ҚАДРИЯТ 

ШАВКАТ РАҲМОННИНГ ТЎЙИ

Ўзбекнинг улуғ шоири Шавкат Раҳмоннинг етмиш беш йиллиги ўтган йили кузда нишонланиши керак эди. Бироқ халқаро Турксой ташкилотининг бош котиби Султон Раевга бу ҳақда айтганимизда у киши, “Ия, Шавкат акамнинг юбилейи дейсизми? Биз бу юбилейни алоҳида, эсда қоладиган қилиб нишонлаймиз”, деб қолди. Аммо фурсат топиш анчага чўзилди. Мана энди, апрелнинг йигирманчи куни – савр ойининг энг латофатли бир айёмида Ўшда, шоирнинг армонига айланиб қолган бу латиф маъвода Шавкат Раҳмон таваллудининг чораккам бир асрлик тўйи катта тантана тарзида ўтди. Унда Қирғизистон давлат котиби, Турксой бош котиби, Туркия ва Озарбойжонлик адиблар қатнашдилар. Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси раисининг икки ўринбосари, бир қанча таниқли ижодкорлар (улар орасида Ўзбекистон халқ шоири Усмон Азим ҳам бор эди) иштирок этишди. Меҳмонлар орасида Қўқондан, Андижон ва бошқа шаҳарлардан келган шоирлар, шеършунос олимлар ҳам бор эди. Тошкентдан шоирнинг умр йўлдоши Манзура опа ва икки қизи ҳам етиб боришгани, Ўшдаги қариндошлари, юзлаб мухлислари қатнашгани айниқса файзли бўлди. Қирғизистонлик ўзбек ижодкорларининг “Илҳом” адабий клуби аъзолари мезбонлар қаторида камарбаста бўлиб турдилар. Анжуманда Ўзбекистоннинг Қирғизистондаги бош консули Зафаржон Аҳмедов ҳам иштирок этди.

Тўй якунида яқинда Тошкентда нашр этилган икки китоб – Шавкат Раҳмоннинг устози бўлмиш Турсунбой Адашбоевнинг ҳамда Шавкат Раҳмоннинг “Сайланма” тўпламлари китобхонларга тақдим этилди.

 

Ушбу тантана тадбири шеърият байрамига, миннатдор халқнинг ўз оташин шоирига муҳаббати намойишига айланди. У шоир орзу қилган ва шеърларида интиқ бўлиб куйлаган туркий халқларнинг ўзаро аҳиллиги, итифоқи байрами сифатида ҳам узоқ йиллар ёдда қоладиган бўлди.

 ШАВКАТ РАҲМОН ҲАҚИДА СЎЗ

Заҳириддин Муҳаммад Бобур номидаги ушбу санъат кошонасида туриб беихтиёр тилимга ҳазрати Бобурнинг олис ҳинд диёрида соғинч ила шаббодаларга хитоб қилиб битган қуйидаги сатрлари келди:

Эй ел, бориб аҳбобға, номимни дегил,

Кимки мени билса, бу пайёмимни дегил,

Мендин демагил, гар унутилғон бўлсам,

Кимки мени билса, бу саломимни дегил.

Бу салом барчаларимизга бирдек таалуқли, бирдек азиз.

Яқинда Андижоннинг Манак қишлоғида бир оилага кирдим. Ота қирғиз, она ўзбек миллатига мансуб, ота-она икки халққа ҳурмат тариқасида тўрт фарзандидан иккитасининг туғилганлик гувоҳномасига ўзбек, иккитасиникига қирғиз деб ёздирибди. Улар бизга айтдилар, кўринг, биз қанчалар бир бутунмиз, бизни биров ажрата оладими?

Ўзбек ва қирғиз халқлари асрлар давомида ана шундай бир-бири билан ёру қадрдон, қуда-анда, дўсту биродар бўлиб яшаб келади.

Адабиёт халқлар, миллатларни бир-бири билан яқинлашишида энг мустаҳкам кўприк бўлиб хизмат қилган. “Адабий дўстлик – абадий дўстлик” деган ҳикмат айнан ана шу борада айтилгандир.

