ШУҲРАТ ОРИФНИНГ КИТОБИ ТАҚДИМОТИ ДЎСТЛИК ВА АДАБИЁТ КЕЧАСИГА АЙЛАНДИ
21 апрель куни Ўш давлат университетида шоир Шуҳрат Орифнинг қирғиз тилида нашр этилган “44-куз” китоби тақдимоти бўлиб ўтди. Ушбу тадбир икки халқ адабий ҳамкорлиги ва дўстлигини мустаҳкамловчи маънавий кечага айланди.
Меҳмонлар университет биноси олдида тантанали кутиб олинди ва “Дўстлик” кўргазмаси билан танишди.
Бундай учрашув ва тақдимотлар ўзбек адабиётини хорижда тарғиб қилиш, туркий халқлар ўртасидаги маданий ва ижодий алоқаларни янада ривожлантиришга хизмат қилади. Йиғилиш давомида туркий халқларнинг адабий ҳамкорлиги келгусида ҳам изчил давом этишига ишонч билдирилди.
Унда Туркиялик ва Ўзбекистонлик меҳмонлар, давлат ва жамоат арбоблари, адиблар, адабиётшунослар, профессор-ўқитувчилар, талабалар, шеърият мухлислари қатнашди. Тақдимотда шунингдек, ТУРКСОЙ ташкилоти бош котиби, атоқли ёзувчи Султан Раев иштирок этди. Адабий мулоқот ва шеърият кечаси тадбирга алоҳида файз бағишлади.
Тақдимот маросимида Ўш давлат университети ректори Қудайберди Қожобеков, ТУРКСОЙ халқаро ташкилоти бош котиби Султон Раев, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси раиси ўринбосари Ғайрат Мажид, Ўзбекистон халқ шоири Усмон Азим, Қирғизистон Миллий ёзувчилар уюшмаси раиси маслаҳатчиси Бегижон Аҳмедов, Ўш давлат университети Филология ва маданиятлараро мулоқот институти профессори Гулина Жамғирчиева, китоб таржимони Гулумхан Исаева сўзга чиқиб, Шуҳрат Ориф ижодининг ўзига хос жиҳатлари ҳақида сўзлади

Шуҳрат Ориф замонавий ўзбек адабиёти ва журналистикасида ўз овозига эга ижодкор ҳисобланади. Унинг ижодидаги асосий ўзига хосликлар шундан иборатки, шоирнинг шеърлари ва лирик қатраларида ҳаётий кузатувлар фалсафий мушоҳадалар билан уйғунлашиб кетади. Унинг шеъриятида дунёни ва инсонни теран англашга интилиш кучли. Унинг лирикаси изтиробли, аммо самимий иқрорлардан иборат. Шеърларида инсон руҳиятининг энг нозик қирралари акс этади.
Ушбу китоб қирғиз тилига таржима қилиниб, Бишкекда нашр этилган. Бу Шуҳрат Ориф ижодининг туркий халқлар учун ҳам тушунарли ва яқин эканидан далолат беради. Китобда классик шеърий анъаналар билан замонавий руҳ уйғунлашган. Муаллиф оддий сўзлар билан инсон қалбининг энг мураккаб изтиробларини ифодалаб беради. Тўпламдаги шеърларда инсоннинг ўзлигини англаши, Тангрига бўлган ишқи ва дунёнинг ўткинчилиги ҳақидаги теран фикрлар марказий ўрин тутади. “44-куз”да шунчаки бир мавсум эмас, балки руҳий покланиш фасли тасвирланади.
Шуҳрат Ориф нафақат шоир, балки фаол журналист сифатида ҳам танилган. У ҳозирда Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси раиси вазифасини бажарувчи сифатида соҳадаги ислоҳотлар ва ижодий жараёнларни ривожлантиришда фаол иштирок этмоқда.
Шуҳрат Орифга Қирғизистон Миллий ёзувчилар уюшмасининг аъзолик гувоҳномаси ва белгисини топдирилди.
Тадбир давомида университет талабаларининг шеърий чиқишлари намойиш этилди, санъаткорларнинг қўшиқлари кечага файз бағишлади.
Тадбир сўнгида Шуҳат Ориф тадбирни ташкил этган мезбонларга ва йиғилганларга самимий миннатдорлик билдирди.
Ўз мухбиримиз
