САЛОМ БЕРИШ – СУННАТ, АЛИК ОЛИШ – ФАРЗ
Тун пардаси аста кўтарилиб, машриқ кумуш рангга кираётган паллада она заминнинг соф ҳавосидан мириқиб нафас олган ҳолатда маҳалла масжидига бомдод намозини ўқишга йўл оламиз. Суннат ва фарз адо этилгач, барча намозхонлар ташқарида тизилишиб, бирма-бир “Ассалому алайкум” деб сўрашиб салом берар эканмиз, биродаримиз ҳам “Ваалайкум ассалом” дея жавоб қайтаради. Беш вақт ибодатни адо этиш ниятида масжидга чиққан биродарлар бир-бири билан ҳол-аҳвол сўрашади.
Биз бу мақоламизда салом билан бошланган кунимизнинг фазилатлари, инсонларнинг бир-бирига ширин муносабатини, ўзаро ҳурмат ва меҳр-оқибатини зиёда қиладиган, душманни дўстга айлантирадиган сеҳрли сўз – салом ҳақида фикр юритмоқчимиз.
Бир-биримизни кўрганда ҳол-аҳвол сўраб саломлашиш ўртадаги тотувликни, дўстликни, биродарликни ва меҳр-муҳаббат ришталарини мустаҳкамлашга ҳизмат қилади. Хушмуомалалик, ширинсўзлик, хушхулқлик, самимийлик ва бошқа эзгу хулқ-атвор хусусида Қуръони каримда ва пайғамбаримиз (с.а.в.) ҳадисларида, донишмандлар асарларида кенг ёритилган. Қуръони каримда шундай марҳамат қилинади: “Қачон сизларга биров саломлашиш (ибораси) билан салом берса, сизлар ундан чиройлироқ қилиб алик олингиз ёки ўша (ибора)ни қайтарингиз. Албатта, Оллоҳ ҳар бир нарсани ҳисобга олувчи зотдир”. (“Нисо” сураси. 86-оят).
Имом Муслим пайғамбаримиз Муҳаммад (с.а.в.) дан шундай ривоят қилади: “Имонга келмагунча жаннатга кирмайсизлар, бир-бирингларни яхши кўрмагунча имонли бўлмайсизлар. Сизларга бир нарсани айтайми? Шу нарсани қилсаларинг, бир-бирингларни яхши кўрасизлар, саломни ораларингизда ошкор қилинглар”.
Агар биз Оллоҳнинг муқаддас каломини ва пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссалом ҳадисларини диққат билан ўқисак, уларда мусулмонларнинг бир-бирларига нисбатан ўзаро муҳаббатли, меҳр-оқибатли, хушмуомала, хушхулқлиги, самимий муносабатда бўлиши кераклиги кўп бора тилга олинган. Масалан: “Саломни ораларингда ошкор қилинглар” деган жумланинг теран маъноси бор. Бу билан биз фақат ўзимиз таниган, билган инсонларгагина эмас, йўлимизда ёки бирон ёт жойда дуч келган бегона мусулмонларга ҳам салом бериш зарурлиги айтилмоқда.
Бир яқин танишим саломлашиш туфайли топган, қариндошдан ҳам яқинроқ бўлиб қолган ўзбекистонлик дўсти хусусида айтиб берган эди. “Ўтган асрнинг 70-йиллари Тошкент шаҳридаги қариндошлар зиёратидан қайтаётиб, Тошкент-Андижон поездида йўлга чиқдим. Плацкартадаги жойга кирсам, ўзимдан беш ёшлар кичик бир йигит бор экан. Унга “Ассалому алайкум” деб салом айтувдим, у “Ваалайкум ассалом”, деб алик олди. Шу салом туфайли икковимизнинг гапимиз қовушиб кетди. Топганимизни ўртага қўйиб тамадди қилдик. У Андижоннинг Олтинкўл туманидан экан. Тошкентдаги укасининг ўқишидан хабар олгани борибди. Ўзи институтни битирган, муаллимлик қилар экан. Кенг ҳовлисига иссиқхона қурибди. Шундай қилиб Абдулатиф деган бу йигит бизни уйига таклиф этди. Меҳмони бўлдик, уни биз томонларга таклиф этиб, Арслонбобда дам олдик. Қарийб 30 йилдан зиёд яхши ва ёмон кунларимизда бир-биримизга суянчиқ бўлдик. Чегаралар очилгач, алоқалар тикланиб қолди. Самимий бир ширин калом етти ёт бегонани менга вафодор дўст қилиб қўйди”, – деди суҳбатдошим.
