ҚАТАҒОННИНГ СЎНГГИ ҚУРБОНЛАРИ
Мустақилликнинг тўртинчи йили, 1995 йилнинг ёзи. Тошкентнинг Навоий кўчасидаги нашриётлар жойлашган бинода “Узлит” деган цензура маҳкамаси бор экан. Шу идорага келиб, рисоламнинг чоп этилишига ижозат муҳрини босиб бериши учун Рустам ака деган ходимнинг хонасига кирдим. Энди саломлашган эдикки, телефон жаранглаб қолди. Раҳбари чақираётган экан, “ҳозир келаман”, дея анча маҳал йўқ бўлиб кетди.
Бундай пайтда газетами-журналми ўқиб ўтирган яхши. Бирон китоб ола келмаган эканман. Зерикдим. Хийла вақтдан кейин каттакон столнинг менга яқин бурчида ётган кафтдай бир варақчага кўзим тушди-ю, қизиқсиниб, қўлга олдим. Ким билади, балки шу қоғозда китобимга тегишли гап бордир? Афсус, тескари ўгирилган бу карточка менга алоқадор гап йўқ, унда “Алихонтўра Соғуний тўғрисида ҳеч нарса берилмасин”, деган бир кўрсатма битилган экан. Билмасдан чўғ ушлаб олган одамдай дарров жойига ташладим. Ҳой, бу ҳалигидақа идора бўлса, сен нима қиляпсан ўзи?!
Рустам ака қайтиб келди, қўлёзмага муҳр босилган, тайёр экан, тезроқ босмахонага элтиб беринг, деб қўлимга тутқазди. Китоб чиқди-кетди ҳам.
Бироқ бояги карточкадаги ёзув то ҳануз ёдимдан чиқмайди… Ахир мустақил эдик, илгари тилга ҳам олиб бўлмайдиган мавзулар матбуот саҳифаларида ошкора ёритилаётган эди. Шундай бир замонда нега энди келиб-келиб, бошқа биров эмас, айнан Алихонтўра номи тақиқланади, ахир у зот истиқлол курашчиларидан эди, Шўро пайтида тортган озорларининг ўзи кам эмас эди-ку? Эвоҳки, ўша Рустам аканинг ўзи Алихонтўра Соғунийга невара жиян экан, деб эшитган эдик. Бобоси ҳақида бундай кўрсатмани бажариш у кишига осон бўлмагандир?
Улуғ одамлар учун қатағон бўлиш – пешонада бор нарса экан шекилли. Ўзбек фани, маданияти, адабиёти, санъатининг буюк дарғалари ҳамиша, ҳамма замонда бир қур қатағон этилган. Бадарға бўлган, ҳеч қуриса, эл кўзига ёмонотлиқ қилинган. Навоийдай одам Астрободга “ҳоким” қилиб саройдан четлаштирилган. Бобур подшоҳ эди, шунинг учун тиригида биров маломат қилган эмас, аммо орадан тўрт юз йил ўтиб барибир чиғириққа тушди: Шўро ҳукумати унинг дилбар ижодини қоралаш чорасини тополмаган бўлса ҳам, подшоҳ эканини ҳазм қилолмади. Абдулла Орипов бундан изтиробга тушиб, “Шоирсиз, яхшиси, қолингиз, Мирзо, Мушфиқ юртингизда бир шоир бўлиб”, деб ҳасратларини тўкди.
Алихонтўра Соғунийнинг 2000 йиллар бошида илк бор нашр этилган “Туркистон қайғуси” китобининг тақдимоти Миллий матбуот марказида ўтказилиши эълон қилинди ва одамлар энди тўпланган чоғда анжуман бекор қилинди: аллақайси бир давлат бу туфайли ранжимасмикин, деган фикр қай бир “мулоҳазали” одамнинг калласига келиб қолган шекилли. Шундай, биз ўзгаларни деб ўз оғзимизга уришдан тоймаймиз ҳам… Қаранг, бир умр истиқлолга интилган, курашган одам истиқлол замонида тазйиққа дучор бўлиб ўтирса? Одамлар жим тарқади, кўниш қонимизга сингиб кетган-да.
