Ўзбек аёли Францияда ишсизлик ва миллатчиликка қарши курашмоқда

Баҳор ойим ипакчилик соҳасида Франция ва Ўзбекистон ўртасидаги ҳамкорликни кучайтиришга ҳам ҳисса қўшмоқда.

Ўзбекистоннинг Хоразм вилоятига қарашли Гурлан туманидаги қишлоқлардан бирида пилла етиштириб катта бўлган Баҳор Будо Франциянинг Лион шаҳрида яшайди. Турмуш ўртоғи француз, икки фарзандлари бор. Франциядаги ҳаётини энагаликдан бошлаган Баҳор кўп ўтмай бу жамиятдаги турли дин ва миллат вакиллари ўртасидаги адоватга гувоҳ бўлди.

Унинг фикрича, бу адоватнинг энг катта сабаби – ўзаро мулоқотнинг йўқлиги.

Баҳор истиқомат қиладиган чекка мавзе, французларда banlieue деб аталувчи маҳаллада 42 миллат вакили яшайди. Туман ҳокимининг маълумотига кўра, айни мавзедаги аҳолининг 40 фоизи қашшоқликда яшамоқда.

Афтидан бундан буён ҳам Францияда миллий ва диний адоват масаласининг долзарблиги янада ортади. Францияда президентлик сайлови келгуси йил апрелда бўлиб ўтиши режаланган, аммо аллақачон унга номзодлар ким бўлиши ва уларнинг эҳтимолий дастурлари ҳақида баҳс ва мунозаралар қизиган.

Номзодлиги ҳали расман эълон этилмаган бўлса-да, «француз Трамп» лақабини олган ўнг-қанот журналист Эрик Земмур барчанинг диққат марказида. Мусулмон ва қора танли мигрантларга қарши кескин чиқишлари билан танилган бу арбобнинг ўзи Жазоирда яҳудийлар оиласида туғилган.

Европада энг кўп сонли мусулмон ва яҳудий аҳолисига эга экани айтиладиган Францияда кўплар Земмурнинг иммиграцияни буткул тўхтатиш таклифи радикал ечим деб қабул қилишлари мумкин. Аталган ўзбек аёлининг таклифлари эса анча юмшоқ, аммо қатъий.

Баҳор Будо асос солган «Eco Couture» уюшмаси ва «Bahor» бренди ана шу икки муаммо – мулоқотнинг йўқлиги ва ишсизликнинг ечимини топишни мақсад қилган. Ўзбекистонда француз тили ўқитувчиси бўлиб ишлаган Баҳор мавзедаги мигрант аёлларни уюшмага чақириб, уларга француз тилини ва тикувчиликни ўргатади.

Бу лойиҳанинг яна бир ўзига хослиги исрофгарчиликка қарши курашишида. Франциянинг ипак маркази деб танилган Лион шаҳрида ўнлаб йирик тўқимачилик корхоналари Christian Dior, Yves Saint Laurent, Hermes ва бошқа энг машҳур брендларга ипак етказиб беради.

Аммо, агар ипак толаси ё рангида носозлик бўлса, у чиқиндига улоқтирилади ва йилига минглаб тонна мато исроф бўлади. Баҳор эса уларни тан нархида сотиб олиб, ўз ишчилари билан бирга кўйлаклар тикиб сотади.

Баҳорнинг ижтимоий фаоллиги Франция ҳукумати ва матбуоти назарига тушган. Уч йил аввал у Парижда ўтказилган «Шаҳарлардаги талантлар» танловида совриндор бўлди. Ўтган йил пандемия даврида тиббиёт ходимларига устбош ва ниқоблар танқислиги юзага келганда, ўз корхонасини тезда тиббий халат ва ниқоблар ишлаб чиқаришга вақтинчалик ихтисослаштирди. Вақтида кўрсатилган бу  ёрдами учун Лион ҳокими унга миннатдорчилик билдирган.

Айни дамда Баҳор Будо нафақат французлар ва муҳожирлар, балки Франция ва Ўзбекистон ўртасидаги муносабатларни мустаҳкамлаш йўлида ҳам ишлаяпти. Ўзбекистондаги ипакчилик сифатини яхшилаш ва жаҳон бозорига экспорт қилиш борасидаги таклифлари ортидан у яқинда «Ўзбекипаксаноат» уюшмаси раисига маслаҳатчи этиб тайинланди.

Манба: Би-би-си

боғлиқ хабарлар

Изоҳ қолдиринг