Қирғизистонда мажбурий тиббий суғурта ҳақидаги қонун талабаларга оғир келди

Юзлаб ўзбекистонлик талабалар иложсиз Қирғизистон олий ўқув юртларини тарк этмоқдалар.

Ўшда таҳсил олаётган ўзбекистонлик талабаларнинг ўз ватанларига қайтиб кетаётгани ҳақида Ўш давлат педагогика университетининг ректори Бекмурза Зулуев 20 декабрда Ўшда бўлиб ўтган “Тиббий суғурта мажбурияти тўғрисида”ги қонунга ўзгартириш киритилишига бағишланган йиғилишда билдирди.

Унинг сўзларига кўра, шундоғам Ўзбекистонда янги таълим муассасаларининг очилиши муносабати билан сўнгги пайтларда ўзбекистонлик талабалар ўқишларини ўз юртларига кўчиришаётган эди. Энди бу жараён янада фаоллашди.

Мажбурий тиббий суғурта полисининг нархи 6 ойга 8 минг 196 сўм (90 АҚШ доллари атрофида) ёки 12 ойга 16 минг 391 сўмни ташкил этади. “Қирғизистон Республикасида фуқароларнинг тиббий суғуртаси тўғрисида”ги қонунга киритилган тегишли ўзгартиришлар 2023 йилнинг 10 апрелидан кучга кирган. Талабаларга имтиёзли тўлов кўзда тутилмаган.

Бугунги кунда Қирғизистон жанубидаги олий ўқув юртларида минглаб ўзбекистонлик ёшлар таҳсил олишади. Уларнинг бу ерда ўқишларига сабаб контракт тўловларининг нисбатан арзонлиги ва исталган мутахассисликларга ўқиш имкония бор эканидир.

Мисол учун, Ўш давлат университетида МДҲ давлатларидан келган талабалар учун тўлов ҳаққи 40 мингдан 45 минг сўмгача (450-500 АҚШ доллари атрофида). Албатта бунга қўшимча яна салкам 200 доллар пул тўлаш талабаларга оғирлик қилади.

Мисол учун айтсак, Ўш технология университетида 2500 нафар Ўзбекистон фуқароси таҳсил олса, Ўш гуманитар-педагогика университетида уларнинг сони 2 минг нафарга яқин. Улардан минг нафари кундузги бўлимда, қолганлари сиртқи бўлим талабаларидир.

“Кундузги бўлимда ўқиётганлар кетишни бошлади. Аммо шартнома бўйича улар йиллик тўлиқ суммани тўлашлари керак. 2-курсдан ўтишлари мумкин. Биз фақат баҳо дафтарчаларини (зачётная книжка) тўлдириб бера оламиз”, – дея маълумот берди Ўш гуманитар-педагогика университети матбуот хизмати.

Талабаларни тиббий суғурталашда Ўзбекистоннинг Ўшдаги консуллиги ходимлари ҳам тушунмаган ҳолатлар пайдо бўлаётгани ҳақидаги саволга Жўғўрқу Кенеш депутати Айбек Маткеримов, “чет элликлар Қирғизистон Республикаси қонунларига риоя қилишлари керак”, – дея жавоб берди.

Ўш давлат университетининг тиббиёт факультети декани Адилбек Исмаиловнинг сўзларига кўра, Ўзбекистон томондан чақирув бўлгани учун талабалар ўқишларини кўчиришмоқда.

“Биз фақат зачёткаларига, қуйидаги фанларни ўқиди деб, ёзиб, баҳоларини қўйиб беряпмиз. Шу асосда улар ўзларининг юртида ўқишларини давом эттира олишади. Булар фақат юқори босқич талабалари бўлиб, 1- босқичдагилар тўғрисида аниқ бир қарор чиқарилмади”, – деди Адилбек Исмаилов.

Факультетда ўзбекистонлик талабаларнинг 1500 нафари таҳсил олади. Бугунги кунда уларнинг баҳолаш дафтарчаларини тўлдириш бўйича олийгоҳда навбатлар пайдо бўлаётганини кўриш мумкин.

2023 йил 5 декабргача бўлган маълумотларга кўра, Мажбурий тиббий суғурта жамғармаси билан хорижлик талабалар таҳсил олаётган 52 та таълим муассасасида 30 та шартнома тузилган. Шартнома имзолаган 13 минг 203 нафар талабадан 192 нафаригина мажбурий тиббий суғурта полисини харид қилган.

Худди шундай йиғилиш кеча, 19 декабрь куни Жалолобод шаҳрида ҳам бўлиб ўтди. Иштирокчилар йил охиригача хорижлик талабаларни мажбурий тиббий суғурта қилиш талабини илгари сурди. Вилоятдаги олий таълим муассасаларида таҳсил олаётган хорижлик талабаларни мажбурий тиббий суғурта қилиш бўйича ишлар суст йўлга қўйилгани айтилиб, ректорларнинг жавобгарлиги ҳақида масала кўтарилди.

Эслатиб ўтамиз, 2020-йилда ҳам ўзбекистонлик талабалар оммавий тарзда ватанларига қайта бошлашган. Бундай ҳолат Ўзбекистон Таълим вазирлиги Қирғизистон, Тожикистон ва Қозоғистонда таҳсил олаётган ўзбекистонлик талабаларни ўз ватанига қайтариш тўғрисидаги буйруқ чиқаргани билан боғлиқ бўлган. Ўшанда ЎшДУда 3 минг 342 ўзбекистонлик талаба, Ўш давлат гуманитар педагогика институтида 2 минга яқин, Ўш давлат технология университетида эса 2,5 минга яқин талаба билим олиши айтилган эди.

Қирғизистон Давлат статистика қўмитаси маълумотларига кўра, 2022 йилда Қирғизистонда жами 83 минг хорижлик талаба таҳсил олаётган бўлса, уларнинг 59 минг нафари ёки 71% МДҲ давлатларидан келган бўлиб, уларнинг 40мингдан кўпроғини ўзбекистонликлар ташкил қилган.

Расмий маълумотларга кўра, бугунги кунга келиб, Қирғизистонда 30 мингдан ортиқ ўзбекистонлик талабалар билим олади. Бу маълумот жорий йилнинг 4 октябрида, Ўшдаги Қирғиз-ўзбек халқаро университетида илк бор ўтказилган Ўзбекистон ва Қирғизистон олийгоҳлари ректорлари форумида ҳам тилга олинган.

Оқбура, Бишкек.

Расм интернетдан олинди

 

боғлиқ хабарлар