НЕКИ БЕРСА ХУДО, АНДЕША АЙЛАНГ, САХО БИРЛА МУРУВВАТ ПЕША АЙЛАНГ

Ўзбекнинг улуғ шоираси Нодиранинг мана бу ғазали ёдингиздами:

Қилмағил зинҳор изҳор эҳтиёж,
Ким азиз элни қилур хор эҳтиёж.

Мустаманд этти мени муҳтожлик,
Қилди ҳожатмандинг, эй ёр, эҳтиёж.

 

Ушбу байтларни булбул хонандамиз Толибжон Бадинов зўр ашула қилиб айтгани ҳам эсингизга тушган бўлса керак, албатта.

Юқоридаги икки байтнинг биринчисида шоира одамлардан бирон нарсани тилаб-сўрамаслик кераклигини, густоҳлик энг азиз кишиларни ҳам хор-забун қилишини уқтиради, кейинги байтда эса ёрга – халлоқи оламнинг ўзига юзланиб, муҳтож бўлганини айтади.

Дарҳақиқат, барча мўмин-мусулмоннинг ёлғиз умиди ва ишончи Оллоҳ таолонинг ўзидир. Фақат ундан тилаймиз, фақат унга эҳтиёжимизни изҳор қиламиз. Бировдан мадад тилаш кишини ерга уради.

Аммо шуниси ҳам ҳақиқатки, парвардигор эгам ўзи ато этувчи неъматларни улашишда гоҳо баъзи кишиларни восита қилиб қўяди, уларнинг қўли билан беради. Ўтмиш замонларда бир тоифа зоҳидлар, кимдир бирон таом, кийим ёки маблағ ҳадя қилса, индамай қабул қилган, ташаккур айтмаган, раҳмат демаган, ҳатто дуо ҳам қилмаган – буларни раззоқ эгам ато қилди, сен унинг амрини бажаряпсан, холос, дейишган. Буни тўғри деб қабул қилиш – имон кучи билан бўлади, демак, бой кишилар тақсим қилиш вазифасини худойи таоло менга юклабди, дея ниҳоятда ҳушёр, сахий бўлишлари, мискин ва муҳтожларнинг ҳаққини адо этишлари керак.

Албатта, ҳозир замон бошқа. Энди ҳатто ўз фарзандинг ҳам миннатдорчилик билдиришингни кутади.

Тақдирнинг ажойиботини қарангки, беш қўл баравар эмас. Айримлар бой-бадавлат ҳаёт кечиради. Гарчи анча ақлли, билимли ва зеҳнли бўлса-да, бир тоифа одамлар камхаржликдан сиқилиб кун кўради. Унинг не ҳикмати бор – бу ҳам ваҳҳобу раззоқ эгамнинг ўзига аён.

Бугунги дунёда бойлар янада бойиб-битиб, йўқсиллар эса тобора қашшоқлашиб боряпти. Шу ҳолда кун кўряпмиз. Фақат бизда эмас, ҳатто исломиятнинг бешиги бўлган юртларда ҳам айш-ишратга берилиш, куфр ва мубоҳ ишларга миллиардлаб доллар пул сочиш, номаъқул ишларни қўллаш авжида. Бу дин-диёнатимизнинг асл руҳига қай даражада мувофиқ келади, невлай. Лекин хаёлимга келадики, агар бир юртнинг энг бой одами ҳар йили даромадининг қирқдан бирини (закот) шу элдаги энг қашшоқ одамга эҳсон қилса, ундан кейинги бой эса яна бир эҳтиёжи энг кўп одамни топиб ҳадя этса, охир-оқибат, шу мамлакатдаги энг камбағал билан энг бой киши орасидаги фарқ қирқ бараварга етар-етмас бўлади. Бундай элда ижтимоий адолат тантана қилади, барака ёғилади. Ҳолбуки, бировда 10 доллар ҳам йўқ, кимдир эса 10 миллион долларини янада кўпайтириш ташвишида, фарқ – қирқ эмас, нақ миллион баравар!

