ҚАДРИЯТ 

САЙРА, БУЛБУЛИМ, САЙРА!

Саҳл ибн Саъд Соидий ривоят қилишича, Расулуллоҳ сав: «Ким менга икки жағи орасидаги нарсани ва икки оёғи орасидаги нарсани сақлашга кафил бўлса, мен унга жаннатнинг кафили бўламан», деган (Имом Бухорий).

Қаранг, тили ва авратини пок тутган одамга жаннат нақд экан.

Бу – мазмунан жуда теран ҳукм. Биз бугун унинг кичик бир жузви: икки жағ орасидаги, яъни тилга алоқадор бўлган қисми – тилни тийишнинг, ўшанинг ҳам гўё энг беозор бир жиҳати – ҳақорат, хушомад қилиш, туҳмат гап айтиш, ғийбат, алдаш каби қабиҳликлари ҳақида эмас, кўп сўзлашнинг айби хусусида бир неча сўз айтмоқчимиз.

Кўп гапириш қийин эмас. Лекин биров тинмай гапираверса, тинглаб ўтириш қийин. Сергап киши эса, энг камида бефаросат: зарур ишингиздан қолиб, ноилож эшитаётганингизни хаёлига ҳам келтирмайди.

Баъзи кишилар, мен – шу давранинг гулиман, менсиз бу ўтирган одамлар зерикиб ўларди, ҳамма менинг суҳбатимга интизор, деб хаёл қилади. Шунга, “ўртани совутмаслик учун” тўхтамай гапиради. Ҳолбуки, даврада бирпас жимлик ҳукм сурса, маъноси теран сукунат юзага келади, бу бировнинг ҳадеб “изҳори фазл” қилишидан чандон афзал. Бамисоли вағиллаб турган керосин примус ўчса, қулоқлар ором олгани каби.

Аслида, одам гапириб эмас, гапирмай кўпроқ таъсир ўтказади.

Усмон розияллоҳу анҳу халифаликка сайланиб, илк бор минбарга чиққанида, қалбидаги масъулият ҳиссининг кучлилигидан тилига сўз келмай, одамларга қараб жим туриб қолган экан.

Бу сукут оддий сукут эмас эди. Унда чуқур бир ҳайбат, Оллоҳдан қўрқиш ва зиммасидаги улкан омонатнинг залвори акс этган эди. Бу ҳолатни кузатиб турган масжиддаги одамларнинг қалблари титраб, кўзларига ёш келган ва ўша онда бутун жамоатнинг ҳолати ўзгарган. Бу қисқа, аммо маъноли сукут ўша давр мусулмонлари учун катта бир дарс бўлган эди.

Шундан сўнг Усмон ибн Аффон: “Эй одамлар! – дея қисқа гап айтган: – Сизлар учун гапирувчи (нотиқ) раҳбардан кўра, иш қилувчи (амал қилувчи) раҳбар яхшироқдир. Агар тирик қолсам, ҳали сизларга хутбалар ҳам қилиб берарман. Аслида эса биз хутба айтишга эмас, амал қилишга муҳтожмиз”.

Усмон розияллоҳу анҳу шундай дея минбардан тушиб, намозни бошлаб юборган экан. Ҳа, озгина сўз орқали, инсоннинг ички ҳолати ва самимийлиги орқали қалбларга етиб борадиган ваъз энг кучли ваъздир.

“Вақт – дунёдаги энг қиммат нарса”, деган эди юнон файласуфи Теофраст. Ибн Қаййим ал-Жавзия эса «вақтни зое кетказиш ўлимдан ҳам ёмон, – дейди. – Ўлим-ку, кишини дунё ва дунё аҳлидан узади холос, вақтни зое кетказиш эса Оллоҳдан ва охиратдан узиб қўяди»…

Афсус, бугун кўпларнинг умри иш қилиш ва ўзгалар ишидан ибрат олиб ўрганиш билан эмас, сўзлаш ва ўзгалар гапини эшитиш билан ўтяпти.

“Шай барма!”

Навоий театрида Саид Аҳмаднинг 75 йиллиги ўтяпти. Залга одам лиқ тўлган, партер ва амфитеатрдан ташқари икки томонидаги йўлакларда тик туришибди. Яна, аксарининг қўлида тугун – севимли адиб елкасига тўн ёпсам деб кўтариб келган. Шунчаки тўн кийдирмай, гапга ҳам тўн кийдирсам дейди, даврага етакчилик қилаётган Одил Ёқубовга илинж билан қарайди. У кишининг қўлидаги қоғозда эса яна юзга яқин одамнинг номи ёзилган. Бу кетишда яна икки кечаю икки кундузда ҳам анжуман тугамайдиган кўринади.

