Қирғизистон-Ўзбекистон: Чегарада фураларга йўл кенгроқ очилади

Яқин кунларда икки давлат чегарасида тез бузиладиган маҳсулотларни ўтказиш тезлашади.

Пайшанба, 8 июнь куни Қирғизистоннинг Тошкентдаги элчиси Муса Жаманбоевнинг Ўзбекистон ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш давлат қўмитаси раиси Баҳромжон Норқобилов билан учрашуви чоғида чегарада тез бузиладиган маҳсулотларни куттирмай ўтказиш учун “яшил йўлак” очиш масаласини муҳокама қилинди.

Қирғизистон ташқи ишлар вазирлиги тарқатган хабарга кўра, учрашув давомида томонлар ветеринария соҳасидаги ҳамкорликнинг долзарб масалалари ва истиқболли йўналишларига оид масалалар муҳокама қилинган.

Жумладан, қишлоқ хўжалиги ва чорвачилик маҳсулотларини экспорт ва импорт қилишни биргаликда ривожлантириш ва бу орқали икки давлат ўртасидаги савдо-иқтисодий ҳамкорликни янада ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилди.

Тез орада ҳал қилиниши лозим бўлган долзарб масалалардан бири Қирғизистон компанияларини Ўзбекистон импорт қилувчилари реестрига киритиш бўлиб, Норқобилов бу масалани тез орада ҳал қилишга тайёр эканини маълум қилган.

Учрашув натижаларига кўра, Ўзбекистон томони қирғизистонлик сут, гўшт ва балиқ маҳсулотлари ишлаб чиқарувчи корхоналарнинг фаолиятини енгиллаштириш учун тез бузиладиган маҳсулотлар учун чегарада “яшил йўлаклар” яратиш, қўшма режалар, лойиҳалар ва эришилган келишувларни энг юқори даражада амалга оширишга келишиб олинди.

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёевнинг жорий йилнинг январида Бишкекка қилган давлат ташрифи давомида ўндан ортиқ муҳим шартномалар имзоланган. Бунинг ортидан март ойида Қирғизистон бош вазира Ақилбек Жапаров Тошкентга ташриф буюриб, имзоланган шартномаларни амалга ошириш масалаларини муҳокама қилган. Бош вазир бир қатор саноат ва ишлаб чиқариш корхоналарида бўлиб, расмий учрашувлар чоғида икки давлат ўртасидаги иқтисодий, қишлоқ хўжалиги соҳаларидаги ҳамкорликни амалга ошириш борасида “йўл харитаси” қабул қилинган.

Куни кеча Тошкентда ўтган яна бир расмий учрашув давомида ўзбекистонлик ишбилармонларнинг Қирғизистондаги турли лойиҳаларга қарийб 70 миллион доллар сармоя киритишга тайёр экани расман эълон қилинди.

Шу вақтнинг ўзида Қирғизистон ва Қозоғистон чегарасида бир нечта амалдаги ўтказиш пунктлари бўлишига қарамай, икки давлат чегарасида Қирғизистоннинг юзлаб юк машиналари бир неча кунлаб туриб қоляпти. Натижада тез бузиладиган маҳсулотлар ишдан чиқиб, ишбилармонлар катта зарар кўраётган ҳоллар бор.

Оқбура, Бишкек.

Расм интернетдан олинди

 

боғлиқ хабарлар

Изоҳ қолдиринг