УМР КИТОБИНИНГ 75- САҲИФАСИ

“…фақат мангуликка хизмат қиладиган, адолатга хизмат қиладиган

баланд шеърият борлигини, қолажагини биламан.”

(Шавкат Раҳмон )

    Куни кеча Ўзбекистон ёзувчилар уюшмасида атоқли шоир Шавкат Раҳмон таваллудининг 75 йиллиги катта тантана қилиб нишонланди. Кун аввалида уюшма раҳбарияти вакиллари, дўстлари ва шогирдлари шоирнинг қабрини зиёрат қилиб, фотиҳа ўқиб қайтишди. Уюшма фойесида сўз санъаткорининг ўзбек ва бошқа тилларда нашр этилган китоблари, фотосуратлари кўргазмаси ташкил қилинди.

Шоир ва ёзувчилар, Шавкат Раҳмоннинг оила аъзолари, адабиёт ихлосмандлари, ижодкор талабалардан иборат мажлисни Ўзбекистон халқ шоири, Уюшма раиси Сирожиддин Саййид очиб, Шавкат Раҳмон ҳақидаги хотираларини сўзлади ва унинг нашрдан яқиндагина чиққан “Танланган асарлар”ини тўпланганларга кўрсатди. Ўзбекистон халқ шоири Усмон Азим эса шоир дўсти ҳақидаги хотираларини баҳам кўрди.

Олимлардан Зуҳриддин Исомиддинов, Раҳмон Қўчқор, Муслимбек Йўлдошев ва Хайрулла Ҳамидов бу шавкатли ижод сеҳри хусусида фикр юритган бўлсалар, Ўшлик шогирди, шоир, Заҳириддин Муҳаммад Бобур номидаги Ўш ўзбек академик мусиқали театр директори Аъзам Раҳим Шавкат Раҳмон асарлари Жанубий Қирғизистон ўзбек мактаб ларсликларига киритилгани, бундан ўттиз йил муқаддам ташкил этилган музейи ҳақидаги тафсилотларга тўхталди. У билан бирга Ўшдан ташриф буюрган ширали овоз соҳиби Илҳомжон Маматохунов эса Шавкат Раҳмонга бағишланган шеърга басталанган қўшиқни тўпланганлар ҳузурида куйлаб берди.

Шоирнинг рафиқаси Манзура ая у билан кечирган умр лавҳаларини ҳикоя қилди.

Халқаро Турксой ташкилоти раҳбарияти атоқли ўзбек шоири, таржимон Шавкат Раҳмон юбилейини шу йилнинг октябрь ойида у туғилиб ўсган Ўш шаҳрида янада шукуҳли қилиб ўтказишни режалаб турибди. Унга қадар эса ардоқли шоиримиз ҳақида жияни, таниқли  публицист Ўктамбек Каримов қаламига мансуб “Менинг Шавкат Раҳмон акам” деган эссе ҳам Тошкентда, «Ўзбекистон-Қирғизистон» дўстлик жамияти ҳамда “Ватандошлар” жамоат фонди ҳамкорлигида китоб ҳолида нашр этилиб Ўшдаги тантана қатнашчиларига тортиқ этилади, иншооллоҳ.

 

Зуҳриддин Исомиддинов

боғлиқ хабарлар

Изоҳ қолдиринг