Шартаки Одил ака ўрнидан шартта турди:

– Биласизлар, мен Қозоғистонданман. Ўрта Осиёдан поездлар Қозоғистон чўлларини оралаб Россияга боради. Яна орқага қайтади. Энди, қозоқ борки, бари памил чой ичади. Бекатларда қозоқ аёллар вагонга чиқиб, кимдир ҳинд чойи сотармикин деган илинж билан “Шай барма, шай барма?” деб йўлакдан югургилаб ўтиб қолишади. Тез тушиб олмаса, бир дақиқага тўхтаган поезд юриб кетиб қолади-да, нариги бекатгача эса – эллик-олмиш чақирим. Шунга, гоҳо, ҳой тўхта, мана чой, десангиз ҳам эшитмай тушади-кетади. Энди, ўртоқлар, буёғини “шайбарма” қиламиз, ҳар кимга бир дақиқадан вақт, – дея элни кулдира-кулдира раислик қилган эди раҳматлик.

Тавба, тўрт киши орасида гапини эплаб гапира олмайдиган баъзилар тўрт юз кишилик анжуманда сўзга чиқса, ярим соатсиз минбарни бўшатмайди, нима демоқчи, қайси фикрни уқтирмоқчи – тингловчилар тугул, ўзи ҳам билмайди. Ана шундай “воиз”ларни кўриб ўлтирар эканман, бот-бот Одил Ёқубов домланинг “шайбарма”си ёдимга тушади…

Бир дақиқада олтмиш сония вақт бор, демак олтмишта фикр айтиш мумкин, – деган эди улуғ педагог Антон Макаренко. Олтмишта фикрни қўйинг, лоақал ҳар дақиқада бир дона янги фикр эшитсам, ҳамма ишимни йиғиштириб қўйиб, гапингизни кун бўйи тинглашга ҳозирман.

Аммо… қани ўша янги фикр?

Барчага маълум гапни “фикр” деб бўладими?

Сўз бериб минбарга таклиф этсангиз, “вассалоту вассалому…” дея аллазамон ўзининг том ихлосли ва диний билими ҳам етарли бир мўмин-мусулмон эканини кўрсатиб гап бошлаб, парвардигори олам, расули акрам, саҳобаи киромлар ва бошқалар ҳақида тўхтамай сўзлайдиган нотиқлар бор. Худо жами жонли нарсаларга ризқ берганини, бизларни мусулмон қилиб яратганини айтиб, шукронасини чорак соат изҳор этади. Ахир сен имом бўлмасанг, масжид минбарида эмас, мажлисдасан. Ниҳоят, саҳнага нима учун чиққани эсига тушади, ўзидан аввалги нотиқлар нима деганига биттама-битта тўхталади, уларни тафтиш қилиб ўтади. Ўзи айтадиган сўз эса эски рўмолчага тугиб, четга ташлашга ҳам арзимайдиган, тўрт оғизлик гап бўлади.

Ўшанинг ўзини айтиб қўяқолса, нима қилади?

Бўлмайди, унда ўзини кечира олмайди, уйида ётиб уйқуси келмайди!

Ҳўкиз эгасига… нима йўқ?

1978 йилда Лев Толстой таваллудининг 150 йиллиги Ўзбекистонда ҳам кенг нишонланди. Ёзув­чи ижодига бағишланган илмий конференциялар ўтка­зил­ди, юбилей комиссияси ташкил этилиб, унинг саъй-ҳара­ка­ти билан Толстой асарларининг беш жилдлиги нашр қи­лин­ди, адиб ижодининг ўзбек адабиётига таъсирига бағиш­лан­ган илмий рисолалар чоп этилди. Юбилей тадбирлари ўша йил­ 9 сентябрда Навоий театридаги тантанали йиғилиш ва санъат усталарининг концерти билан поёнига етди.

Эътироф этиш керак: бу йиғилиш ниҳоятда шу­куҳли бўлганди, давлат раҳбарлари, республикадаги об­рў­ли маҳкамаларнинг бошлиқлари, ижодий уюшмаларнинг етак­чилари, Россиядан келган олим ва ёзувчилардан иборат президиум жуда олиймақом эди. Одам кўплигидан, саҳнага баланд суянчиқли юмшоқ стуллар уч қатор қилиб тизилди, ҳайъатга таклиф этилган муҳтарам ар­боблар мартаба ва мавқеларига қараб уларни тўлдиришди.

