ҚАДРИЯТ 

ҲАР  БИР  СЎЗ  АСЛИДА  ТИЛЛОДАН  ҚИММАТ…

«Оқбура» сайтининг муҳтарам ўқувчилари!

Камина “иш орасида” тарзида она шаҳримиз Ўш ва унинг теварагида ишлатиладиган, бироқ ҳали ўзбек адабий тили луғатларига киритилмаган элликдан ортиқ сўзни топиб, уларнинг ҳар бирини қисқача изоҳлаган бўлдим. Маълумки, ҳозир Ўзбекистоннинг ўзида ҳам ўзбек шеваларини илмий ўрганиш ишлари бирмунча эътибордан четда қолган; бозор иқтисодияти замонида яшаётганимизни бунга сабаб қилиб кўрсатадилар.

Албатта, бу гапда ҳам жон бор. Бироқ чатоқ томони шундаки, биз фақат бозор иқтисодияти давридагина эмас, улкан глобаллашув замонида ҳам яшаб турибмиз. Яъни, миллий ва маҳаллий ўзига хосликлар жуда тез йўқолиб боряпти.

Агар вақтида ёзиб олинмаса, тилимиздаги бу бебаҳо бойлик яна чорак асрдан кейин деярли йўқилиб кетиши ҳам турган гап. Шуни ҳисобга олиб, мен ушбу қайдларимни эътиборингизга ҳавола қилишга жазм этдим. Мақсад – ҳар биримиз ҳеч бўлмаганда ўнтадан фақат Ўшда, фақат Боткен томонларда, Ўзгандагина, Сузоқ ё Арслонбобдагина қўлланадиган мана шу каби шева сўзларимизни ёзиб, ўзаро ўртоқлашсак, анча-мунча нодир сўзларимиз йиғилиши турган гап.

Биргина илтимос, адабий тилда бор, аммо талаффузи сал бошқача бўлган сўзларни (тупроқ – турпоқ, сичқон – чичқон, қурут – қуртоп каби) ёзиб ўтиришдан маъно йўқ, адабий тил луғатларига киритилмаган сўзларни топиб киритишга уринайлик, лоақал ушбу материал чиққан сайтда мақоламиз остига “ пост” (муносабат) тарзида бўлса ҳам, ўзингизтопган сўзларни битиб юборишни сўрар эдик. Бу ҳам миллат ишига фидойиликнинг бир кўриниши, аслида.

Қуйида ўзим тўплаган сўзлар билан танишишингиз мумкин.

 

 

*     *     *

 

 

  1. Авзум – рўшнолик, ютуқ (шундан авзум топасанми – у ишдан сенга не фойда?)

 

  1. Ажойибхона – зоопарк.
  2. Алимсинмоқ – кўнгли рози бўлиши, қаноатланиши.
  3. Биришта – ҳадеб, тинимсиз, тўхтамай.
  4. Бирйўли – тамоман, бутунлай (бирйўли бошимга чиқволди, талтаяди).
  5. Булунғ – бурчак, чет жой (булунғ-бурчакларга қочаверма, ёнимга кел).
  6. Депсаш – босмоқ, оёқости қилмоқ.
  7. Дўвраш – тақлид қилиш.
  8. Жазвар – линейка
  9. Зўпидин – зўравон.
  10. Йўлаш (йўламоқ) – суямоқ, таянч бўлмоқ.
  11. Каранда – олифта, ўзига бино қўйган одам.
  12. Кепата – қиёфа.
  13. Кусамоқ – тусамоқ (кўнглим кусаб – кўнглим тусаб).
  14. Кўтариниб – совға олиб бориб.
  15. Миялак – қўлқоп.
  16. Мондала(моқ) – батафсил тушунтирмоқ (гапини мондалаб айтди)
  17. Муво қилиш – арзимаса ҳам қадрлаш, мақтаб, алқаш.
  18. Нах уриш – қоралаб, ерга уриш орқали баҳосини пасайтириш.
  19. Нечоғ – аллақачон.
  20. Олашовут – ёмғир аралаш ёққан қор.
  21. Отилган – қалбаки, сифатсиз маҳсулот.
  22. Парпи – кўнгилхиралиги.
  23. Полвон – экскаватор.
  24. Поскана – аблаҳ.
  25. Пўшкал – қуймоқнинг бир тури
  26. Пўқалос – бўшанг, кучсиз одам.
  27. Сўкир – қўпол, муомалани билмайдиган
  28. Сўмсайиб – хомуш бўлиб.
  29. Тойхар – эшакнинг боласи.
  30. Тўпа қилмоқ – иззат-ҳурмат кўрсатмоқ, эъзозламоқ.
  31. Тўғатмоқ – менсимоқ (у мени тўғатмайди – у мени менсимайди).
  32. Уда – бири ортидан бири туғилган (ўртада бошқаси йўқ) фарзандлар (улар ёшлигида кўп уришишса, “булар уда, шунга шунақа”, дейилади).

 

  1. Учқашиш – мингашиш (отга, велосипедга).
  2. Чўзағот – калхат (йиртқич қуш)
  3. Чўғол – бошқаларга кун бермайдиган, ожизларни аямайдиган одам.
  4. Ширдомол – палос, тўқиб ясалган кигиз.
  5. Широпча – суюқ қаймоқ.
  6. Шихт – совуқ, ёқимсиз қиёфа (Ҳе, шихтинг ўчсин!)
  7. Шиғаланғ – эрта баҳорда дарёда эриб оқадиган муз бўлаклари.
  8. Шопоқ – кўз жияги четларида тўпланадиган йиринг.
  9. Элов – анқов (одам), эловламоқ – анграйиш, ажабланиб ҳарёққа қараш.
  10. Ўзўхшатиш – ёлғондан ўзини зўр, бенуқсон қилиб кўрсатиш.
  11. Ўлатти – (қарғиш) ўлат теккур, қирилгур.
  12. Ўнака – ўрганиб қолиш, тарк бўлмайдиган одат (шу қилиқ бунга ўнака бўлиб қолган, ундай қилма, десанг ҳам қилаверади).

 

  1. Ўнтамоқ – беморнинг ихраши, заиф оҳ-воҳи (касал роса ўнтаяпти).
  2. Ўян – айб, камчилик, иллат.
  3. Қақитиш, қақитиб айтиш – пичинг қилиш, кесатиб гапириш.
  4. Қинғсиз – совуқ қилиқ, ёқимсиз одат (қинғсиз йигит экан).
  5. Қоқурум – шамоллашга қарши дори, қурутни қайноқ сувда ивитиб тайёрланади.
  6. Ҳаводор – раққосага, хонандага қистирилган пул.

 

Зуҳриддин Исомиддинов

боғлиқ хабарлар