Ажабки, яна бир атоқли шахс – ХХ аср ўзбек олимларининг пешвоси бўлган Ҳабиб Абдуллаев номи ҳам чорак аср аввал кўзга кўринмас “қора рўйхат”га тиркалиб қолди. Нега, нима учун – биров билмайди. Ҳолбуки, Ўзбекистон Фанлар академияси президенти бўлиб ишлаган атоқли геолог Ҳабиб Абдуллаев (1912-1962)нинг довруғи истиқлолнинг дастлабки ўн йилида юксалди – 1992 йил кузда 80 йиллиги кенг нишонланди (унга чет эллардан ҳам жуда кўп олимлар ташриф буюришган). Марҳум аллома “Буюк хизматлари учун” ордени билан сийланди, Ҳ.Абдуллаев номида диплом ва олтин медаль таъсис этилди. Геолог талабаларни рағбатлантириш учун махсус фонд таъсис этилди, Тошкент метросининг бир бекати у кишининг номи билан аталадиган бўлди, у ҳақда бир қанча монографиялар, қиссаю романлар ёзилди. Кейин эса… “ажойиб кунларнинг бирида” булар барчаси барҳам топди: 2001 йилда эълон қилинган бояги метро бекати 2015 йилда “Шаҳристон” деб ўзгартирилди, Ҳабиб Абдуллаев кўчаси “Буюк ипак йўли” бўлди, юз йиллиги ўзи ишлаган институтда кичик анжуман қилиб ўтказилди.
Ҳабиб Абдуллаев – нафақат улкан олим, балки ўша совет даврида ўзбек элим деб баралла курашган, фанлар академиясини миллийлаштириш, ўзбеклар орасида олимлар кўпайиши учун юзлаб ёш тадқиқотчиларни Россия шаҳарларига аспирантурага юбориб, уларга илм билан шуғулланиш учун шароитлар яратган, “юқори”дан рухсат кутиб ўтирмай ўзбеклар учун керак дея “Фан ва турмуш”, “Ўзбек тили ва адабиёти” каби журналларни очтирган, ўн тўрт жилдлик муаззам “Ўзбек совет энциклопедияси”нинг нашр этилиши учун шароит ҳозирлаган, ўзбек илм-фанининг довруғини юксалтиришга бош бўлган, шуни деб партия органларидан кўп озор топган буюк шахс эди. Бу зот номи янада улуғланиши ўрнига, чамаси, қайсидир мезонга “тўғри келмай” қолди. Хўш, нимаси, дея юрак ютиб сўрайдиган одам ҳам чиқмади. Ўшандан бери Ҳабиб Абдуллаев номи “соя”да. Бу сир “доно халқимизга хос бўлган етти ўлчаб бир кесиш, оғир-вазминлик” каби хислатлар пардаси ортида қолдирила беради, элга ошкор қилинмайди.
Нега, ё халқимизга ишонч шу даражада пастми?
Энди, башарти йигирма тўққизинчи йилда ўлдирилмай, ўттиз еттинчи йилга етиб келганида, Ҳамза ҳам муқаррар қатағонга учрар эди, дейман ичимда. Унинг бахти ҳам, бахтсизлиги ҳам шу бўлган экан. 2014 йилга келиб педагогика бўйича фан доктори бўлган Муҳаммад Қуронов бу буюк педагог ҳақида “Ном – номус демакдир ёки Ҳамза аслида ким эди?” деган бир буюртма қораламасини эълон қилди. Бу мақоланинг мазмун-мантиғигина эмас, ҳатто услуби ҳам машъум қатағон йилларини эслатади кишига.