Камина бировнинг ақчасини санашдан ҳазар қиламан, пулингни ундай ишлат, бундай сарфла, деб ақл ўргатишдан йироқман. Бироқ… кўрганимни айтадиган бўлсам, шу эллик-олтмиш йил ичида Ўшда ҳам, ундан бошқа жойларда ҳам манаман деган не-не бойлар яшаб ўтганини кўрдик. Топган дунёсига қувониб, айқириб-ҳайқириб, ўзгаларни хор қилиб, бўлар-бўлмасга пул сочиб, аммо ўз яқинлари – ака-ука, дўст-ёрларидан қочиб, уларга ҳатто қарзга беришга ҳам оғриниб, янги улфатлари билан топишиб, гўё доим шундай яшайдигандек керилиб ўтганларига шоҳид бўлдик.

Аммо… ҳаромдан топилган пул ҳаромга кетар экан, ундан ҳаловат топилмас экан. Биз кўрган-билган у бойлар ўтди, ҳатто айримлари умрининг сўнгги кунларида муҳтож яшаб, бир кимсага зор бўлиб, хор бўлиб  омонатини топширди. Бу каттазанг бойлар ҳам, уларга ишва қилган юзи ойлар ҳам – бари бугун тупроққа қовушиб ётибди, уларнинг беҳисоб моллари эса, худди аввал йўқ бўлгани каби, тез орада яна гум бўлди-қўйди.

Одамлар бир-бирини қўлламаган, ожизини суяб-йўламаган юрт яшнамайди. Қорни – нафсига берилган эл забун бўларкан, буни ҳам кўряпмиз…

 

Мен бу гапларни нима учун ёзиб ўтирибман? Нима демоқчиман?

Яқинда таниқли журналист Ўктамбек Каримов (Сарвар Усмон)нинг амакиваччаси – шоир Шавкат Раҳмон ҳақидаги “Менинг Шавкат Раҳмон акам” эссеси қўлёзмасини ўқидим. Унинг бир жойида шундай лавҳа келади:

 

“Тошкентдаги Интизор кўчаси тугаб-тугамай, сўл томонда қурилиш бўлиб қурилиш эмас, бузилиш бўлиб бузилиш эмас, бир гектарга яқин бир ташландиқ ҳудуд бошланади. Шавкат акамнинг айтишича, бу ер колхознинг сабзавот экадиган иссиқхонаси бўлган, эндиликда колхоз ундан воз кечган, ернинг янги эгаси – шаҳар эса ундан фойдаланмаяпти. Йиллар давомида қаровсиз ётган бу ер Шавкат акамларнинг уйига туташ – дом ортидаги йўлнинг нариги четида, балкондан қарасангиз, уйнинг саҳнидай туйилади.

Йиллар давомида фалаж ётган бу ерга 95 йилга келиб жон кирди. Ерга эга чиққанлар эски иссиқхонанинг деворларини бузиб, пишиқ ғиштларини олиб кетиш мумкинлигини айтишди. Бир вақтлар Ёзувчилар уюшмаси Дўрмондан ажратган участкасида қурилишни ҳануз бошлай олмаётган Шавкат акам саратоннинг сариғида ҳар куни девор йиқди, ғишт йиғди. Йиқаверди, йиғаверди. Йиқаверди, йиғаверди. Ишдан келасолиб, чала-чулпа бир нарса еган бўладию, яна ишга – ғиштга чиқиб кетади. Белигача яланғоч девор бузади, ғишт йиғади. Терлаб-пишиб турган ҳолида устидан челаклаб муздай сув қуяди. Кейин яна иш – ғишт, иш – ғишт…

Бу воқеани мен кейин, фожиа юз берганидан кейин билдим. “Шавкат акамни ана ўша ғишт еди”, дейди ҳануз алам билан шоирнинг укаси Маҳмуджон.

* * *

Мен бу гапларни – ғишт билан боғлиқ гапларни ўша куни, ўшлик бир адабиёт мухлиси опанинг уйида меҳмон бўлганимиз куни ҳали билмасдим. Меҳмондорчиликдан кейин шоир билан тонгга яқин бизникига келдик.