Саломлашиш, ширин каломли бўлиш душманни дўстга айлантиришини ўз ҳаётимда кўрдим. Иттифоқ даврида вилоят газетасида мухбир эдим. У пайтда газетанинг, журналистларнинг обрўси баланд эди. Танқидга учраган кимса ишдан олинар, ёки бирон жазога гирифтор бўларди. Савдо нуқтасида ишлаган бир ходим харидорлар ҳаққига хиёнат қилгани ҳақида газетада танқидий мақолам босилди. Мақола матлубот жамиятида муҳокама қилиниб, сотувчи ишдан четлатилди. Сотувчининг ака-укалари, тоға-жиянларининг менга нисбатан адовати кучайди. Ҳатто жонимга қасд қилиш ҳаракатида эканликлари ҳақида хабар келди. Мен ҳам ҳушёр юрдим. “Яхши гап билан илон инидан чиқади, ёмон гап билан қилич қинидан чиқади”, деган мақолга амал қилиб, улар қаршимдан чиқиб қолса, саломни тарк этмадим. Ҳозир ўша кекли ҳамқишлоқлар билан гоҳо чойхонада суҳбатлашамиз. Демак, ширин сўз ва хушмуомала билан душманни дўстга айлантириш мумкин экан. “Ассалому алайкум” (Сизга тинчлик, омонлик бўлсин) десангиз, душманингиз ҳам жаҳлдан тушиб, кеки йўқолиб, кўнгли сизга мойил бўлар экан.
Мусулмон одам ўзи танигану танимаган кишига салом бериши суннат ва яхши одобдир. Саҳобаи киромларнинг айтишларича: “Биз доимо Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи вассалламга йўлиқсак, аввал салом беришга ҳаракат қилар эдик. Лекин у зот биздан аввал салом бериб улгурар эди”.
Шайҳ Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф “Зикр аҳлидан сўранг” китобидан шундай ёзади: “Ҳаммамиз яхши билишимиз лозимки, салом бериш суннат бўлса, алик олиш вожиб бўлади. Сиз бир кишига салом бердингизми, ислом одобини адо қилдингизми, мусулмонлик ҳаққини бўйнингиздан туширдингизми, сиз шунга савоб оласиз. Саломингизга алик олган киши одоб юзасидан, суннат юзасидан, шариат юзасидан ўзига тушган масъулиятни адо этган бўлади. Энди мабодо алик олмаса, беодоблик қилса вожиб нарсани тарк этган бўлади. Сиз ундан ўксимаслигингиз ва салом бермай қўйсам бўлармикин деган хаёлга бормаслигингиз керак. Аксинча, салом беришда бардавом бўлинг, бунга савоб ёзилади. Алик олмаган одамнинг гуноҳи ўзига. Шунинг учун бу одобга амал қилмоқ керак.
Шайх ҳазратлари “Ижтимоий одоблар” китобида: “Салом бериш пайғамбар алайҳиссаломнинг кўрсатмалари (суннат), унга алик олиш эса Оллоҳ таолонинг буйруғи (фарз) ҳисобланади”, деб таъкидлаган.
Донишмандлардан бири Муҳаммад Содиқ Қошғарий “Одобус солиҳин” (Солиҳ кишиларнинг одоби) асарида: “Бошни эгмасдан қўлларни кўкракка қўйиб салом бериш тавсия қилинади, – деб ёзган. – Кўп кишига учраб қолган одам, уларнинг ҳар бирига алоҳида-алоҳида салом бермасин, ҳаммасига битта салом кифоя қилади. Ёши кичик ёши каттага, юриб кетаётган киши ўтирган одамга салом бериши лозим. Салом самимий бўлсин, салом олган киши бошини қимирлатибгина қўймасин, салом жавобини ҳурмат билан тўла-тўкис эшиттириб айтсин. Агар танишининг ёнига бориш имкони бўлмаса, ўша ердан туриб қўлни кўксига қўйиб салом ишорасини берсин”.
Биз салом берарканмиз, “Ассалому алайкум” деган арабча сўзнинг мағиз – маъносини билишимиз керак. Бу сўзнинг маъносидан бехабар баъзи ёшлар, хатто кексаларнинг ҳам уни бузиб “сомалайкум” (сизга ўлим бўлсин), “салом бердик”, “привет” каби бузуқ шаклларда айтишларига гувоҳ бўламиз. Мабодо, уйингизга меҳмон келиб, сизни қучоқлаб кўришишдан аввал: “Сомалайкум” – “Ўлим сизга” деса-ю, сиз эса унга: “Ваалайкум ассалом”, дея унга сиҳат-саломатлик тиласангиз, жуда даҳшат-ку!
