ҚАРДОШЛИК ФОРУМИ
Шу йилнинг 29-31 март кунлари Фарғона вилоятида “Марказий Осиё давлатлари ва Озарбойжон дўстлик форуми” бўлиб ўтди.
Бундай форумлардан кўзланган мақсад – халқларимиз ўртасидаги азалий дўстлик ва қардошлик ришталарини янада мустаҳкамлашдан иборат. Қардош халқларнинг бу каби мулоқоти ўзаро ҳамжиҳатликка, маданий-маърифий соҳадаги алоқаларни кенгайтиришга хизмат қилмоқда.
Марказий Осиё давлатлари ва Озарбойжондан ташриф буюрган фестиваль қатнашчилари “Фарғона” халқаро аэропорти ҳамда Марғилон темир йўл вокзалида тантанали равишда кутиб олинди. Миллий қадриятларга кўра, иштирокчиларга қадриятларимизга хос эҳтиром кўрсатилди.
Фарғона шаҳридаги Қиргули мавзесида жойлашган “Дўстлик уйи” рўпарасидаги файзли хиёбонда концерт дастури ташкил этилди. Унда қадрдон ва мумтоз куй-қўшиқлар, эстрада оҳанглари, қардош халқларнинг севимли тароналари жаранг сочиб, барчани шодон даврага чорлади.
Мусиқий дастурда ҳам бунёдкорлик ва яратувчанлик, инсоний фазилатлар ва эзгу қадриятлар тараннум этилиб, мамлакатларимизда тинчлик ва фаровонлик барқарор бўлиши учун энг яхши тилаклар билдирилди.
Ўтган йилнинг 31 март куни – Ўзбекистон, Тожикистон ва Қирғизистон чегарасида “Дўстлик стелласи” тантанали равишда очилган эди. Тадбир қатнашчилари Ўзбекистон туманида жойлашган ушбу мажмуада бўлиб, унинг пойига гуллар қўйишди.
“Марказий Осиё давлатлари ва Озарбайжон дўстлик форуми” доирасида турли мавзуларда маънавий-маърифий учрашувлар ҳамда байрам тантаналари бўлиб ўтди.
Форум иштирокчилари учун Фарғонанинг Қиргули мавзеида жойлашган “Дўстлик уйи” олдаги хиёбонда театрлаштирилган концерт дастури ташкил этилди. Қардош халқларнинг қадриятлари тараннум этилиб, миллатлараро дўстлик, тинчлик ва фаровонлик барқарор бўлиши учун тилаклар билдирилди. Қатнашчилар турли элларнинг ҳунармандчилик, миллий таомлар ва либослар кўргазмаси ҳамда халқ амалий санъати намуналари билан танишдилар.
Айни пайтда бу ерда 8 та миллий маданий марказ – тожик, қирғиз, турк, корейс, немис, татар, славян ва яҳудий марказлари самарали фаолият кўрсатмоқда. Юзма-юз мулоқотда ҳар бир марказ вакиллари ўз миллатининг урф-одатлар ва анъаналарни бадиий чиқишлар орқали намойиш этишди.
“Дўстлик стелласи” — қардош мамлакатлар ўртасидаги дўстлик, яхши қўшничилик, ишонч ва стратегик шериклик рамзи” мавзуидаги илмий-амалий конференцияда Қирғизистон Республикаси ўзбек миллий маданий маркази раиси Бахтиёр Қодиров, Ўзбекистон Қирғиз миллий маданий маркази раиси Раҳматилла Жабборов, “Ўзбекистон-Қирғизистон” дўстлик жамияти фаоли Шаҳзода Содиқовалар сўзга чиқиб Президентимиз Ш.Мирзиёевнинг яхши қўшничилик сиёсати туфайли қардош мамлакатлар ўртасидаги дўстлик алоқалари авж олганини таъкидладилар.
– Университетимизда ўттиз минг талаба таҳсил олади, уларнинг минг нафардан ортиғи турли миллат вакилларидир, – дейди Фарғона давлат университети ректори Баҳодир Шермуҳаммедов. – Бинобарин, ушбу анжуман университетимиз ёшлари учун муҳим, улар дўстлик анъаналарини давом эттиришга кўникма олишади.
– Ўзбекистон Президенти ҳурматли Шавкат Мирзиёев тожик халқининг ҳам фахридир, – дейди Тожикистон Сўғд вилояти ўзбеклар Маънавият маърифат маркази раиси Илҳом Юсупов. – У киши чегаралардаги очилмас дарвозаларни ёпилмас дарвозаларга айлантира олган давлат арбобидир.
Фарғона давлат университетида “Марказий Осиё давлатлари ва Озарбойжон дўстлигининг янги даври” мавзусига бағишланган конференцияда Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон ва Озарбойжондан ташриф буюрган олимлар, экспертлар ҳамда юртимиз вакиллари қатнашдилар. Конференция иштирокчиларини Фарғона вилояти ҳокими, Олий Мажлис сенати аъзоси Хайрулло Бозоров табриклади.
Ўзбекистон Республикаси Миллатлараро муносабатлар ва хориждаги ватандошлар масалалари бўйича қўмита раиси Қаҳрамон Сариев нутқ сўзлади.
Тадбир давомида бир гуруҳ фаолларга Ўзбекистон Республикаси Миллатлараро муносабатлар ва хориждаги ватандошлар масалалари бўйича қўмита томонидан “Халқлар дўстлиги” кўкрак нишонлари топширилди. Албатта, бундай эътибор янги-янги ташаббуслар сари рағбатлантиради.
Илмий-амалий конференция дастурига кўра, алоҳида-алоҳида йиғилишлар тарзида турли соҳалар бўйича профессор-ўқитувчилар, олимларнинг ўзаро тажриба алмашиши, илм-фан янгиликлари ва ҳамкорлик истиқболлари мавзуидаги қизғин суҳбатлар давом этди.
Қирғизистонда хизмат кўрсатган маданият арбоби, Қирғизистон, Ўзбекистон ва Озарбойжон Ёзувчилар уюшмалари аъзоси, “Қирғизистон-Ўзбекистон” дўстлик жамиятининг ижрочи директори Бегижон Аҳмедов ҳам сўзга чиқди. Анжуманда иштирок этганлар барчаси ўз она тилида – ўзбек, қозоқ, тожик, қирғиз ва озар тилларида сўзлашди, аммо Қирғизистондан келган икки вакил – Бахтиёр Қодиров билан Бегижон Аҳмедовларнинг негадир рус тилида маъруза қилишгани боисини тушунмай, тўғриси, ажабландим…
Дилмурод Қирғизбоев, журналист.