Шоирнинг эти бориб суягига ёпишиб қолаёзган, қорамтир мис товлаб кетган танасини кўриб бир сескандим. “Қаттиқ ишлаяпман, дала ҳовлини бошлаганман”, – деди Шоир нимани сўрамоқчи бўлганимни илғаб, – офтобда куйдим”. Кейин бирдан ухлаб қолди.

Шоир ухлаб қолдию, мендан уйқу қочди. Нега бу қадар озиб кетди? Шавкат акамни кўйлаксиз илгари ҳам кўрганман: болалигимда, Қирариқдаги уйида ғишт қуйган пайтида ҳам, кейин Тошкентдаги уйида анча-мунча тош кўтарганида ҳам кўрганман. Бақувват йигит эди, мушаклари тўқ эди...”

 

Бу – 1995 йилга оид хотира. Ўттиз йил бўпти. Аммо ундан беш йил аввал, 1990 йил тўпалонларига бағишлаб Шавкат Раҳмон икки қардош халқ орасини бузганлар ҳақида “Ма(х)фия” деган зўр мақола ёзгани ҳамманинг ёдида. Шоир Ўшда, Қирғизистонда тинчлик-хотиржамлик барқарор бўлиши учун Тошкенда туриб, яна қанча ишларни жасорат билан, тап тортмай амалга оширди, буларга ҳам камина гувоҳман. Ўш учун, Ўшликлар учун ўзини аямаган, куйиб-ёнган эди. Ҳолбуки, бу ишларни қилмаганида ҳам, Шавкат Раҳмон неча юз йилда бир Ўш тупроғидан чиққан энг улуғ шоиримиз эди-ку!

Унга ким ёрдам берди, ким уни, озгина бўлса ҳам, амалда қўллаб-қувватлади? Мен бу ерда шоир Ўшга келганида чойхонада меҳмон қилиб, чақақлашганларини эмас, бевосита моддий ёрдамни, ўша уйини қуриб олиши учун лоақал эллик доллар ёрдам пул берган бирон одам бўлганми, шуни сўраяпман.

Ўша тўқсонинчи йилларнинг ўрталарида, эшитганмиз: давринг келди, сур бегим, деган Ўшлик бойвачча йигитлар биттаси сал янги фасон туфли сотиб олса, даврадагиларнинг қолган ҳаммаси эртасигаёқ ўшандай туфлини қидириб топиб, қанча пулга бўлса ҳам олиб кийган – ўзининг “кам эмаслиги”ни кўрсатган. Шугинага яйраган. Аммо ўйлаб кўрайлик: бу хотинларга хос эрка-тантиқлик эмасми? Масту аласт бўлиб, ярим кечалардан ошганда таниқли хонандаларнинг уйига талтайиб бориб, уйқудан уйғотиб, тонг отгунча ашула айттирганлари-чи? Ҳали Масков, ҳали Рига сафарлари, бир-бирларига “ҳиммат” қилиб совға-салом улашишлари-чи?

Агар бу беҳуда совурилган пулларнинг лоақал қирқдан бири Шавкат Раҳмоннинг қўлида бўлганида, ўша иморатини бунчалар қийналмасдан қуриб олиб, соғлиғини бой бермаган бўлармиди, балки бугун Ўзбекистон халқ шоири, етмиш беш яшар улуғ адиб Шавкат Раҳмон билан суҳбатлашиб ўтирган бўлармидик?

Шавкат ака жуда принципиал, ўта ҳалол, ориятли, ҳаромдан парҳез қиладиган одам эди. Шоира Қутлибека Раҳимбоеванинг ёзишича (бу гап ҳам бояги эсседа бор), нашриётда ишлаб ўтирганларида хонага бир ярамас одам кириб келади. Ундайларга тоқати йўқ Шавкат Раҳмон чекишни баҳона қилиб чиқиб кетади ва унинг кетганини кўргачгина хонасига қайтиб киради:

Бирпасдан сўнг чой дамлаб столига обориб қўйдим, – дейди шоира.

– Менинг пиёламда ҳалиги чой ичдими? – деб сўради Шавкат Раҳмон.

