Қирғизистон-Ўзбекистон: Чегара постидан ўтиш осонлашди, назорат кучайди

Икки давлат ўртасидаги асосий чегара ва божхона постида замонавий инфратузилма ишга тушди.

Бугун, 8 октябрда Қирғизистон ва Ўзбекистон ўртасидаги, Ўш шаҳри яқинида жойлашган “Достуқ” (“Дўстлик”) чегара постида янги замонавий инфратузилманинг очилиш маросими бўлиб ўтди. Унда Россиянинг юқори даражали расмий кишилари ҳам иштирок этишди.

Бир неча кун олдин Қирғизистон чегара хизмати номи тилга олинган чегара постида транспорт ва одамларни ўтказиш бўйича чекловлар киритилганини маълум қилганди. Бунга чегара постида олиб борилган реконструкция ишларининг тугалланаётгани сабаб бўлган. Бу иш жараёнида “Достук” постида инновацион лойиҳа амалга оширилиб, унга кўра чегарадан юкларни ва фуқароларни ўтказишда текшириш ишларининг самарасини ошириш, соддалаштириш ва тезлаштиришга ёрдам берувчи рақамли технологиялар тадбиқ этилган.

Шуни таъкидлаш керакки, илгари чегарадан ўтказишда назорат қилиш жараёни қўлда, турли қоғоз, журналларни тўлдириш орқали амалга оширилган, техник воситалар, олиб ўтилаётган товарлар ва транспорт воситалари тўғрисидаги маълумотлар базаси бўлмаган. Оқибатда чегарадаги давлат назорат органларининг функцияларини такрорланар ва чегара пунктидан ўтиш учун 4 соатдан 11 соатгача вақт талаб қилинарди. Энди бунга чек қўйилиб, ўтказиш вақти жуда қисқаради, маълумотлар эса рақамли кўринишда, ягона маълумот базасида сақланиб қолади.

Энди ишга тушган «электрон ўтиш пункти» ўтиш тезлигини ва демак, ўтиш пунктларининг ўтказувчанлигини оширишга; чегарани кесиб ўтиш тартибини соддалаштиришга; жараёнларнинг онлайн мониторингини таъминлашга; аналитик тизимлар натижалари бўйича сунъий интеллект ёрдамида қарор қабул қилишга; чегарадаги юк ташувчилар ва давлат назорат органлари ходимлари ўртасидаги шахсий алоқаларни минималлаштиришга, яъни коррупция ҳолларининг олдини олишга имкон беради.

Шундай қилиб, тузилган шароитлар божхона хизматига товарларни чегарадан ўтказиш учун оддий, қулай ва энг муҳими, тезкор амалларни бажаришга замин яратади. Эслатиб ўтамиз, бунгача икки давлат ўртасидаги асосий транспорт ўтказиш пункти бўлган бу постдаги узун навбатлар, пора олишлар ва бошқалар хусусида жуда кўп шикоятлар тушарди.

Янги лойиҳанинг тақдимоти «Достук» ўтиш пунктининг Евроосиё иқтисодий иттифоқига қўшилиши жараёни доирасида деярли нолдан бошланган реконструкция ишларининг якунланишига тўғри келган.

Янгиланган чегара постининг очилиши маросимида Қирғизистон Вазирлар маҳкамаси раиси Ақилбек Жапаров ва Қирғизистон Чегара хизмати директори Уларбек Шаршеев, Россия томондан ушбу давлат ҳукумати раисининг ўринбосари Алексей Оверчук, Россиянинг Қирғизстондаги элчиси Николай Удовиченко, турли вазирликлар ва идоралар раҳбарлари ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этдилар.

Лойиҳа доирасида чегара постида “ақлли» камералар ўрнатилиб, ўтиш пункти инфратузилмаси жиддий модернизация қилинган. Ўтиш пункти замонавий бошқарув воситалари билан жиҳозланиб, радиация назорати, рентген текшируви, юклар вазнини бошқариш кабиларни енгиллаштирувчи автоматлаштирилган қурилмалар ўрнатилган.

Энди чегара пости «Ягона дераза» тамойили асосида Қирғизистон давлат назорат органларининг ахборот тизимларига интеграция қилинган ва бу ҳар бир транспорт воситасининг чиқиш вақтини ўрганиш, назорат пунктида амалга ошириладиган барча жараёнларни марказлаштирилган ҳолда мониторинг қилиш имконини беради.

Соҳибжон Мамиров, Оқбура, Ўш.

Расмлар муаллифники

боғлиқ хабарлар

Изоҳ қолдиринг