Биласиз, аксар мана шунақа ажойиб анжуманларда битта-ик­кита қартайиб, калласи лиқиллаб қолган чоллар, юзини ажин босган кампирлар ҳам қандайдир сабабга кўра қат­на­шиб қолади. Бу гал ҳам амфитеатрнинг нимқоронғи орқа қа­тор­ларидан бирида – кириш эшигига яқин жойда етмиш ёшлардаги, аммо умр бўйи оғир меҳнат қилганидан бўлсамикин, шар­ти кетиб, парти қолган бемажол бир қария бўйнини чў­зиб, бўлаётган гапларга зўр эътибор билан қулоқ соларди. Ўза­ро пичирлашаётган хонимларга, ҳар ёққа аланглаб, керак­ли нигоҳни учратса, кулиб бош ирғаётган мамнун йигитларга эъти­бор бермасди.

Бу одам… Мирзакалон Исмоилий эди.

Толстой асарларини сағир ёшида етимхонада илк бор қўл­­га олган, йигирма ёшида унинг машҳур “Тирилиш” романи би­лан танишиб чиқиб, беш йилдан сўнг – 1933 йилда ўзбек тилига илк бор тар­жи­ма этган, беш-олти йилдан сўнг, бу асарга азбаройи кўнгил қўй­ганидан, иккинчи марта, бу гал янада зўр маҳорат би­лан таржима этган ижодкор шу одам эди.

Мирзакалон Исмоилий Иккинчи жаҳон урушида қатнаш­ди, эллигинчи йиллар бошида эса ноҳақ қатағонга учраб, қа­ма­лди: конларда эзилиб тош ташиди. “Фарғона тонг от­гун­ча” романи ўша борсакелмас жойларда дилида пишиб етил­ди. Роман ёзиб, романнинг тили ва услуби бобида етарли малака ҳосил пайдо қилгач, тағин Толстойга юз бурди: “Анна Каренина” романини ўгирди. Бу таржима илмда ҳанузгача мах­сус ўрганилиб, баҳосини олмаган, аммо шуниси аниқки, ўзбек адабиётининг бутун тарихида бино бўлган минг-минг таржималар ичидан ўнта энг зўри танлаб олинадиган бўлса, Исмоилийнинг “Анна Каренина”си ана шуларнинг бири бўлади.

Домла ўша йиллари, бундан ташқари, Абдулла Қаҳҳор ва Кибриёхонимлар ўгирган Лев Толстойнинг “Уруш ва тинчлик” ро­ма­ни­ таржи­ма­си­ни теран таҳлил қилиб, унга катта бир тақриз битди, ўз ижо­дий тақдирида Толстойнинг ўрни хусусида мақола ёзди; бу­лар­даги фикрларни унча-мунча адабиётшуноснинг асаридан то­пиш қийин… Нима бўлганида ҳам, Толстой ва Исмоилий – ўзбек таржимашунослиги олди­да турган катта илмий масалалардан бири.

Шундай қилиб, Мирзакалон Исмоилий Толстой юби­ле­йи­да қатнашди. Аммо умрининг кўп йилларини Толстой асар­ларини таржима қилиб ўтказган, Толстойни ўзбек хал­қи­га таништиришга энг кўп ҳисса қўшган бу одамни Толстойнинг юби­лейига ҳеч ким таклиф қилмаган, “Кам бўл­манг, Мирза ака, Толстойнинг тўйи – аввало Сизнинг тў­йин­гиз, халқимизга бу улуғ адибни танитган одам сиз бўласиз”, дей­диган бирон мард топилмаган (ўзи эшитиб, борган). Мир­закалон Исмоилий билан иқи келишмаган катталарни мам­­нун этиш ниятидагиларнинг яйрагани-чи? Зал­­да ўтирган кекса адибни гўё ҳеч ким “кўрмаган”, у эса ҳамма ноҳақликни кўриб-билиб, эзилиб ўтирган…

Мирзакалон Исмоилий принципиал одам эди. Эътиқодига зид, ноҳақ нарсалар ва уларни ёқлайдиган одамларга, ким бўлмасин, асло ён бермас, бундай қилолмас эди, орқаваротдан нолиб, бировни ёмонлаб ҳам юрмас, гапини ўша кишининг бетига айтиб қўяқоларди.