– Ҳа, кейин туз билан ювиб келдим, – дедим гап нимадалигини фаҳмлаб. Шавкат акам индамай қўлидаги пиёлани “қарс” эткизиб иккига бўлди-да, ахлат челакка ташлади…”

Шоирнинг характери ана шунақа эди, олчоқ кимсаларни жинидан баттар ёмон кўрар, уларнинг лаби теккан пиёлада чой ичишдан ҳам ирганар эди. Хўш, айтинг-чи, бундай одам бирон ишни битириш учун кимгадир ёрдам сўраб бора оладими? Айниқса, ўзининг ҳожати учун? Асло!

Қашқар томонларда бир анъана бор: одамлар муайян даврага уюшади. Уларга раҳбар бўлган ақлли, тадбирли бир одам “жигитбеши” деб аталади (биздаги “жўрабоши” ана ўшанинг таъсирида чиққан). У ўша даврадаги ҳар бир кишининг, унинг оиласининг ташвишларини ҳисобга олади, амали норасмий бўлса-да, кўпчиликнинг оғирини енгил қилишни ўйлайди. Унинг гапи – ҳукм, ҳамма қулоқ қоқмай бажаради. Ўша раҳбар маҳалланинг, юртнинг обрўси учун курашади, жумладан, шу ердан чиққан, элнинг ифтихорига айланган кишиларнинг ҳам иззатини жойига қўяди, улар ҳам, гарчи олисда яшасалар-да, шу жигитбешининг сўзини икки қилмайдилар. Жигитбеши уларнинг ҳам ғамини ейди. Ана шундай қилиб эл аҳил бўлади.

Аммо Ўшда йигитбоши тугул жўрабоши бўладиган одам ҳам қолмаган кўринади. Бир маҳаллар катта-кичик лавозимда турганларнинг ҳаммаси ё узлатга чекинди, ёки тўрт пуллик шахсий манфаат учун бояги бойваччаларга улфат бўлиб олишди, бадиий ижодга мойилроқлари анекдот айтиб, уларнинг вақтини чоғлайдиган, сал-пал китоб кўрган айрим уламолар эса диний ривоятлар келтириб, даврада изҳори фазл қиладиган “қадрдон”га айланишди.

Бироқ уларнинг ҳеч бири шу юртдан чиққан олимларнинг, адиблару санъаткорларнинг муаммосини ўйлаб бош оғритиб ўтиришмаган, ўз вақтлари чоғ ўтса бўлди. Бойваччаларнинг-ку, бу нарсалар ҳақида тушунчаси ҳам йўқ. Шавкат Раҳмон каби олмосдай истеъдод соҳиблари, Шуҳрат Абдурашидовдай ярқ этиб чиққан рассомлар, бирталай тарихчи-археолог олимлар йигит ёшида ижодини, илмини қўйиб, бозор иқтисодиётининг оғир ва синоқли кунларини бошдан ўтказишди, гоҳиларнинг азиз умр ипи шу талотўпда эрта узилди, чақнаган истеъдод юлдузи тез сўнди. Ундан аввалроқ ҳам аҳвол шу – бўлғуси академик Ҳабиб Абдуллаев Тошкентга ўқишга ялангоёқ борган, пойабзали йўқ эди. Ёки улуғ геолог Иброҳим Ҳамробоев…

Хўп, у замонлар ўтди. Бироқ бугун Ўшдаги миллий-маданий марказларнинг раҳбарлари – агар улар чиндан ҳам юрт ғами учун раҳбар бўлиб сайланган бўлсалар – ўз кўмочига кул тортиб ўтиравермасдан, Ўшдаги бели бақувват одамларнинг бошини қовуштириб, улардан ҳимматига яраша маблағни эҳсон сифатида олиб, ўта истеъдодли, келгусида элга обрў келтирадиган, юрт шаънини кўтарадиган ёшларни қўллаб-қувватлашга йўналтиришлари лозим эмасми? Юз йилча аввал бир гуруҳ ўзбек ёшлари Германияга ўқишга юборилаётганда халқ пул тўплаб берган-ку?

