БЕМОРНИНГ ҚУЛОҒИГА ТАНБУР ЧЕРТИШ…
Куни кеча бошкентимиз Бишкекда ўзбек тилига давлат тили мақоми берилган кунга бағишлаб байрам тадбири уюштирилибди. Тадбирда иштирок этиб нутқ сўзлаган Ўзбекистон элчихонаси консули Даврбек Раҳимовга, Қирғизистон халқ ёзувчиси, «Ала-Тоо» журнали бош муҳаррири Марқабай Ааматовга, Халқаро Иссиқкўл форумининг вице-президенти Динара Жумабаева, тожик маданий маркази аъзоси, ёзувчи Шоистаи Равшан хонимларга, боксчи, етти карра жаҳон чемпиони Орзубек Назаровга, ФИФА собиқ ҳаками Баҳодиржон Қўчқоровга ўзбек тилига ҳурматлари учун ташаккур изҳор этаман.
“Она тили миллатнинг руҳи, тарихий хотираси ва маънавий қиёфасидир. Ўз тилини ардоқлаган халқ ўзлигини сақлайди, ўзга тилни ҳурмат қилган халқ эса дўстлик кўприкларини мустаҳкамлайди”, – деб ёзади пост муаллифи. Жуда тўғри, айни ҳақиқат! Аммо реал ҳолатни кўз олдингга келтирсанг, юрагинг эзилади. Ўлкамиздаги ушбу тил эгаларининг ўз она тилига муносабатини кўриб афсусланасан. Чунки тилимиз бемор, бу тил эгалари фарзанд ва набираларини руслаштириш касаллиги билан оғриган. Юртимизда ўзбек адабий тили сақланиб қолаётгани йўқ, ривожланиши тўхтаган! У таназзулга юз тутмоқда-ку! Биз шуни байрам қиляпмизми?
ҚР статистика қўмитаси 2025 йил 5 мартда эълон қилган маълумотга кўра, 2009 йилда ўлкамизда 133 та ўзбек тилида ўқитадиган мактаб бўлган. 2025 йилда эса – 1 та. Республика ўзбек миллий маданий маркази раҳбарияти бундан хабардормикин? Бу ўзбек тилли таълим инқирозини англатмайдими?
2026 йил бўйича маълумотим йўқ. Аммо 300 мингдан ортиқ қирғиз халқи яшайдиган Ўзбекистонда, матбуот хабарларига кўра, 2022 йилда 51 та соф қирғиз мактаб фаолият кўрсатган.

ҚР статистика қўмитасининг маълумотида юртимиз аҳолиси 2026 йил сентябрь ойига 7 миллион 404 минг кишидан ошган. Жумладан:
Қирғизлар – 5 миллион 763 минг – 77,8%;
Ўзбеклар – 1 миллион 62 минг – 14,3%;
Руслар – 170 минг – 3.6%;
Бошқа этнослар (дунган, тожик, уйғур, қозоқ, татар ва б.) – 409 минг – 4,3% ни ташкил қилади.
Мана шу қўмита маълумотларига кўра, 2025/26 ўқув йилида Республика ўрта мактабларида 1,5 – бир ярим миллион ўқувчи таҳсил олган. Шунинг 215 мингдан ошиғи – ўзбек тилли ўқувчи. Аммо шу ўзбек ўқувчиларнинг 180 мингдан кўпроғи рус тилида ўқимоқда! Ўзбек тили кунини байрам қиламиз-у, аммо мактаб директорлари билан жанжаллашиб бўлса-да, фарзандимизни рус синфига берамиз. Ҳар йили 15 мингдан ортиқ ўзбек болалари 11-синфгача ўзбек тили ва адабиётини 1 соат ҳам ўқимасдан мактабни битириб чиқиб кетмоқда! Улар Навоийни, Қодирийни эмас, Пушкинни, Толстойни ўқиб маънавиятини шакллантирмоқда. Қирғиз қардошларимизда ҳам шу касаллик бор. Улар ҳам она тилидан кўра, фарзандларини рус тилида ўқитишга интилишмоқда.