Яна бир ҳолат кишини ўйлантиради. Ҳали орамизда муомала ва салом бериш борасида айирмачилик қиладиганлар ҳам учраб туради. Айрим амали юқори, бой-бадавлат, унвонлари бор кимсалар оддий кишиларнинг саломига алик олмайди, сўрашганда ҳам қўл учларини истамайгина узатади. Ана шу инсонлар амали, унвони, билими ва мол-дунёси ўзиникидан баланд ёки ҳеч бўлмаганда баб-баравар шахсларга нисбатан серсалом, хушмуомала ва серилтифот бўлади, қолганларни эса менсимайди. Қовоқ-тумшуғи солинган, калондимоғ, такаббур одам билан ҳеч бир кишининг дили хушнуд бўлмаган. Қўрс, совуқ муомаладан кўнгли ранжиган киши унинг юзига айтмаса ҳам ичида “Хайф сенга одамийлик”, дейиши турган гап.
Одамларнинг бир-бирларига салом беришлари, тинчлик, саломатлик тилашлари Одам алайҳиссалом давридан қолган. Оллоҳ таоло Одам алайҳиссаломга: “Эй Одам, бориб анави фаришталарга салом бергин, улар қандай жавоб қайтарсалар, шу сўзлар сенинг зурриёдларингнинг салом-алиги бўлади”, деди. Одам алайҳиссалом фаришталарга қараб: “Ассалому алайкум” деб салом берди ва фаришталар ҳам “Ваалайкум ассалом ва раҳматуллоҳ”, деб жавоб қайтардилар. Бу саломлашиш бизга Одам алайҳиссаломдан мерос бўлиб қолган, деганда шуни назарда тутганмиз.
Салом бериш ва саломга алик олиш мақбул бўлмаган ўринларда салом бериш макруҳ. Масалан, шатранж, нард, карта ва ҳар хил ўйинлар ўйнаётганларга, ўйин-кулгу йиғинидагиларга, бемаъни сўзловчиларга ва шунга ўхшаш тоифадаги одамларга салом бериш вожиб эмас. Шунингдек, Қуръон ўқиётганга, намоз ўқиётганга, азон ёки такбир айтаётганга, ҳаммомда ювинаётган кишига, ҳожатхонада ўтирганга, номаҳрам аёлларга, оғзида таоми бўлган кишига, ухлаётганга, дуо, хутба ўқиётганга, Ҳаж сафарида “Лаббайка” айтаётган кишига салом бериб бўлмайди.
Саломлашиш, салом бериш борасида жуда кўп мисоллар, донишмандларнинг доно сўзларини келтириш мумкин. Энг муҳими, биз ўз маънавиятимизни, хулқ-атворимизни тафаккур чиғириғидан ўтказиб турмасак, ўзимизда пайдо бўлган қусурлардан ҳалос бўлиш чорасини кўрмасак, ўз ахлоқ-одобимизни узлуксиз такомиллаштириб боришга интилмасак, инсон деган номга нолойиқ бўлиб қолишимиз мумкин. Пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссалом: “Салом Аллоҳнинг исмларидан биридир. Уни ораларингизда кенг ёйинглар”, деган. Шундай экан, саломлашиш бобида гўзал одоб-ахлоқимизни намоён қилайлик, бир оғиз ширин сўзимизни ўзгалардан дариғ тутмайлик.
Саъдий шундай ёзади:
“Ширин сўзли шилгай душман пўстини,
Дағал сўзли душман қилар дўстини”.
Энди эса Муқимийдан эшитинг:
“Минг салом этган кишига бир салом этсанг нетар,
Иззатинг тутганни сен ҳам эҳтиром этсанг нетар?”.
Расулуллоҳ (с.а.в.):”Қиёмат кунида мўминнинг амали тортиладиган тарозида энг оғир келадиган нарса чиройли хулқ эканини айтди. Гўзал хулқи билан охиратдаги олий даражага муяссар бўлади, ёмон хулқи билан охиратда жаҳаннамнинг энг тубига тушади”, деганида салом бериш ҳам энг чиройли хулқлар сирасига киришини назарда тутган. Шундай экан, айтмоқчимизки, биз таниш ёки нотаниш биродарни йўлдами, автобусдами, поезд ёки самолётдами, машваратдами, издиҳомдами, иш жойидами, телфонда сўзлашгандами, амалдор бўлсак қабулимизга киргандами, илиқ сўзимизни аямасак, Оллоҳга яқин бандалардан бўламиз.
Мўйдинжон АБДУМАЖИДОВ,
Бозорқўрғон шаҳри