Тўғри, юртнинг ярасига малҳам қўяётган саховатпеша одамлар бор, йўқ эмас. Камина бирқанча ана шундай самимий ва салоҳиятли кишиларни биламан, бироқ улар бу ишни ном чиқариш учун қилмагани сабабли, исмларини келтиришга андиша қилаётибман.

Бироқ қизиқ, баъзи бой одамлар савоб учун масжиднинг яп-янги, ҳали охори кетмаган гиламини олдириб ташлаб, янаям қалин, янаям юмшоқ гилам тўшаяптилар. Албатта, бу ёмон эмас, аммо Ўшдаги ўзбек тилли мактабларнинг аҳволи қандай, китоблар, компьютерлар етарлими, фарзандларимиз ўқиб, чуқур билим оляптими? Бизга маълум бўлишича, ўзбек тилли мактабларнинг аҳволи бошқа мактабларга қараганда ночорроқ. Агар ҳеч бўлмаганда бошқа тилли мактаблар даражасига етказилса, ана шунга эришилса, ишонаманки, Ўшдан – шу қутлуғ заминдан не-не улуғ одамлар яна етишиб чиқади. Бунинг диний жиҳатдан ҳам фойдаси катта – билимли, идрокли одамнинг тақво савияси баландроқ, дунёвий ва диний билими эса янада теранроқ бўлади. Ана шундай эҳтиёжларни ҳисобга олаётган, уларни қондиришни ўйлаётган ким бор?

Яна, агар таклиф сифатида қабул қилсалар, муҳтарам уламоларимизга бир оғиз гап шуки, ҳозирги кунда ҳолатда эҳсонни масжидларга янада ҳашам беришга эмас, мактаблар шароитини яхшилашга йўналтириш жоизлиги ҳақида маъруза қилсалар, ана шунга даъват этсалар, кошки эди.

Саид Аҳмаднинг “Уфқ” романида Иноят оқсоқол деган бир хасис чол образи бор. У бозор йўлагидаги тиламчи олдида тўхтаб, чўнтак кавлайди. Тиламчи умидвор. Аммо оқсоқол ҳамма ўтиб бўлгач, носқовоғини олиб, нос отиб йўлига кетаади. Билмаганлар уни жуда сахий одам деб ўйлашади.

Худди шу каби, азбаройи  мақтаниш учун эл олдида “мен сизнинг китобингизни нашр эттириш харажатини кўтараман”, деб ижодкорга ваъдани қўюқ қилиб, кейин “унутган” қанча тантибойваччаларни ҳам кўрганмиз.

Мен Шавкат Раҳмонга тенгдош, адабиёт дунёсига у билан баравар кириб келган бир талай бошқа ерлик ўзбек шоир-ёзувчиларини биламан, улар Самарқандлик бўладими, ё Бухоролик, Қашқадарёликми, ё Сурхондарёлик, ўз эли уларни бошига кўтаради, имкон қадар мадад қўлини чўзишади. Шунинг учун уларнинг қадди тик, сўзи ўктам, чунки уларни ўз эли қўллаган.

Эҳтимол, бундай кори хайр закот ҳисобидан қилинар? Бироқ қизиқ, кўплар закотни рамазонда бериш учун тўплаб туради. Ҳолбуки, уни рамазонда беришга ҳеч қандай диний асос йўқ. Закотга ҳақдор одамга у жуда зарур бўлиб турган пайтда берилиб, фарз адо этилса, гўё ярага қўйилган малҳамдек бўлади.

Яна бир гап. Албатта, закот ислом динидаги беш фарзнинг бири. Аммо аксар Европа мамлакатларида ҳам озиқ-овқат ва бошқа кундалик моллар магазинлари уч тоифа бўлишини эшитганмиз: бир хил товар ёнма-ён жойлашган уч магазинда уч хил нархда сотилади. Бунда бойлар энг қиммат дўкондан, ўртачалари иккинчи магазиндан, қўли юпқалар эса учинчи – арзон савдо нуқтасидан харид қилади. Бу – ана ўша бойлар йўқсилларга ҳар куни, ҳар йўсинда моддий кўмак беради, дегани.

