ҚАДРИЯТ 

Хасис қайнона

(Ўқувчим  ҳикояси)

Баҳор фасли яқинлашиб қолган кунлар. Ишдан қайтиб шаҳар шоҳбекатига келиб автобусга чиқдим. Ёнимдаги ўрин бўш эди. Кимдир “Ёнингиздаги ўрин бўшми?” деди. “ Ҳа, бемалол” дедиму қўлимдаги янги газета саҳифаларига кўз югуртирар эканман, ёнимга жойлашган аёл “Яхшимисиз, домла, ассалому алайкум?” деди. Ўгирилиб қараб раҳмат, дедиму, аммо кимлигини англай олмадим. Бу ҳолатни сезган аёл: “Мен Маъсумаман, домла, эллик  йилдан зиёд вақт ўтди, бизни бошланғич синфда ўқитган эдингиз”, – деди. Шундагина у энг одобли, доимо озода кийиниб келадиган аълочи ўқувчиларимдан бири эканини англадим.

– Оиланг тинч-омонми? Ўғил-қизларинг кўпайиб қолгандир, қайнота- қайноналаринг юришибдими? – каби саволлар берар эканман у шундай деди:

– Худога шукр, домла, уч фарзандим бор”, – деди..

– Ҳаётдан ўз ўрнинг топиб олибсан, демак, юракда армонинг қолмагандир?

– Э домла, бу дунё бир кам дунё экан”, –  дея юракда йиғилган дардини дастурхон қилди.

– Инсон улғайиб вояга етиб борар экан, шубҳасиз, тиниқ орзулар уммонига ғарқ бўлади. Айниқса, қиз боланинг бўй-басти чўзилиб, кўзга ташланар экан, қалбининг туб-тубида эзгу тилаклар уйғонади. Ҳаётдаги кўп орзуларим ушалди. Ота-онам қиз бола энг аввало бичиш-тикишни ўрганиши керак, дея ательега шогирдликка беришди. Яхши устозга шогирд бўлган эканман, уч ойда чеварликни мукаммал эгалладим. Буюртмалар қабул қилиб, аёллар кўйлакларини тикиб, анча танилиб қолдим. Чевар бўлганим боис чиройли кийинаман. Биласиз домла, ҳусну жамолимда нуқсон йўқ эди. Баъзи қизларга ўхшаб куёвга чиқмай туриб йигитлар сўзига учмадим. Эрталаб ишга бораман-у, кечки пайт қайтиб ота-онамга, келинойимга қарашаман.

Энг эзгу орзуларим ушаладиган пайт келган эди. Кунора уйимизга нотаниш меҳмонлар – совчилар кела бошлади. Кимдан, қаердан келмасин, ота-онам менга маслаҳат солиб, розилигимни сўрашар эди. Мен эса уларга “Ихтиёр сизларда, ахир кўп яшаган, кўпни кўргансизлар, фарзандингизга ёмонликни раво кўрмайсизлар-ку”, – дедим. Бўлажак куёв олий маълумотли, қайсидир қурилиш ташкилотида прораб экан. Ота-онаси совчи бўлиб келишганда, онам: ”Қизим кўпроқ иш билан андармон бўлиб, қозон-товоқ, рўзғор ишларига кўп ҳам аралашмаган, келинойилари бор учун. Шу боис кам-кўстини ўзингиз ўргатиб оласиз-да, қуда, яхши гапириб”, – деди. “Ким ҳам онасидан бекаму кўст туғилибди, билмаса ўргатамиз, ўғлим ёлғиз, келиним келин эмас, тўрт қизим қаторида бешинчи қизим бўлади, қуда, асло хижолат бўлманг”, – дея бўлажак қайнонам онамни овутган.

Бунга қаноатланмай ота-онам қудалар томонни роса суриштиришдии ҳам. Тақдир экан, қўшни  қишлоққа келин бўлиб тушдим. Камолиддин ака билан турмуш қурдик. Унинг қалби тозалиги, қўли очиқлиги, рўзғорни тушуниши менга ёқди. Қайнотамнинг хушфеъллигини айтмайсизми. “Қизим, қизим”, дея не иш қилсам алқайди. Аммо келин бўлиб тушган кунимдан қайнонамдан бирон илиқ сўз эшитмадим. Мақтамоқ тугул, ҳар бир ишимдан нуқсон қидира бошлади. Қайнонамнинг: “Нега ҳадеб қизим, қизим, деб арзимаган ишини мақтайсиз, нима, келин ёқиб қолдими?” – дея кайнотамга айтган сўзлари қулоғимга чалиниб қолди.

– Ҳой ахмоқ, нималар деб валдираяпсан, бундай дейишга қандай тилинг борди? – деди қайнотам жаҳли чиқиб. –  Ахир келининг ҳам бировнинг нуридийдаси, сенга биров ўз фарзандини 18-20 йил боқиб ўстириб, тарбиялаб, ҳунарли қилиб, шундоқ уйингга олиб келиб берса-ю, сен уни хўрласанг, тирноқ остидан кир қидирсанг, аввало ўзингни тарбиялаш керак. Уйимизга келган келин мисоли янги ўтқазилган кўчат, уни парваришлаш керак. Уни оиламиз муҳитига кўниктир, билмаганини ўргат, ётиғи билан тушунтир. Келиндан нуқсон топиб, ўтирса ўпоқ, турса сўпоқ қилаверсанг, мендан эшитадиганингни эшитасан”.

