КОМИЛ ОТАХОНОВ КИМ ЭДИ?
Таниқли жарроҳ, тиббиёт фанлари номзоди, профессор, Ўш вилоят соғлиқни сақлаш бўлимининг собиқ мудири, Қирғизистон жанубида тиббиёт тизимини ривожлантиришга катта ҳисса қўшган шифокор Комилжон Отахонов 1930 йили Жалолобод вилоятининг Кўкёнғоқ шаҳрида шахтёр оиласида туғилган.
1947 йили ўрта мактабни кумуш медал билан тамомлаб, Қирғизистон Давлат тиббиёт институтига ўқишга кирган, уни 1952 йили тамомлагач, Жалолобод вилояти Октябрь тумани касалхонасига фтизиатр этиб юборилган. Кўкёнғоқ шаҳар касалхонасида хирург бўлиб ишлаган. 1953 йили Кўкёнғоқ шаҳар соғлиқни сақлаш бўлими мудири, 1955 йили Кўкёнғоқ шаҳар касалхонаси Бош шифокори этиб тайинланган.
1959 йили Ўш ва Жалолобод вилоятлари бирлаштирилганда Ўш вилоят соғлиқни сақлаш бўлими мудирининг ўринбосари, вилоят касалхонасининг хирурги этиб тайинланган. 1964 йилдан 1985 йилгача – йигирма бир йил Ўш вилоят соғлиқни сақлаш бўлими мудири лавозимида фидокорона меҳнат қилган.
1985 йилдан Ўш вилоят сил касалликлари диспансерининг бош шифокори. 1998 йили Ўш Давлат университетида кафедра мудири, Профессор.
2005 йилдан Қирғизистон Давлат тиббиёт олийгоҳининг врачлар малакасини ошириш факультети декани бўлиб фаолият юритган.
Алишер Навоий айтади:
Нафъинг агар халққа бешак дурур,
Билки бу нафъ ўзингга кўпрак дурур.
Яъни, инсон хизматлари туфайли халққа бирор фойда келтирар экан, бу билан ўзига кўпроқ наф етказади, элнинг эзгу дуоларига сазовор бўлади.
Таниқли жарроҳ Комилжон Отахоновни Ўшда ёши улуғ инсонларнинг барчаси танийди. Қирғизистонда етук жарроҳ сифатида унинг ишларига тан бериб, номини чукур эҳтиром билан тилга оладилар.
Жарроҳ сифатида билим, тажрибаси ва жамоа юмушларидаги ташкилотчилиги, ташаббускорлиги билан Комилжон ака бирин-кетин муваффақиятларга эришди. 1964 йилда Ўш вилояти соғлиқни сақлаш бўлимига ишга тайинлангандан кейин атрофига кучли мутахассисларни тўплай бошлади. Жарроҳ Юсуф Қосимов, терапевт Суламиф Машковская, акушер Миҳаил Герман, педиатр Любовъ Шаманина, эпидемиолог Василий Катькалов кабилар шулар жумласидандир. Вилоят касалхонасига дастлаб А. Вдовиченко, кейинчалик В. Сергеевни ишга тайинлади.
Комил Отахонов тиббиёт муассасаларининг моддий-техника базасини мустаҳкамлаш, кадрлар билан таъминлашда жуда катта ишларни амалга оширди. Республика жанубида кадрлар етишмаслигига барҳам бериш мақсадида Республика раҳбарияти розилигини олиб, Тошкент тиббиёт институти билан келишган ҳолда, бу институт талабалигига Ўш ва Жалолобод шаҳарларида кириш имтиҳонлари олинишига эришди.
Комил Отахонов раҳбарлигида 1970 йилнинг ўрталарида Ўш вилояти кўп тармоқли касалхонаси биноси қурилди. Давлат капитал жамғармалари, маҳаллий бюджет ҳамда колхоз ва совхозлар ҳисобидан йирик шаҳар ва туман касалхоналари қурилишига катта аҳамият берилди. Унинг жонбозлиги билан Ўрта Осиёда биринчи бор 600 ўринли Ўш кўп тармоқли болалар касалхонаси қурилди. Шунингдек Сузоқ, Аравон, Қорасув, Олабуқа туманлари ҳўжаликлари ёрдамида колхоз идоралари даволаш масканларига ўтказиб берилди. Тез тиббий ёрдам кўрсатиш станциялари ташкил қилинди. Вилоят касалхонаси қошида санитар авиацияси бўлими очилиб, АН, ЯК-10 санитар самолётлари, учта «Тез ёрдам» машинаси билан таъминланди.
Ярим асрдан кўпроқ вақт тиббиётимиз равнақи йўлида ўз билими, иқтидори ва фидокорона меҳнатларини сарфлаган таниқли жарроҳ Комил Отахонов «Қирғизистон Республикасида хизмат кўрсатган врач» унвонига лойиқ кўрилди. Унинг 67 илмий ишлари матбуотда босилган.
Кўкёнғоқ ва Ўш шаҳарларининг фаҳрий фуқароси, меҳнат фаҳрийси, Қирғизистон Давлат тиббиёт институтининг фаҳрий профессори бўлди.
«Меҳнат Қизил Байроқ», икки «Ҳурмат белгиси», III даражали «Манас», «Данк» орденлари ва кўплаб медаллар, Қирғизистон Парламентининг олтита ёрлиғи ва Қирғизистон Республикаси Президентининг фахрий ёрлиғи билан тақдирланган. СССР соғлиқни сақлаш вазирлиги ва бир қанча жамоат ташкилотлари аълочиси. Кўкёнғоқ ва Ўш шаҳарлар кенгашларининг 9 марта депутати, 3 марта Ўш вилояти партия қўмитаси аъзоси бўлиб сайланган.
Етук шифокор, тиббиёт фанлари номзоди Комил Отахоновнинг улуғ хизматлари, фидойилик ва илм машаққатлари билан кечган ҳаёт фаолияти авлодлар учун ибрат мактабидир.
Сермазмун умр кечирган таниқли олим, жарроҳ Комилжон Отахонов 2019 йил Ўшда вафот этган. Ўшдаги «Қайирма» қабристонига дафн этилган.
Одилжон Дадажонов