Кейин… гўё шу “ҳақли талаб”ни қондирган бўлиб мактаблардан, илмий тадқиқот институтидан, Миллий театрдан, катта бир тумандан, давлат мукофотидан, метро бекатидан Ҳамзанинг номи олиб ташланди. Шундай бир давр келдики, гўё ўзбек маданияти тарихида Ҳамза Ҳакимзода Ниёзий деган одам ўтмаган. Шеърларига ёзилган ашулалар эшиттирилмас, басталаган куйлари ижро этилмас, этилса, муаллифи айтилмас, драмалари қўйилмас бўлди. Бу жазо-сазо ўзи нечун, деб сўрайдиган мард қани? Ҳамзанинг нонини еб қорин солган адабиётшунослару мусиқашунослар талай эди. Улар… Ҳамзанинг яна бир бор ўлдирилишига жим қараб турдилар.
Аслида, М.Қуронов икки ўт орасида қолган: “буюртма”ни бажариш шарт бўлган шекили. Йўқса, Ҳамзани “фош этиш”нинг қандай зарурати бор эди? Тошбўронда ўлган Ҳамзага яна тош отиш унга зарурмиди? Шунчаки, у ўзига маъқул, “истиқболи бор” йўлни танлади.
Шу саволни бугун бериб кўрайлик. Нега Ҳамза бунчалар қораланди? Унинг номи кимга қандай зиён бераётган эди?
Ҳамза ким эди, ҳамма билади. Ўзбек мумтоз адабиётининг охирги буюк шоири, драматург, бастакор, жамоат арбоби, педагог… Тўғри, бир пайтлар унинг номи ҳаддан зиёд улуғланганига, салкам марксист, инқилобчи қилиб кўрсатилишига қарши дилимизда норозилик бор эди. Аммо бунинг адиб ижодига дахли йўқлигини, давр сиёсати талаб қилаётгани учун эканини билардик. Масалан, мен унинг педагог сифатида бир неча дарслик ёзганини, аммо шунча зўр истеъдоди бўла туриб, пойтахтга келиб ётиб олмай, йигирманчи йилларда олис Қорақалпоқ элида мактаблар очиб дарс бериб юрганига қойил қоламан. Шунчалар фидойи! Асл жадид – аввало Ҳамза-ку…
М.Қуронов уни қоралаш учун сўз аямайди; ҳатто “Шоҳимардонда… қабристонни ёптирди”, деб ёзғиради. Ажаб, унда марҳумлар кўмилмай қолганми? Йўқ, Ҳамза қабристонни эмас, мозорларни ёптирган – ўша замонда қабр ёнида баланд бир ходанинг учига қўтос думини боғлаб, “фалон авлиёнинг турбати – шу” деб авомни алдаётган қаллоб шайхларни ҳайдаган. Бидъат-хурофотга қарши курашган. Бу иш диний жиҳатдан ҳам тўғри-ку?
Мустақилликдан ўн беш йиллар ўтгач, Шўро даврида ўзбек илм-фани, маданиятининг тамал тошини қўйган яна бир талай кишилар алайна-ошкор қоралана бошлади, ё ими-жимида қатағон этилди. Бу – қонсиз қатағон эди, чунки “жазо” берилаётган кишилар аллақачон ўлиб кетган эдилар. Ўзбекнинг манаман деган арбоблари, қай бир фазилати билан элга машҳур кишиларнинг юлдузи бир-бир сўнишга тушди. Ўлган одамларнинг номини ўчириш ғояси қаёқдан экани маълум экани боис ҳамма оғзига талқон солиб, жим турди.
М.Қуронов эса ўша мақоласида миллатимизнинг атоқли шахслари номини тарихдан ўчириш кампаниясига бажонудил қўшилиб, Ҳамзагина эмас, Генерал Собир Раҳимов, Республиканинг дастлабки раҳбарлари Файзулла Хўжаев, Акмал Икромов каби тарихий шахсларнинг номи йўқотилганини ҳам олқишлайди.