Бу оилада менинг тарафимни оладиган ҳам бор экан, дея хотиржам бўлдим. Қайнонамнинг айтганларини ўринлатиб юрдим. Афсуски, икки йил ўтгач, қайнотам саратон касалидан вафот этди. Энди оилада ҳоким қайнонам бўлиб қолди. Тўнғич ўғлим туғилгач, ишга боролмай қолдим. Замона ўзгариб, куёвимнинг ишхонаси ҳам тўхтаб қолди. Куёвим далага чиқиб кетди. Даладан ер олиб, турли сабзавотлар, шоли экдик. Бу оздек, бошқаларнинг ерини ҳам сотиб олдик. Икки ўғлим вояга ета бошлади. Далада бир ишни тамомласам, иккинчиси пайдо бўлади. Кечга чопиқ ёки ўтоқ қилиб, бирон экин пишса, уни йиғиштириш каби ишлардан ҳориб кеч қайтаман даладан. Оёқларимни ололмасам ҳам овқатга уннайман, уй йиғиштираман, кир юваман, сув ташийман. Қўйингки, рўзғорда иш ғиж-ғиж. Қайнонам лоақал, келиним даладан чарчаб келади, овқатни пишириб қўяйин, демайди. Ярим тунга борибгина озгина ором оламан.

Қизлик пайтимдаги тўлишган ранг-рўйимдан асар ҳам қолмади. Бетобланиб шифохонада ётдим. Қоним камайиб, бошим айланадиган хасталикка дучор бўлибман. Яна ота-онам асқотди. Дадамнинг обрўйи бор экан, дўхтирлар яхши қарашди, ота-онам дори-дармондан камситмади.

Куёвим ҳам бора-бора онасининг измидан чиқмай қолди. Мени ўғлига ёмонлаганини неча бор эшитдим. Уч фарзандимни ўйлаб ҳеч нарса демадим. Ота-онам ҳам қайнонам феълини тушуниб: “Қизим, қайнонангга гап қайтарма, оғзингга тош солвол. Шунда у жаврай-жаврай тинчиб қолади”, деганлари учун қайнонам қанча сайрамасин, сўкинмасин, парво қилмайдиган бўлиб қолдим.

Ўзга хонадонда ўн йилча яшаб, унинг муҳитига ҳам кўникиб қолдим. Аммо мени бир нарса изтиробга солади, наҳотки, шундай инсонлар бор, дея ўйланиб қоламан. Мана, қаранг, домла, ўғилларимизга суннат тўй қиладиган бўлдик. Қайнонам ҳеч кимга сездирмай ота-онам ҳузурига бориб: “Тўйга новвос олиб борсангизлар, мен уялиб қолмайин, ахир бутун қишлоқни чақирамиз, гўшт етмай қолса, тағин мулзам бўлманглар эл ичида”, – дебди. Дадам нуфузли хизматда ишлагани ва қишлоқда обрўйли инсонлардан бири бўлгани боис: “Элдан ортиқ қилсам қиламанки, кам бўлмайди, қуда, бу томондан хотиржам бўлинг”, дебди.

Ота-онам ва ака-укаларимнинг тўйимизга қўшган нарсаларини санаб саноғига етолмайсиз. Ўғилларимга, куёвимга, қайнонамга, қайнопаларимга икки сидрадан сарпо, уйни тўлдирадиган гарнитур, диван-кресло, гиламлар, телевизор, ошхона шкафларини олиб келишди. Тўйдан бир кун илгари катта новвос ва бир ёшга етмаган тойчоқнинг устига гилам ёпиб ясантириб келишди. Надоматлар бўлсинки, шунча иззат-ҳурмат кўрсатиб келган ота-онам ва яқинларимга қайнонам хушрўйлик бермади.

Қассобни чақириб новвоснинг ярим гўштини олдириб қўйди. Майли, ота-онам эҳсон қилиб олиб келдими, қандай ишлатишни ўзлари билсин. Куёвим ҳам онасига қарши биронта гап айта олмади. Тўй ўтди. Аммо ота-онам, туғишганларим олдида мени мулзам қилгани шу бўлдики, дадамга силон тўн, бир кўйлак ва чорси, онамга алмисоқдан қолган бир кийимлик кўйлак ва рўмол берди, ака-укаларим белига биттадан чорси боғлаб қўйди. Дурустроқ меҳмон қилолмагани устига, уларни менсимаганидан жуда аччиғландим. Аммо куёвимга бу ҳақда индамадим. Тўйдан кейин ўғлини чақириб, юз килоча гўштни қопга жойлаб, гузардаги қассобга опчиқиб берди.

Ота-онамга ичимдан тўлиб-тошиб йиғладим. Дадам кўнгли кенг, беғараз инсон бўлгани боис мени юпатди:

– Садқаи кўз ёшинг, фарзандларинг омон бўлишсин. Онангда ҳам, менда ҳам кийим-кечак тўлиб-тошиб ётибди, биз омон бўлсак, мол-дунё топилади. Биз асло хафа эмасмиз. Сен назарингни тўқ қил, қизим. Неки керак бўлса, топиб бераман. Ҳеч нарсани билмагандек юравер.

Уч ўғлим тирик етим бўлмасин, отасиз ўсмасин, дея қайнонамнинг қийнашларига, эримнинг камситишларига дош бериб, тишимни-тишимга қўйиб яшаб келмоқдаман, домла.

 

Мўйдинжон АБДУМАЖИДОВ,

Бозорқўрғон шаҳри..

 

боғлиқ хабарлар