Қирғизистоннинг олимпиададаги биринчи медали: қўлга теккани йўқ, лекин кафолатланган
Боксчи Мунарбек Сейитбек уулу мамлакат спортчиларидан биринчи медал эгаси бўлди, ҳозирча насия кўринишида.
Мунарбек Сейитбек уулу Парижда ўтаётган Олимпиада ўйинларида Қирғизистон спортчиларидан биринчи бўлиб ярим финалга чиқди. Кеча, 3 август куни у АҚШ спортчиси, 2021 йилги жаҳон чемпиони Жамал Харви устидан ғалаба қозонди.
Бу билан Ўш шаҳрида туғилган спортчи ўзи учун камида бронза медалини кафолатлади. Чунки бокс бўйича мусобақаларда учинчи ўрин учун мусобақа ўтказилмайди. Спортчи ярим финалда ютқазиб қўйган тақдирда ҳам бронза медали соҳиби бўлади. Агар омади чопса, финалга чиқиб, олимпиада чемпиони бўлиши ёки кумуш медални енгиб олиши мумкин.
Мунарбек 57 килограммгача вазндаги боксчилар жангларида иштирок этиб, Жамал Харвини очколар ҳисобида енгиб олди. Спорт мутахассислари мустақил Қирғизистон тарихида бу биринчи медал бўлиб қолишини айтишмоқда. Мустақиллик йилларида қирғизистонлик боксчилар олимпиада ўйинларида фақат уч марта иштирок этишган. Энг яхши кўрсаткичга Алмазбек Раимқулов эришган бўлиб, еттинчи ўринни олган эди.
Умуман эса Қирғизистон тарихида мамлакат спортчилари уч марта кумуш ва 4 марта бронза медалларини енгиб олишган.
Ярим финал ўйинлари 8 август куни бўлиб ўтади. Мунарбекнинг рақиби болгариялик спортчи Хавьер Ибаньес Диас бўлиб, келиб чиқиши кубалик. У ҳам Мунарбек каби 28 ёшда, бунгача Европа ва Осиё даражасидаги ўйинларда совринли ўринларни эгаллаб келган. Бунгача Мунарбек Тошкентда ўтган жаҳон чемпионатида учинчи ўринни эгаллаган.
Бунгача қириғизстонлик спортчилар сузиш, дзю-до каби турлари бўйича мусобақаларда иштирок этишиб, ҳозирча ғалаба шоҳсупасига кўтарилиша олгани йўқ. Спорт мухлисларининг асосий умиди бўлган курашчилар 5-10 август кунлари майдонга тушадилар.
Оқбура, Бишкек.
Расм интернетдан олинди