Туманлардан уларнинг номи ўчирилди, ҳайкаллари йўқотилди, фамилияларини тилга олиш номатлуб саналадиган бўлиб қолди. Ҳаттоки, ўн тўрт нафар етимни боқиб олган, бу жўмардлиги учун номи етти иқлимга таралган Шоаҳмад Шомаҳмудовнинг ҳам. Бу ишларни хаспўшлаш учун бўҳтонлар тўқиб, миш-миш тарқатилди, ижтимоий тармоқларда қай бир “ҳақгўй” кимсалар таги пуч танқидлар ёзди.
Ҳозир Собир Раҳимовнинг номи бирмунча тикланган, 2008 йилда шаҳар четига бадарға этилган “Шомаҳмудовлар оиласи” галереяси орадан ўн йил ўтиб (бу орада икки жойга кўчирилгач) аввалги ўрнига олиб келинди. Акмал Икромов, Файзулла Хўжаев, яна шу каби улуғлар номи эса, “запрет”дан чиққан бўлса-да, ҳали тарихдаги ўз ўрнига қўйилганича йўқ.
Мен бугун уларнинг ҳаммаси ҳақида эмас, ҳали ҳам иккиланиб турганимиз яна бир шахс ҳақида қисқа сўз юритсам дейман.
Номи ими-жимида йўқотилганлардан бири – Йўлдош Охунбобоев бўлди. Аммо у кишининг шаънини пасайтириш учун қандайдир бир айби “очиб ташланиши” керак эди. “Ўзбекистонга қарашли айрим ҳудудларни қўшниларга инъом қилиб юборган, чунки у киши деярли саводсиз эди, савияси ҳам шунга яраша бўлган”, деган, бир қарашда, одам ишонгудай гап ўйлаб топилди. Бу сохта айбни янада пухталаш учун “Охунбобоев бу лавозимга махсус режа асосида қўйилган, Масковга ана шундай гўл, анойи одамлар керак эди”, деган бўҳтон кашф этилди.
Ажаб, 1925 йил бошидаги анжуманга Марғилондаги “Қўшчи” артелидан делегат қилиб юборилган одам… ундан бир йил аввал – 1924 санада ўтказилган миллий чегараланишда “фаол иштирок этган” бўладими? У 1925 йилда Ўзбекистон Марказий ижроқўмига раҳбар этиб сайланган, унгача Марғилонда ишлаган. Кичкина бир артель бошлиғи давлат чегарасини қаердан тортишни кўрсатиб турганми? Ҳатто 1925 йилдан кейин ҳам Йўлдош ота – номига Ўзбекистон раиси, ҳақиқий хўжайин эса партия котиблари эди-ку! Ҳатто улар ҳам эмасди: Ўзбекистондаги партиявий саркорлар ҳам фақат ижрочи эди, чунки Лениндан бошлаб, то Хрушчёвга қадар – Министрлар совети раиси биринчи шахс эди. Бунинг устига, ҳамма қудрат эса Масковда, Шўролар эса, ўзининг “меҳнаткашлар ҳокимияти” эканини далиллаш учун батрак Охунбобоев, шахтёр Қулатов сингари халқ вакилларини гўё энг юқори лавозимларга кўтарган, бу бор гап, аммо ҳеч қайсисига ҳокимият жиловини тутқазиб қўйган эмас.
Ўрта Осиёни миллий-ҳудудий республикаларга парчалаш ташаббуси 1923 йилда РКП(б) МК Ўрта Осиё бюросининг масъул котиби Иосиф Михайлович Варейкисдан чиққан. Бу ғоя 1924 йилда амалга оширилгач, ташкил этилган республикалар чегаралари эгри-бугри, илонизи шаклда бўлиб қолди (айниқса, Фарғона водийсида). И.М.Варейкис 1937 йил сентябрида Узоқ Шарқда яшайдиган корейсларни ўз еридан бадарға қилиш ва Ўрта Осиёга депортация қилишга ҳам ташаббускор бўлди – юз минглаб корейслар очликда, совуқда қирила-қирила Ўзбекистонга кўчиб келдилар, бу ерда улар ертўлалар қазиб яшаб, энг оғир шароитларда кун кечиришди.