Билмадим, башарти бизда шундай тартиб жорий этилса, ўша номдор бойлар қайси тоифадаги магазиндан мол сотиб олишга ўзларини уришаркин?

Мен бу гапларни Шавкат Раҳмон баҳонасида айтаётибман, аммо шоир жуда ориятли, бандасига бўйин эгмайдиган, ғурури баланд одам экани яхши ёдимда. Шунинг учун бундай ишлар асло “закот” деб эмас, ҳадя, мукофот каби бошқа ном билан амалга оширилгани дуруст. Мазмуни эса ўзгармайди.

Бугунги кунда худди Шавкат Раҳмон каби қобилиятли Муҳаммадамин Ҳожиакбаров деган шоир укамиз бор, ҳозирданоқ икки-учта шеърий китоби нашр этилган. Унинг ёши энди йигирмадан ошди, аммо афсуки, отаси ковидга чалиниб, хасталаниб қолгани боис, бу йигит хорижга кетиб ишлаб оила боқаётир. Унинг шундай ажойиб ижоди увол бўлиб кетавермикин, деган хавотирдаман. Ёки Ҳасанбой Саидов, Одилжон Восилов сингари зўр рассомларни биламан, лоақал “Ҳорманг!” дея салом бериб, уларнинг кўнглини кўтараётган кишилар ҳам бормикин, камина бундан бехабарман. Ўша “миллий марказ”ларнинг вакиллари, ҳеч бўлмаса, бизда шундай муаммолар бор деб, уларнинг энг зарурларини белгилаб, тегишли минтақавий ташкилотларга ёрдам сўраб мурожаат қилишга яраганларида ҳам, қанийди! Чунки буларнинг истеъдоди ҳам бизга Оллоҳнинг омонати. Уни эъзозлансагина ҳақ таолонинг синовидан ўтган бўлинади.

Ажаб халқмиз. Бошимизга мушкул кун тушса, бир неча ой, нари борса бирон йилча ўзаро яқинлашган бўламиз, ғамхўрроқ бўлиб қоламиз. Аммо ўша ташвиш сал ариши билан яна ҳиринг-ҳиринг базм, ошхўрлик бошланиб кетади. Эртанги кунни ўйламаймиз, бўлганича бўлар деб яшаймиз. Муҳтож бўлган яқинларимиз, маҳалладошларимиз, ҳамшаҳарларимиз эсга келмайди. Кўчада бир ёмоннинг зулмидан озор топаётган, ё ноўрин равишда маҳкамага тортилаётган бўлса, ўртага тушиш ўрнига, ўша мазлумга қараб, ажаб бўпти, ўзинг ёмон бўлсанг керак, дейдиганлар ҳам анча.

Ўзбек халқининг маънавий отаси Алишер Навоий ёзадики:

 

Кишида барча ахлоқи ҳамида,

Чу жамъ ўлди, қўярлар отин эҳсон.

Бири андин – саходур, бир – мурувват,

Булар гар йўқтур, инсон эрмас инсон

 

(Кишиларнинг барча мақтовга сазовор хислатларини жамлаб, эҳсон деб аташ мумкин. Ўша яхшиликларнинг бири саховат ва яна бири мурувватдир, аммо кишида шу иккиси бўлмаса, у одам эмас).

 

Бир юртнинг одамлари бир-бирининг ҳолидан хабар олса – эл бўлади, бир-бирини қўлласа – эл бўлади, бир-биридан фахрланса – эл бўлади. Халқ бўлади, миллат бўлади.

Бусиз эса… оломон бўлади.

Йўқ, оломон ҳам бўла олмайди. Чунки оломон дегани – бирон мақсад учун талпиниб, жўшиб, қайнаб туради-ку! Бундай лоқайд, бефарқ, ҳар бири фақат ўзини ўйлайдиган одамлар тўдаси шунчаки аҳоли бўлиб яшайди, кунини ўтказади.

 

Зуҳриддин Исомиддинов

боғлиқ хабарлар

Изоҳ қолдиринг