Душанба куни Тошкентда эдим. “Ўзбек тилининг жаҳон миқёсидаги ўрни ва нуфузини ошириш истиқболлари” мавзуидаги катта илмий анжуманда қатнашдим. Таниқли ўзбек тилшуноси, профессор Низомиддин Маҳмудовнинг қуйидаги фикрларини эшитдим: “Бола қайси тилда ўйласа, фикрласа, ўша тил эгаларига мансубдир”. Демак, биз 180 мингдан ошиқ фарзандларимизни ўрис қилиб ўстираётган эканмиз-да!
Таълим рус тилида олиб борилаётган ва синф 100% ўзбек тилли ўқувчилардан иборат синфларда ҳафтасига 5-6 соат рус тили ва рус адабиёти ўқитилади. Ўзбек тилини байрам қилиш ўрнига, фарзандларимиз она тилини йўқотиб қўймаслиги учун шу соатлардан лоақал 2 соатини ўзбек тили ва адабиёти фанига олиб бериш йўлларини қидирса бўлади-ку, ҳурматли Миллий марказимиз раҳнамолари! Республикамизда бундай тажриба бор-ку?
Шундоқ Бишкекнинг биқинида яшайдиган ва мамлакат аҳолисининг 1,0% ини ташкил қиладиган тунгон қардошларимизнинг болалари рус тилида ўқиса ҳам, дунган тилини йўқотиб қўймаслик учун ҳафтасига 1 соат она тилини ўрганишади. Биз шуларча ҳам бўла олмаймизми?
Таълим ўзбек тилида олиб бориладиган мактабларда (йўқ, синфларда: мактаблар қолмади-ку) аҳвол ғоятда ачинарли. Собиқ Иттифоқ даврида ва мустақиллигимизнинг дастлабки 10-12 йилида ўзбек мактабларида ўзбек тили ва адабиёти фанлари ҳафтасига 7-8 соат ўқитилар эди. Ҳозир 12 йиллик таълим стандартига кўра, ҳафтасига 1 соат ўзбек тили, 1 соат ўзбек адабиёти ўқитилади! Мусиқа дарслари ҳам тўлиқ ўзбекча эмас. Тахминимча, яқин келажакда ўлкада ўзбек адабий тилини ўқитиш, бадиий адабиёт ва санъат тугаб кетадигандай туюлади. Оллоҳ шундан асрасин!
“Анжуманда ўзбек тилининг тарихи, бойлиги ва ўзига хос хусусиятлари, буюк адабий меросимиз, она тилимиз ва миллий қадриятларимизни асраб-авайлаш, шунингдек, қирғиз ва ўзбек халқларининг азалий дўстлиги ҳақида фикр алмашилди”, – деб хабар берилади бир постда.
Зўр! Аммолекин бу нарса амалда кўринмаяпти-ку! Юқорида баён қилинган ҳолат ўлкада ўзбек тилининг инқирозини кўрсатиб турибди-ку! Шуни байрам қиляпмизми?
Ўзбекистонда тил байрами тадбирларига тайёргарлик кўрилаётган бир йиғилишда педагогика фанлари доктори, профессор Қозоқбой ака Йўлдошев раҳбарларга қарата шундай дебди: “Ўзбек тили куни байрам қилинмайди, аввало, ўзбек тилини ўз мақомига, ўз ўрнига қўйиш керак!”
Шунинг учун, келинглар, юртимизда йўқолиб бораётган ўзбек тили ўқитишни ўз ўрнига қўйиб, қаддини сал кўтариб, кейин ҳар қанча байрам қилсак ярашади! Ҳозирги байрамларимиз, каминани афв этасизлару, беморнинг қулоғига танбур чертгандай гап…
Саидакбар Махсумхонов,
филология фанлари номзоди, доцент