1923-24 йилларда эса ҳукумат раҳбари Турор Рисқулов ва ундан кейин бу лавозимни эгаллаган Шорустам Исломов бўлган (иккаласи ҳам қатағон қилинган). Шундай экан, 1925 йил февралда ЎзССР Марказий Ижроия Қўмитаси раиси этиб сайланган Йўлдош Охунбобоев бу лавозимга келишидан бир йил аввалги чегаралашга қандай қилиб таъсир ўтказади? Тўғри, Охунбобоев деярли саводсиз одам эди: ўсмир ёшидан батраклик, аравакашлик қилишга, бойлар уйида ишлашга мажбур бўлган. Замона-да. Аммо дуч келган ҳар кимса эмас, айнан унинг Ўзбекистон раиси қилиб сайланишида ҳикмат бор – ўткир зеҳни, одамийлик фазилатларига ҳамма тан берган. У кишининг шахсий котиби бўлиб ишлаган Ўзбекистон халқ шоири Миртемир, атоқли давлат ва жамоат арбоби Сулаймон Азимов, дастлабки ўзбек разведкачиси Баҳром Иброҳимовлар Йўлдош отанинг раҳбарий заковати, ташкилотчилик қобилиятига қойил қолиб, у ҳақда энг илиқ гаплар ёзиб қолдиришган.
Уни Ўзбекистон ерларини қўшниларга инъом қилиб юборганликда айблаш – тарих билмай туриб тарих тўқишдир. Яна айтамиз, бунақа ихтиёр Марказий Осиёда биронта раҳбарга берилган эмас.
Унда, нега Охунбобоев қораланди, дейишлари мумкин.
Эътибор берсак, Ҳамза Ҳакимзода Ниёзий, Акмал Икромов, Файзулла Хўжаев, Усмон Юсупов, Собир Раҳимов, Шоаҳмад Шомаҳмудов сингари кишиларнинг азиз номлари тўқсонинчи йилларнинг иккинчи ярмидан бошлаб, бирон ўн йил оралиғида бирма-бир эл хотирасидан ўчириб келинди. Ўзбек халқининг ХХ асрдаги буюк фарзандларига зимдан зуғум юритилди. М.Қуроновнинг мазкур мақоласи, ёки бир гуруҳ Фарғоналик қаламкашларнинг Йўлдош отани қоралаб ёзган “коллектив хат”лари “Халқ сўзи”дай мўътабар газетанинг биринчи бетида чоп этилиши – сиёсат шуни маъқул топганини, яна тўғрироғи, уюштирганини кўрсатарди. Бу улуғлар тизимли равишда халқ хотирасидан ўчира бошланган эди.
Ажаб, нега бундай қилинди? Бунга қандай эҳтиёж бор эди?
Бизнингча, бу ҳол ўша пайтда бир шахсга хос “эго”нинг, яна тўғрироғи – амбициянинг кучайиб кетишига боғлиқ тарзда юз берди. Катта сиёсат арбоби бўлган, истиқлолни эълон қилишдан тортиб, деярли чорак аср мамлакатни бошқаришни зиммасига олган давлат раҳбари бизга билинмаган беҳисоб муаммоларни ҳал этиш, яқингинасида бомбаларнинг портлаши каби кишини таҳликага соладиган можаролар гирдобида, ниҳоят, толиқди. Бунинг устига, ялтоқи кимсаларнинг ҳар кунги мадҳлари натижасида “алоҳида одам”лик, “феномен”лик туйғулари шакллана борди. Бу ҳолда шу асрнинг ўзида яшаган ва ҳамма алқаб тилга оладиган, қиёслаб кўрилиши мумкин бўлган бошқа кишиларнинг борлиги ёқимсиз эди. Бунинг устига, ўша йилларда, кимлардир Охунбобоевни “Ўзбекистоннинг биринчи президенти” деб атар, бу албатта, нохуш қабул қилинарди. Ана шундай ҳолларга барҳам бериш учун уларнинг довруғини пасайтириш йўли танланди, “алоҳида шахс” улардан беҳад юксакда туриши керак бўлди. Бундан биргина Шароф Рашидов дархон қолди: номи Совет даврининг охирги йилларида хўрланган бу арбобнинг шаънини кўтариш орқали эл таважжуҳини қозониш аниқ эди.
