ЎШДА АДАБИЁТ, САНЪАТ ВА МАДАНИЯТ БАЙРАМИ”
15-октябр куни Ўш давлат университетида катта маданий-маърифий тадбир — “Ўзбек адабиёти, санъати ва маданияти кунлари” бўлиб ўтди.
Тадбир Ўш давлат университетининг ташқи ишлар бўлими, Филология ва маданиятлараро коммуникация институти, Алишер Навоий номидаги ўзбек тили, адабиёти ва маданияти маркази ташаббуси билан ташкил этилди.
«Байрамнинг бош мақсади икки қардош халқ — қирғиз ва ўзбек эллари орасидаги маданий алоқаларни мустаҳкамлаш, адабий ҳамжиҳатликни ривожлантириш ва ёшлар онгида миллий қадриятларга муҳаббат туйғусини уйғотишдан иборат» – деди тадбир ташкилотчиси, доцент Оқибатхон Исманова.
Тадбир икки давлат мадҳияси билан бошланиб, уни Ўш давлат университетининг ташқи ишлар бўйича проректори, биология фанлари номзоди, Қурсан Аттоқуров очиб берди. Барча тадбир иштирокчиларини бугунги байрамона тадбир билан қутлади. Жумладан, университет тарихига ҳам тўхталиб, унинг кеча ва бугуни ҳақида маълумот берди.
Тадбир давомида талабалар ҳамда устозлар томонидан ўзбек ва қирғиз шеъриятидан намуналар ўқилди, куй-қўшиқлар ижро этилди, саҳна кўринишлари намойиш қилинди.
Фарғона давлат университети, Наманган давлат университети, Қўқон университети, Қозоғистоннинг ЎшДУдаги Қозоқ тили ва маданияти маркази, Б. Сидиқов номидаги қирғиз-узбек университети ва ЎшДУнинг коллеж, институтлари талабалари қирғиз ва ўзбек халқининг халқ амалий санъати, миллий кийим матолари, тасвирий санъат, ҳунармандчилигига оид кўргазмалари билан иштирок этдилар. Кўргазма икки халқ миллий либослари намойиши, қўшиқ, рақс, куй, бадиий ўқишлар билан давом этди.
Алишер Навоий, Чингиз Айтматов каби туркий халқлар сўз санъатининг буюк сиймолари ҳақида ҳам ажойиб фикрлар айтилди.
– Тадбир барчага бирдек манзур бўлди, менимча, – дея эътироф этди меҳмонлардан бири, Фарғона давлат университети «Тановор» вокал ансамблининг бадиий раҳбари Муяссархон Очилдиева. – Бу нафақат адабий, балки маданий бирдамликнинг ҳам гўзал ифодасидир.
– Бундай анжуманлар аввал ҳам кўп бўлган ва яна олдинда бундан-да катта режаларимиз, илмий учрашувларимиз бор, биз доим яқин қўшнилар билан кўпроқ алоқа қилишга, борди-келдиларни кўпайтиришга ҳаракат қиламиз, сиз, азиз меҳмонларимиз учун Университет эшиги доим очиқ, – деди ЎшДУнинг филология ва маданиятлараро коммуникация институти директори, педагогика фанлари номзоди, доцент Олжабой Шаимкулов.
Тадбирдан сўнг меҳмонлар ва мезбонлар Бобур номидаги Ўш ўзбек давлат академик мусиқали драма театрига келиб, бу ерда Тошкентдаги Муқимий номли академик драма театри ижодкорлари томонидан тайёрланган “Қайтар дунё” спектаклини томоша қилдилар.
Барно Исоқова