турмуш, кундалик ҳаёт тафсиллари билан бойитилса, янада зўр бўларди” деганда, Исфандиёр “Томошабин бошқа нарсаларга алаҳсишини истамадим”, деди. “Миллий озодлик жангига кетган эранларнинг жигаргўшалари – етим болалар халқ закосининг ўлмас намунаси бўлган буюк обида этагида очликдан сулайиб тупроққа беланиб ётаркан, бунинг жавобини кимлардир бериши керак!”, “Бу миллатни асло енгиб бўлмайди!” деган ғоялар бор бу асар мағзида”, дедим мен ҳам.

Бир куни даврада бахт ҳақида баҳс очилди. Биров бахтни муҳаббатда, биров мўл-кўлчиликда, биров тинчлик-хотиржамликда кўрарди. Ўшанда Шуҳрат “Менимча, бахт — нисбий тушунча. Бу – халқнинг, миллатнинг баркамоллиги билан боғлиқ”, деди.

Шуҳрат негадир доим шошарди. “Миразиз ака, менга вақт ажратинг, портретингизни ишлашим керак. Биласизми, қўлингизни қандай тасвирлашни ўйлаб қўйганман!” дер эди. “Ҳали бутун келажак олдинда… Шошманг, улгурамиз ҳаммасига”, дер эдим мен…

 

Миразиз АЪЗАМ

 

Рассом Шуҳрат Абдурашидов хотирасига бағишланган шеърлар

Шавкат РАҲМОН. ЎШ ТОҒЛАРИ

Қуладими, чўкдими бу тоғ,
тоғ ўрнида қолди бир қабр?!.
Тоғларини йўқотиб, сарсон –
кўзёш тўкар бир тўда абр.

Қуладими, чўкдими бу тоғ,
юрагимда ортди доғларим?
Билолмайман, ўн йилдан кейин
кўрарманми сизни, тоғларим.

Юрт кезаман: йиғлар юрагим –
бу қандайин разолат, офат –
буюк тоғлар ўрнида ҳар гал
қабрларни кўраман фақат.

Кўрмайин деб кетарман бадар,
кетган сайин юракда доғлар:
хаёлимдан кетмайди бироқ
ерга қараб ўсётган тоғлар!..

 

Хуршид Даврон

Тўққиз йил орадан ўтди шамолдек,
Тўққиз йил сен дилда маҳзун хаёлдек.

Баҳорлар келдилар, кузлар келдилар,
Сени сўроқлаган сўзлар келдилар.

Ўтлар уйғондилар,сен уйғонмадинг,
Наҳотки уйқуга,дўстим, қонмадинг.

Ўтлар чиқиб келди, чиқиб келмадинг,
Бирга йиғламадинг, бирга кулмадинг.

Яна ўттиз йил, ё қирқ йил ўтади,
Сен-ла дўст бўлганлар мангу кетади.

Уларга изма-из мен ҳам кетарман,
Югурмай, қошингга мен ҳам етарман.

Баҳорлар келарлар, кузлар келарлар,
Бизни сўроқлаган сўзлар келарлар.

Ўтлар уйғонарлар, биз уйғонмаймиз,
Мангулик уйқуга сира қонмаймиз.

Ўтлар чиқиб келар, бизлар келмаймиз,
Чевара исмини бизлар билмаймиз.

Аммо бўёқ бўлиб бир кун қайтамиз,
Шеър бўлиб мангулик сўзин айтамиз.

 1979

 

 

Зуҳриддин Исомиддинов тайёрлади.

боғлиқ хабарлар

Изоҳ қолдиринг