Якка шахс шу тариқа улуғланиш йўлини танлади. Эътибор қилган бўлсангиз, ўша йилларда давлатнинг бошқа арбоблари телевидение ва радиода чиқмас, суратга олинмас, бирон матбуот органида мақоласи ё интервьюси босилмс, ҳатто бирон майда идоранинг бошлиғи ўрнига ҳам ўринбосари сўз айтар, гўё, бутун мамлакат танҳо-ягона бир раҳбар ва бошқа ҳаммаси – аҳолидан иборат бўлиб қолган эди. Бир маҳаллар Абдулла Қаҳҳор “…унга қолса, ҳамма урилиб кетса. Ёниб кетган уйнинг мўрисидай бўлиб бир ўзи сўппайиб қолса”, деганидай бўлди.
Бунинг оқибатида ёшларга ибрат бўладиган адиб ва қаҳрамон қолмай, асосий эътибор беш аср ё минг йил наридаги улуғларга бериладиган бўлди. Улардан фахрланиш мумкин эди, бошқаларга кўрсатиб мақтанса бўлар эди, аммо ёшлар улардан конкрет бирон нарсани ўзига улги қилиб ололмас, чунки орадаги масофа олис эди.
Ўша йилларда биз тилга олган марҳумларгина эмас, балки тирик, эл эътиборидаги талай олимлар, уламолар, хонанда-санъаткорлар, адиблар ҳам назардан қолгани учун тез-тез “запрет”га, ё “қора рўйхат”га тушар, “марҳамат кўрсатиб кечирилса”, яна эътибор топиб фаолият юритарди. Таниқли ижодкорларнинг, олимларнинг четга чиқиши жуда чегараланган эди, кимгадир ноилож рухсат берилса, албатта ортидан бир чатоғи чиқар, ўша одам аллақанча вақт илтифотдан маҳрум этиларди. Алалоқибат, қандайдир хавотир муҳити пайдо бўлди, одамлар дилидаги фикрини эмас, тепага маъқул бўладиган гапларни топиб айтишга ўрганди, шунга мослашди. Эркин Воҳидов, Абдулла Орипов каби шоирлар умри охирида тушкун шеърлар ёзгани, ёки айрим адибларнинг бу муҳитга чидай олмай, ёзган нарсалари Интернет орқали “енг ичида” эълон қилинганини биламиз.
Қаранг, ҳар қандай улкан салоҳият, раҳбарлик қобилияти ҳам авторитар тузум шароитида маҳв бўлиб кетар экан. Бу муҳитда улуғлик васвасаси шаклланаркан, давлатнинг халқаро майдондаги нуфузи пастлаб, сиёсат, иқтисодият ва маънавият бир жойда депсиниб қолар экан.
Мавзуга қайтадиган бўлсак, тарихий адолатни қарор топтириб, ўн беш-йигирма йил аввал Йўлдош Охунбобоев, Ҳамза, Файзулла Хўжаев, Акмал Икромов, Усмон Юсупов, Собир Раҳимов, Ҳабиб Абдуллаев каби номатлуб деб топилган машҳур кишилар, кўплаб арбобларнинг номини халқимиз тарихидаги муносиб ўрнига тўла қайтариш керак. Бу иш одамларда келажакка умид уйғотади, эл учун қилинган хизмат рўёбга чиқишига ишонч пайдо қилади, ҳар бир киши мустақил давлатнинг фаол фуқаросига айланади.
Зуҳриддин Исомиддинов