Аммо домла ўша куни ёмон хафа бўлган экан, ёрилди:

– Буни қаранг-а, болам, – деди у киши эртаси куни ран­жиб. – Мен-ку майли, гап бундамас, аммо ўша, президиумда ўтир­ганларнинг аксарияти Толстойнинг “Т”сини ҳам ту­шун­майди-да! Кўплари, ҳатто унинг бирон асарини ҳам ўқимаган. Аммо савлатларини, ўзларини тутишларини кўрсангиз! Шўр­лик Толстойнинг ўзи шунақалардан безган эди-ку?

Яна бир ҳол. Қайсиям йили қўшни халқ шоирининг ўзбек тилига таржима қилинган китоби муборакбод қилинди. Сўз айтаман деган одамдан кўпи йўқ. Чунки муаллиф дасти дароз, қўли очиқ одам эканини кўпчилик билар эди. Аммо шу китобни ўзбек тилига ўгирган таржимон Турсунбой Адашбоев ҳеч кимнинг эсига келмайди, ана, бир четда қимтиниб ўтирибди. Кимдир эслатгач, оғринибгина сўз берган даврабоши “Қисқа бўлсин!” деб писанда қилгач, бечора мутаржим бир оғиз қутлаб, пастга тушди-кетди.

Анжуманни куйиб-пишиб тайёрлаган, ўртага қўйилган масалага энг дахлдор одам кўпинча четга сурилади, ҳамиша гапирадиган, минбарга чиқмаса тутқаноғи тутиб қоладиган, ўзини тўй тўридаги генерал деб биладиган бир тоифа кимсалардан гап ортмайди.

Булар ҳамиша анжуман тўрида ўтиради, даврабоши у кишига сўз берақолмаса, писанда қилиб бўлса ҳам минбарни эгаллайди, нимадир дейди, сўнг ўта зарур бир иши бордай, йиғилишни тарк этади. Гўё, асосий гапни шу киши ирод қилди, кейингиларнинг сўзи эса “майда-чуйда, арзимас” бўлади.

Майли, ёши улуғ, сўзласин, дейсиз, аммо йигирма-ўттиз йилдан бери ҳар мажлисда эшитавериб, ёд бўлиб кетган гапларини такрор уқасиз.

Баъзилар саволим бор, деб минбарга чиқади-да, камида етти-саккиз дақиқа гапиради. Савол эмас, бутун бошли маъруза! Ҳатто охирида “шу гапим тўғрими?” деб сўрайдиган жойи ҳам йўқ. Яна бир тоифа бор: тушунмаганини аниқлаш учун эмас, одамларни қойил қолдириш, жавоб бераётган кишини “жойига михлаб қўйиш” ниятида савол беради. Аслида, ҳақиқатни аниқлаш учун, ё билмаганини билиб олиш учун берилган саволгина – чин савол, бошқалари эса шантаж.

Ҳар қандай чиқиш, жумладан жавоб ҳам ихчам, лўнда бўлса, одамларга кўпроқ таъсир қилади. Кўп гап билан англатилган ҳақиқат, ҳарқанча тўғри бўлмасин, киши ёдида қолмайди, ўқи нишонга тегмайди.

Ўттиз саккиз йил аввал бир кун Тошкент радио уйига бориб, анжуман устидан чиқдим: муфтий Муҳаммадсодиқ Муҳаммадюсуф билан учрашув бўлаётган экан. Тадбир якунида одамлар у кишидан кўп нарсаларни сўрашди. Диний эркинликка энди-энди йўл очилиб келаётган пайт эди-да. Фурсатдан фойдаланиб, мен ҳам бир қисқагина савол бердим, унга муфтий домла батафсил жавоб қилди. Бугина эмас, саволнинг мен тортиниб, чалароқ айтган, тўғриси, ташлаб кетган яна бир қисми бор эди, уни ҳам пайқаб, ўзи савол қилиб ўртага қўйди ва жавобини уқтириб ўтди. Ҳа, чин воиз ҳар вазиятда ҳам ҳушёр бўларкан, калаванинг учини асло йўқотиб қўймас экан…

