ҚАДРИЯТ 

ШОИР МУҒАННИЙНИНГ ЯНГИ КИТОБИ

Куни кеча Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасининг “Адабиёт” нашриёти таниқли ўзбек шоири Муғаннийнинг “Ёрга оҳим етмасму?” деган янги китобини 500 нусхада чоп этди. Нашриёт, шунингдек, ушбу китобнинг ПДФ форматидаги электрон нусхасини ҳам кенг китобхонлар оммасига улашиб, яна бир хайрли ишни амалга оширди.

Китоб нашри ҳақида Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасининг Ахборот хизмати шундай деб ёзади:
Биз чиқарган китоб

Ёрга оҳим етмасму?

Шоир, актёр ва режиссёр Ғаннижон Холматов – Муғаннийнинг ушбу шеърлар тўплаида инсон қалбининг мураккаб кечинмалариi, ишқ ва садоқат, вафо ва ҳижрон, тақдир ва ҳаёт синовлариi, имон эътиқол масалалари бадиий талқин этилади. Инсон қадри, адолат ва ноҳақлик, ҳақиқат ва ёлғон, садоқат ва хиёнат каби мавзулар қаламга олинади.
Муғанний ижодида мумтоз шеъриятимиз анъаналарига эҳтиром алоҳида ўрин тутади. Шу билан бирга, шоирнинг ўзига хос овози, халқона ифода услуби ва қўшиқбоп мисралари унинг шеъриятига ўзига хос жозиба бағишлайди.
Китоб кенг ўқувчилар оммасига мўлжалланган.

Тўплаб нашрга тайёрловчи: Зуҳриддин Исомиддинов,
масъул муҳаррир: Шоди Отамурод.
“Адабиёт” нашриёти

Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси ахборот хизмати

Таниқли ўзбек шоири, Бобур номидаги Ўш ўзбек академик мусиқали драма театрининг актёри ва бош режиссёри, Қирғизистонда хизмат кўрсатган маданият арбоби (2005) Ғанижон Холматов 1949 йилда – Қирғизистон ва Ўзбекистон маданияти ва санъати ривожига кўп ҳисса қўшган ижодкор.
Ғанижон Холматов 1949-йилнинг 5-февралида Ўш шаҳрида таваллуд топган. 1956-1966 йиллар ўрта маълумот олган. Мактабни битиргач, Тошкент театр ва рассомчилик санъати институтига кириб, 1970 йилда актёрлик факультетини тамомлаган. 1970-2007 йилларда Ўш театрида актёр, режиссёр ва бош режиссёр бўлиб ишлаган. Актёр сифатида Ғанижон Холматов театрда элликдан ортиқ ролларни чиройли ижро этган. Режиссёрликка ўтганидан сўнг ҳам роль ўйнашни давом эттирди. Бир неча йил Фарғона театрида бош режиссёр бўлиб ишлади.
Шоирнинг тахаллуси Муғанний эди. Бунга унинг Исми Ғанижон экани, қолаверса, мусиқа асбоби чалувчи одам ҳам муғанний деб аталишидан келиб чиқилган. Унинг юзлаб шеърлари Қирғизистон ва Ўзбекистон хонандалари томонидан қўшиқ қилиб айтилган. Айниқса, Муҳаммадкарим Соипов ижро этган қўшиқлар шоирни элга кенг танитди. Унинг “Суянганим тор бўлди” (1994), “Юз пора дил” (2000), “Сен кетдинг аста-аста” (2005), «Қазо дарслари» китобчаси (икки қисм, 2013) шеърий китоблари нашр этилган.
Албатта, турмуш бир зайлда кечмайди, истеъдодли одамлар кўп ҳолларда ўз атрофидаги ғанимларидан озор топиб умр кечирадилар. Ғанижон Холматов – умрини санъат тараққиётига бағишланган бу ҳассос инсон ҳам ўша йилларда айрим раҳбарларнинг муттасил ташкил қилиб турган иғволари оқибатида театрдан кетишга мажбур бўлди. Бироқ тўлиқ амалга ошира олмаган улкан режалари изтироби уни хаста ҳолга солди. Шоир Ғанижон Холматов – Муғанний 2014 йил 8 июнда вафот этди.
Шоирдан 500 ғазал ва 500 рубоий мерос бўлиб қолди. Унинг шеърларини шогирди, истеъдодли шоир Раҳимжон Али бот-бот ижтимоий тармоқларда эълон қилиб туради. 2023 йилда “Ватандошлар” жамоат фонди томонидан Тошкентда нашр этилган “Қирғизистон ўзбек адабиёти антологияси”га ҳам Ғанижон Холматовнинг ўнга яқин шеъри киритилган.

Шавкат Раҳмон ўғли Шоҳрух билан, Хуршид Даврон, Алоуддин Мансур, Эркин Воҳидов ва Муғанний
Арслонбоб саёҳатида

 

боғлиқ хабарлар