Ўзбек ўқувчиси “Манас” достони, Тўқтағул, Чингиз Айтматов, Мар Бойжиев, Мурза Ғапаров, Тўлаган Қосимбеков каби кўплаб ёзувчилар асарларини қанчалар севиб ўқиса, қирғиз китобхонлари Алишер Навоий, Бобур, Ғафур Ғулом, Одил Ёқубов каби ўзбек ижодкорлари асарларини шунчалар муҳаббат билан мутола қилади.Шоирларимиз  ўз ижодида икки халқни шарафлаган шеърлар жуда кўп. Ардоқли ўзбек шоири Миртемир “Қирғиз халқига” шеърида қардошлик туйғуси жуда чиройли ифода этган:

                         

Бахти ёрқин, бут халқсан;

Тупроғи ҳам қут халқсан;

Дарёлари сут халқсан…

 

2022 йилда илк бор ўзбек тилида чоп этилган “Туркий адабиёт дурдоналари” 100 жилдлигида қирғиз адабиётининг 150 дан ортиқ вакиллари ижоди қамраб олинди. Бу ўзбек таржимонларининг қирғиз адабиётининг бугунги кунига қизиқиш билан қараётганликларини билдиради. Ўзбекистонда Тошкентдаги катта кўчалардан бирига Чингиз Айтматов номи берилиши, у ерда адибнинг ёдгорлиги ўрнатилиши, 2024 йилда Чингиз Айтматовнинг  10 жилдлик асарлар мажмуасининг нашр этилишидан икки халқ ҳам бирдек мамнун бўлди. 2025 йилда Қирғизистонда қирғиз тилида Абдулла Қодирий “Ўткан кунлар” романининг чоп этилиши адабий дўстлигимизнинг самарасидир. 2024 йилда таниқли қирғиз ёзувчиси Султон Раевнинг “Танланган асарлар” номли китоби ўзбек тилида чоп этилди. 2025 йил баҳорида Қирғизистон Ёзувчилар делегациясининг Ўзбекистонга ташрифи доирасида Қанибек Имоналиевнинг “Қирғизнома”, Роза Айтматованинг “Хат келди” китобларининг ўзбек тилидаги нашри тақдимоти бўлиб ўтди.  Туркий давлат кенгаши доирасида ташкил этилган Алишер Навоий номидаги халқаро мукофотга биринчи бўлиб Чингиз Айтматов лойиқ кўрилганлиги барчамизни қанчалар қувонтирди. Ўшда шаҳрида марказий кўчалардан бирига  Алишер Навоий номи берилиб, улуғ мутафаккир ҳайкалининг бунёд этилиши ҳам барчамизга чексиз хурсандчилик бахш этди.

Адабиётимизда шундай сиймолар борки, улар икки эл учун бирдек фарзанддир. Бу борада сўз кетганда улуғ шоирларимиз Турсунбой Адашбоев ҳамда Шавкат Раҳмонларни, бугунги кунда фаол ижод қилаётган Аҳмаджон Мелибоев, Зуҳриддин Исомиддиновлар номини тилга оламиз.

Бугун биз барчаларимиз ана шундай икки эл учун бирдек азиз бўлган,   Қирғизистонинг Ўш шаҳрида туғилиб камол топган, бетакрор шоир Шавкат Раҳмоннинг 75 йиллигига бағишланган адабиё анжуманга йиғилдик. Бу анжуманга халқаро Турксой ташкилотининг бош бўлаётгани барчаларимизга катта мамнуният бахш этади. Фурсатдан фойдаланиб мен ушбу тадбирни ташкиллаштиришдаги катта ёрдамлари учун халқаро Турксой ташкилоти, унинг бош котиби, Қирғизистон халқ ёзувчиси Султон Раевга, Ўш шаҳри ҳокимлигига, Бобур номли Ўш давлат театри жамоасига миннатдорлик билдираман. Биз билан бугунги анжуманга Шавкат Раҳмоннинг оила аъзолари, Ўзбекистон халқ шоири Усмон Азим, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси раиси ўринбосари шоир Ғайрат Мажид, Ўзбекистон Журналистлар ижодий уюшмаси раиси, шоир Шуҳрат Ориф, таниқли адабиётшунос олим, “Манас” асари таржимони, “Ўзбекистон-Қирғизистон” дўстлик жамияти раиси Зуҳриддин Исомиддинов, таниқли шоирлар Абдунаби Бойқўзиев, Муҳаммад Сиддиқ, Муҳиддин Абдусамад, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси Андижон вилояти бўлими раҳбари шоира Хуршидабону, Андижон давлат универстети профессори, профессор Баҳодир Раҳмонов, Қўқон давлат университети проректори, таниқли адабиётшунос олима Зебо Қобилова                                           ташриф буюришган.