Энди нутқимиздаги энг катта айб ҳақида. Бир ҳадисда айтилишича, саҳобалар Расулуллоҳдан: “Мўмин қўрқоқ бўлиши мумкинми?” деб сўрашганида, у зот “Ҳа”, деган. “Мўмин бахил бўлиши мумкинми?” дейишганида яна “Ҳа”, деган. “Мўмин ёлғончи бўлиши мумкинми?” дейилганида: “Йўқ”, деб қатъий жавоб берган. Яъни, ёлғон гапирган одамнинг имони шубҳали. Аммо баъзилар, бирон беш-ўн дақиқа гапирганидан сўнг, “Ана энди гапнинг тўғрисини айтсак”, дея диққатингизни тортишга уринади. Ажаб, рости энди айтиладиган бўлса, мантиқан, аввалги гаплар ёлғон бўлиб чиқади-ку? Мўмин одам аҳёнда бир “гапнинг тўғриси”ни айтмайди, балки рост бўлмаган сўзга оғиз очмайди. “Оқил чиндин ўзга демас”, деб уқтиради Алишер Навоий ҳам.

Сўз – олтин, тил – гавҳар

Нима кўп, мажлис, анжуман, симпозиум, брифинг, конференция, тадбир, давра столи, саммит, форум, семинару вебинар кўп. Мен ҳаммасини санаганим йўқ, аммо шунинг ўзи ҳам гапбозлик авж олганини кўрсатиш учун етарли. Бошқа тадбирлар ҳам бор, уларда ҳам одамлар тўпланади. Чунончи, дунёда ҳар куни ўн минглаб “Ўзаро англашув меморандуми” имзоланаркан. Ҳар куни! Албатта, улар индамай ўтириб имзоланмайди, ҳар бирида неча одам сўзга чиқади. Ана шунақа! Биз жағимизни аямайдиган авлод эканмиз.

Машҳур ихтирочи Томас Эдисон умрида бир марта бир халқаро илмий симпозиумда бўлган, кейин эса, минг тавалло қилсалар ҳам, бундай жойларга бормаган. Негаки, конференциялар – бекорчилар тўпланиб валақлашадиган тадбир экан, деган фикрга келган. Унинг… беҳуда вақти йўқ эди.

Нотиқлик чиройли гапириш дегани эмас. Унинг биринчи қоидаси шуки, тингловчига нафи тегадиган, унга керакли гап керак. Мана шу – энг муҳими. Тингловчиларга керакли гапни айтсангиз, агар тилингиз дудуқ бўлса ҳам, одамлар жон қулоғини тутиб эшитади. Кераксиз гапга эса, минг чиройли бўлмасин, ҳамма эснаб ўтиради. Чиқишингиз охиридаги қарсак эса яхши сўз учун эмас, нутқингиз тугагани учун чалинган бўлиши ҳақиқатга яқинроқ.

Мен сўзига кишилар жонини беришга тайёр асл нотиқлару ҳар гапи маърифат кони бўлган воизларни ҳам, шунингдек, оғиз очиши биланоқ одамлар туриб кетиб, зал бўшаб қоладиган, аммо ўшандаям ярим соатсиз микрофонни бўшатмайдиган сўзчиларни ҳам кўрганман. Жаранг-журунг қилиб сўзлаш, қофияли қилиб гапириш пуч нарса эканлигига амин бўлганман. Узундан-узоқ шеърларни ёдлаб олиб, даврани музлатиб ўқий берадиган, ё суюқ анекдотни гапига безак қиладиган “халқ артистлари”ни биламан, аммо булар – сўз санъати эмас. Яхши гапни топиб айтиш, ихчам, аммо сермаъно қилиб сўзлаш киши заковатини кўрсатади.

Кўп гапириб ўзгалар вақтини олиш – айб, аммо бундан ҳам баттари, кўп гап ичида ёлғон ҳам кўп бўлади. Кишилар эътиборини тортиш учун ақлга тўғри келмайдиган, ёлғон гапларни айтишга айримлар ўрганиб ҳам қолган.

Сўз айлади инсонни жудо ҳайвондин, – дейди Навоий. –

Билким, гуҳари шарифроқ йўқ ондин…

Яъни, инсон нутқи борлиги туфайли ҳайвондан ажралиб туради. Шундай экан, нутқимиз – тилимиз энг қимматбаҳо бир гавҳар эмасми?

Яратган зот бизни нутқ неъмати билан сийлади, азиз қилди, мукаррам қилди. Аммо бандам тилини суиистемол қилсин, кўп гапирсин, демади.

Гўё сизда бир қоп олтин бор, сиз уни ҳовучлаб соча бермайсиз-ку?

 

 

Зуҳриддин Исомиддинов

боғлиқ хабарлар