ЖАМИЯТ ҚАДРИЯТ 

“Оқбура” сайтининг азиз мухлислари!

Қуйида эътиборингизга ҳавола этилаётган шеър 1964 йилда Ўш вилоят “Ленин йўли” газетаси эълон қилинган. Гап шундаки, ўша кунлари улуғ қирғиз оқини Тўқтағул таваллудининг юз йиллиги Қирғизистонда кенг нишонланган. Газета таҳририятининг бир гуруҳ ходимлари  – Қўлдош Бекмирзаев, Даврбек Дадажонов, Аҳмаджон Мелибоев, Маъмуржон Аҳмедовлар ҳам бундан четда турмай, ушбу жамоавий шеърни ёзиб, оташин шоирга ўз ҳурматларини изҳор қилган эдилар.

Бундан олтмиш бир йил аввал чиққан ушбу асарни бугунги кунда нафақат 150 ёшдан ошган Тўқтағулнинг хотирасига, шу билан бирга унинг энди орамиздан кетган айрим муаллифлари хотирасига ҳам бир ёдгорлик ўлароқ тақдим этяпмиз.

Зуҳриддин Исомиддинов

ТЎҚТАҒУЛ

Марҳамат, биродар, давримизга кел,

Тўқтағул тўйига келди бутун эл.

Ўзбекка ҳам тўйдир қирғизнинг тўйи,

Қирғизга ҳам ўйдир ўзбекнинг тўйи.

 

Жўр бўлсин, жўр бўлсин рубоб ва қўмиз,

Гоҳ қўшиқ, гоҳида байт айтамиз.

Куйларда таърифлаб дил шукуҳини,

Сарафроз этайлик оқин руҳини…

 

Ичкилоб тонгининг жасур жарчиси,

Куйидан елувчи қардошлик саси.

Эй қириз оқини Тўқтағул оға,

Шу ғазал шаънингга бўлсин садаға.

 

Қайноқ дил қаърила айтамиз қўшиқ,

Номингни эъзозлаб, қўшиққа қўшиб.

Қабул эт шеъримиз – юрак тафтини,

Биз сенинг куйларинг ошиқ – мафтуни.

 

…Қўмизинг куйлади ҳақиқат – ростни,

Душманни йиғлатиб, кулдирдинг дўстни.

Шу сабаб биз сени севамиз дилдан,

Қўшиқда куйлаймиз, қўймасдан тилдин.

 

Қирғиз элатининг фахри-ғурури,

Куйларинг элингни орзу-сурури.

Тўқтағул, элсевар, эркпарвар оқин,

Қирғиз ашъорига бош сарвар оқин.

 

Лоф бўлмс қирғизнинг Пушкини десак,

Навоий мисоли, жўшқини десак.

У қирғиз элининг асл ўғлони,

Шеъриятнинг Манас каби полвони.

 

Уни устоз дея билсак, не ажаб,

Барчага ҳам кўз-кўз қилсак не ажаб.

Юртингни бағрида қолгандир изинг,

Эл аро қолгандир қўшиғинг, сўзинг…

*     *     *

Оқариб кўринар тоғларнинг боши,

Юз бекат кўрибди Тўқтағул ёши.

Шу ёшни биз бугун дилдан эъзозлаб,

Қўмизинг торини янада созлаб,

Ўлтириб даврада сатрлар битдик,

Кўпчилик амрини биз адо этдик.

1964 йил.

 

боғлиқ хабарлар