ҚАДРИЯТ 

“МАНАС” МИЛЛИЙ АКАДЕМИЯСИНИНГ ЎЗБЕКИСТОНГА САФАРИ

Шу йилнинг 16-17 апрель куни Қирғизистондаги “Манас” миллий академияси илмий жамоасининг Ўзбекистонга сафари уюштирилди. Бу сафар давомида ушбу илмий даргоҳ ходимлари Тошкент вилояти Юқоричирчиқ туманидаги Чинггиз Айтматов номидаги мактабда ҳамда Бўка туманидаги қирғиз тилида таълим берилувчи яна икки мактабда бўлишиб, ўқувчиларга қирғиз тилидаги бадиий асарларни, жумладан “Манас” эпосининг янги нашрларини тақдим этдилар.

Сафар якунида эса Бишкеклик меҳмонлар Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасида бўлишди. Уюшманинг халқаро анжуманлар залида уларни Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси раисининг биринчи ўринбосари Минҳожиддин Мирзо, уюшма раиси ўринбосари Ғайрат Мажид, “Жаҳон адабиёти” журналининг бош муҳаррири Аҳмаджон Мелибоев, Уюшма Бадиий таржима кенгаши раиси Зуҳриддин Исомиддинов ва бошқалар кутиб олиб, икки халқ адабиётидан ўзаро таржима қилиш, адабий ҳамкорликни янада кучайтириш масалаларини муҳокама қилишди.

Учрашувда «Ўзбекистон-Қирғизистон» дўстлик жамияти раиси, “Манас” эпосини ўзбек тилига таржима қилган манасшунос олим Зуҳриддин Исомиддиновга  “Манас” миллий академиясининг “Олтин тундук” кўкрак нишони топширилди.

Меҳмонлар “Манас” эпосини илмий тадқиқ этишдан ташқари, ушбу эпоснинг ноёб ижро услубини сақлаб қолиш ва уни келажак авлодга ҳам безалаҳат етказиш устида ишлаб, ёш манасчи оқинларга бу борада амалий ёрдам ҳам бериш билан шуғулланишади. Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасининг халқаро анжуманлар залида “Манас”ни таровати бузилмаган ҳолда таниқли ижрочилар томонидан ижро этиб кўрсатилгани ушбу учрашувга алоҳида руҳ бахш этди.

 

Ўз мухбиримиз

боғлиқ хабарлар