Шавкат Раҳмон – бу сўз икки халқ учун бирдек азиз, бирдек муҳтарам. ХХ аср шеъриятини, халқимизнинг миллий мустақиллик учун кураш жараёни, машаққатли Мустақил тараққиёт йўли, миллий истиқлол тафаккурини шакллантириш борасидаги  ҳаракатлар тарихини устоз адибларимиз билан бирга Шавкат Раҳмон ижодисиз тасаввур қилиш қийин. Ана шу нуқтаи назаридан Шавкат Раҳмон ижоди дидли шеърхонлар томонидан энг кўп ўқиладиган поэтик асарлар сирасига кириши бежиз эмас.

Шавкат Раҳмоннинг «Рангин лаҳзалар» (1978), «Юрак қирралари» (1981), «Очиқ кунлар» (1983), «Гуллаётган тош» (1984), «Уйғоқ тоғлар» (1986), «Ҳулво» (1988) каби шеърий тўпламлари, «Сайланма» китоби адабиёт хазинасидан мунорсиб жой эгаллади. Шавкат ака Лорка («Сайланма», 1979), X. Р. Хименас, А. Альберти шеърларини ўзбек тилига таржима қилган.

Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси томонидан адибнинг 75 йиллигига бағишлаб “Танланган асарлар” китоби нашр этилди.

Ҳақиқий шеър шунчаки ёзилмайди. Шеър буюк маслак, армон, умид, севинч, изтиробдан туғилади. Шоир юрагидаги Дард, Ишқ ниҳоятда улуғ эди. Шунинг учун ҳам у шеърларидан бирида шундай ёзганди:  “Фақат ишқ, фақат ишқ, бошқаси сароб, бошқаси шамолнинг оний сурони”. Мустамлакачилик негизидаги иттифоқ даврида Шавкат Раҳмон шеърларидан ўзлик, миллий тафаккур, озодлик нафаси келиб турарди. Шавкат ака шоирликка ўта масъулият билан қарарди. “Оламни ғафлатдан огоҳлантирган Валийлар сингари бедор шоирлар” деган ибора шоир тилидан  бежиз айтилмаган эди.

Шоир “Ватан”ни қалбининг меҳр, поклик устувор энг чуқур тубларига  яширади:

Жойлашгансан шунчалар чуқур,

Ўз тубига яширган юрак.

Сенга етиб бормаклик учун,

Узун умрим етмаса керак.

Шавкат Раҳмон миллатлар эрки моҳиятидаги озод тафаккур, иймон, нафсоният, жасорат, фидойилик каби барча улуғ хислату фазилатларни мужассам ҳолида ифодалашга интилади:

Ҳаётим маънисин жуда кўп ўйлаб,

Сайладим сўзларнинг сараларини.

Ҳар бир сўз юз сўзнинг ўрнини босар:

Ватан, Халқ, Жасорат, Кураш, Озодлик.

 

Шавкат Раҳмон умрининг сўнгида битган бир шеърида шундай дейди:

 

Айт, эй хаста булбулим,

Ўшга қачон етамиз.

Яшил боғлар сарғарди,

Мағиз бўлди гужумлар

Абадият оралаб

Ўшга қачон етамиз?!

Икки эл мустақил тараққиёт йўлида юксак марраларни кўзлаб, қўлни қўлга бериб яшаётган, билан бир биримизга қучоқ очиб талпинаётган шу кунларда шоирнинг руҳи ҳам абадият оралаб Ўшни масрур кезиб юрган бўлса не ажаб!

 

Минҳожиддин Мирзо,

шоир, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси

раисининг биринчи ўринбосари

боғлиқ хабарлар