ИЛМИЙ ҲАМКОРЛИК – КЕЛАЖАККА ҒАМХЎРЛИК
2026 йил 12 октябрь куни Ўзбекистон Республикаси Фанлар академиясининг Ўзбек тили, адабиёти ва фольклори институтида “Ўзбекистон-Қирғизистон адабий алоқалари: тарих ва ҳозирги замон” мавзусида илмий-адабий учрашув бўлиб ўтди.
Мазкур учрашув икки қардош халқ ўртасидаги кўп асрлик адабий-маданий алоқаларни янада мустаҳкамлаш, муштарак маънавий меросни чуқур ўрганиш, адабиётшунослик соҳасидаги илмий ҳамкорликни кенгайтириш ҳамда ўзбек ва қирғиз адабиётининг бугунги тараққиёт масалаларини муҳокама қилиш мақсадида ташкил этилди.

Илмий-адабий учрашувни Ўзбекистон Республикаси Фанлар академиясининг Ўзбек тили, адабиёти ва фольклори институти директори, профессор Мақсуд Асадов кириш сўзи билан очди. Унда ўзбек ва қирғиз халқларини асрлар давомида боғлаб келаётган тарихий, маданий ва адабий ришталар, муштарак қадриятлар ҳамда илмий алоқаларни изчил ривожлантиришнинг аҳамияти алоҳида таъкидланди.
Тадбир доирасида туркий халқларнинг бой маънавий мероси, буюк мутафаккирлари ва адабий анъаналарига бағишланган “Турк дунёсининг донишмандлари” номли ҳужжатли фильм намойиш этилди.
Учрашув дастуридан Қирғизистон Республикасининг Ўзбекистон Республикасидаги элчихонаси ҳамда Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги вакилларининг чиқишлари ўрин олди.
Шунингдек, Қирғизистон Республикаси Маданият вазири, халк ёзувчиси Қайрат Иманалиев, “Ўзбекистон-Қирғизистон” дўстлик жамияти раиси Зуҳриддин Исомидинов ҳамда педагогика фанлари доктори, профессор Қозоқбой Йўлдошевнинг чиқишлари учрашув дастуридан жой олди.
Илмий мулоқотлар доирасида филология фанлари доктори, профессор Жаббор Эшонқул, Қирғизистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Чингиз Айтматов номидаги Адабиёт институти Айтматов тадқиқотлари маркази бош илмий ходими, профессор Адилбек Жантаев, профессор Қулбек Эргобек, Бердақ номидаги Қорақалпоқ давлат университетининг Қорақалпоқ адабиёти кафедраси профессори Қуаниш Оразимбетов ҳамда Айтматов тадқиқотлари маркази раҳбари, филология фанлари доктори Нурзина Уйсаеванинг маърузалари ҳам дастурга киритилди.
Учрашувнинг асосий мавзулари ўзбек ва қирғиз адабиётларининг тарихий тараққиёти, фольклор анъаналаридаги муштараклик, адабий таъсир ва ижодий алоқалар, бадиий таржима масалалари ҳамда замонавий адабиётшунослик тадқиқотларини ривожлантириш истиқболлари билан боғлиқ бўлди. Айниқса, жаҳон адабиётининг йирик намояндаси Чингиз Айтматов ижодининг ўзбек адабий муҳитидаги ўрни, адиб асарларида илгари сурилган инсонпарварлик, дўстлик, миллий ўзлик ва умуминсоний қадриятлар масалалари учрашувнинг муҳим илмий йўналишларидан бирини ташкил этди.
Тадбир дастуридаги муҳим масалалардан бири икки мамлакат илмий-адабий муассасалари ўртасида ҳамкорлик меморандумини имзолаш бўлди. Мазкур ташаббус қўшма илмий тадқиқотларни амалга ошириш, халқаро конференциялар ташкил этиш, илмий нашрлар тайёрлаш, адабий меросни ўрганиш ва тадқиқотчилар ўртасида илмий алмашинувни ривожлантиришга қаратилган.
Шунингдек, учрашув дастуридан таниқли қирғиз адабиётшуноси, академик Абдилдажан Ақматалиевнинг нутқи ҳам ўрин олди. Тадбирнинг якуний қисмида буюк адиб Чингиз Айтматов хотирасига ҳурмат бажо келтириш мақсадида унинг ҳайкали пойига гуллар қўйиш ҳамда “Адиблар хиёбони”га ташриф буюриш белгиланди.
“Ўзбекистон-Қирғизистон адабий алоқалари: тарих ва ҳозирги замон” мавзусидаги илмий-адабий учрашув икки қардош халқ ўртасидаги азалий дўстлик, адабий ҳамкорлик ва маданий яқинликни янада мустаҳкамлаш, муштарак илмий-маънавий меросни келажак авлодларга етказиш ҳамда халқаро илмий алоқаларни ривожлантириш йўлида муҳим қадам бўлади, деб умид қиламиз.
Зуҳриддин Исомиддинов
