Навоий кўчаси замонавий 6 чизиқли йўл сифатида қайта очилди
Ўш шаҳрида йўл инфратузилмасини янгилаш ва шаҳар аҳолиси учун қулайликлар яратиш борасида кенг кўламли ишлар олиб борилмоқда. Шу каби муҳим лойиҳалардан бири сифатида шаҳарнинг энг катта ва аҳоли ҳаракати серқатнов бўлган магистралларидан бири — Алишер Навоий кўчаси тубдан реконструкция қилиниб, тантанали равишда фойдаланишга топширилди.
Алишер Навоий кўчаси нафақат Ўш шаҳрининг транспорт тизимида, балки унинг маданий ва тарихий ҳаётида ҳам муҳим аҳамият касб этади. Бу кўча шаҳарнинг шарқий ва ғарбий қисмларини ўзаро боғлаб турувчи асосий магистрал йўл сифатида хизмат қилади. Ҳар куни минглаб транспорт воситалари ва пиёдалар айнан шу кўча орқали ҳаракатланади. Шу боисдан ҳам унинг қайта қурилиши шаҳар аҳолиси ҳаётида катта воқеа сифатида баҳоланмоқда.
Алишер Навоий кўчаси Ўш шаҳрининг энг қадимий магистралларидан бири ҳисобланади. У ХХ аср бошлариданоқ шаҳарнинг асосий йўлларидан бири сифатида хизмат қилган. Бу йўл орқали шаҳар маркази қишлоқлар ва ташқи туманлар билан боғланиб келган.
Собиқ Аравон кўчаси Аравонга олиб борувчи кўча сифатида пайдо бўлган.Шўролар даврида Э. Тельман номи билан юритилган. 1991 йилда эса ўзбек адабиётининг асосчиси, улуғ мутафаккир ва давлат арбоби Алишер Навоий таваллудининг 550 йиллиги муносабати билан кўчага Хазратнинг номи берилган.
Сўнгги йирик таъмирлаш ишлари 40 йил аввал амалга оширилган бўлиб, ортиқча ҳаракат оқими сабабли замон талабига жавоб бермай қолган эди. Шу боисдан унинг замонавий талабларга мос ҳолда қайта қурилиши шаҳар ҳаётида катта аҳамиятга эга бўлди.
Янгиланган йўлнинг очилиш маросими кенг жамоатчилик иштирокида ўтди. Унда шаҳар раҳбари Женишбек Токторбаев, шаҳар кенгаши раиси Болот Баетов, маҳаллий аҳоли вакиллари ҳамда турли ташкилотлардан меҳмонлар қатнашдилар. Маросимда сўз олган шаҳар раҳбарлари ушбу лойиҳанинг аҳамиятини алоҳида таъкидлаб, йўл инфратузилмасини ривожлантириш борасидаги ишлар келгусида ҳам изчил давом эттирилишини маълум қилдилар.
Шунингдек, тадбирга Аъзамжон Абдураззоқов раҳбарлигидаги Бобур номидаги Ўш давлат академик ўзбек драма театри жамоаси ҳам ташриф буюриб, бадиий чиқишлари билан маросимга байрамона руҳ бағишлади. Театр ижодкорларининг саҳна кўринишлари ва қўшиқлари тантана иштирокчиларида катта таассурот қолдирди.
Реконструкция ишлари натижасида Алишер Навоий кўчаси замонавий талабларга жавоб берувчи, кенг ва қулай йўлга айланди. Йўлнинг умумий узунлиги 2,6 километрни ташкил этади, кенглиги эса 26 метрга етказилди. Бу эса йўлни 6 чизиқли ҳаракат йўлагидан иборат қилиб қайта қуриш имконини берди.Шу билан бирга, йўл атрофидаги муҳандислик тармоқлари ҳам янгидан ташкил этилди. Замонавий асфальт қопламаси ётқизилди, кўчани айланиб ўтувчи ариқлар ва сув чиқариш тизими замонавий тарзда қайта қурилди. Бу эса ёмғир мавсумида сувнинг тўпланиб қолиши ва ҳаракатга тўсқинлик қилиши ҳолатларининг олдини олади.
Янги йўл нафақат транспорт воситалари учун, балки пиёдалар учун ҳам қулайлик яратади. Яқин кунларда кўчанинг икки томонида замонавий пиёда йўлаклари қурилиши режалаштирилган. Бу йўлаклар аҳоли ва сайёҳлар учун хавфсиз ва қулай ҳаракатланиш имконини тақдим этади.
Шунингдек, ариқларга замонавий лотоклар ўрнатилиши, кечқурун шаҳар аҳолиси ва ҳайдовчиларнинг хавфсизлигини таъминлаш мақсадида йўл бўйлаб замонавий чироқлар жойлаштирилиши белгиланган. Ёритиш тизими энергия тежамкор усулда ташкил этилиб, шаҳарнинг кечки қиёфасига ҳам ўзига хос чирой бағишлайди.Йўл белгиларини янгилаш, пиёдалар ўтиш жойларини белгилаш, ҳайдовчилар учун қулай светофор тизимини жорий қилиш каби ишлар ҳам режа асосида амалга оширилади.
Маҳаллий аҳоли Навоий кўчасининг янгиланишидан катта мамнунлик билдиришди. Улар таъкидлашича, кўчанинг янги қиёфаси нафақат ҳаракат қулайлигини, балки шаҳарнинг эстетик кўринишини ҳам сезиларли даражада юксалтирган.
«Навоий кўчаси — Ўшнинг юраги ҳисобланади. Унинг янгиланиши шаҳарга кўрк бағишлайди, йўл четидаги дарахтлар ва ёритгичлар билан янада чиройли манзара ҳосил бўлади. Бу кўчадан ҳар куни ўтамиз. Илгариги ҳолатида тирбандлик кўп бўларди, айниқса, ишга кетиш ва ишдан қайтиш пайтларида ҳаракат жуда қийинлашарди. Энди эса кенг ва равон йўлда ҳаракат анча енгил бўлади», — дейди маҳалла фаолларидан бири.
Алишер Навоий кўчасининг замонавий кўринишда қайта очилиши нафақат транспорт тизимини енгиллаштириш, балки иқтисодий фаолиятга ҳам ижобий таъсир кўрсатиши кутилмоқда. Чунки йўл инфратузилмасининг яхшиланиши савдо-сотиқ ва хизмат кўрсатиш соҳаси ривожига, туризмнинг ортишига, шаҳарнинг умумий инвестициявий жозибадорлиги ошишига хизмат қилади.
Шу тариқа, Навоий кўчасининг замонавий 6 чизиқли йўл сифатида қайта очилиши — бу нафақат йўл қурилишидаги ютуқ, балки Ўш шаҳрининг янги қиёфаси ва ривожланиш йўлидаги навбатдаги муҳим қадам ҳисобланади.
Одилжон Дадажонов