УСТОЗЛАР ҲАМИША ЁДИМИЗДА
Журналистика соҳасидаги устозларимни эслар эканман, пайғамбаримиз Муҳаммад мустафо саллоллоҳу алаҳи васалламнинг устозлар баёнида “Албатта, Оллоҳ таоло, унинг фаришталари, самовот аҳли ва ер аҳли, хаттоки ковагидаги чумоли ва денгиздаги балиққача яхшиликни ўргатувчи устозга саловот айтиб турадилар”, деб айтган сўзи ёдимга тушади. Бу устозларга кўрсатилган улуғ эҳтиром белгисидир. Доно халқимиз илму ҳикмат ўрганиб, кейин уни толиби илмларга ўргатувчи устозларни “Устоз отангдан улуғдир”, деб эъзозлашган.
Дарҳақиқат, ота-онамиз бизнинг дунёга келишимизга сабабчи бўлиб, тарбиялашган, боқиб улғайтиришган бўлса, устозларимиз илму ирфон бериб, икки дунё саодатига эришишимизга куч-ғайратларини сарфлаган азиз зотлардир. Ҳазрат Алишер Навоий айтганидек:
Ҳақ йўлида ким сенга бир ҳарф ўқитмиш ранж ила,
Айламак бўлмас адо, ҳаққин онин юз ганж ила.
Бундан эллик икки йил муқаддам Ўш вилоятининг “Ленин йўли” (Ҳозирги “Ўш садоси”) газетасига ишга борганим бугунгидек ёдимда. Қишлоқда яшаб ўқитувчилик қилардим. Мактабда ўқиган йилларимдаёқ журналистика соҳасига қизиқиб, туман ва вилоят, республика газеталарига қишлоқ хўжалиги, саноат соҳасида мақолалар ёзиб турардим. Қишлоқ мухбири деган гувоҳномам бор эди. Бир куни гувоҳнома муддатини узайтиришни ният қилиб Ўш шаҳрига бордим. Хатлар бўлими мудираси Раъно опа Сарибоевага гувоҳномани бериб бош муҳаррирга имзо қўйдириб чиқишини кутдим. “Сизни бош муҳаррир қабулига чақиряпти”, – деди котиба қиз бир пайт хатлар бўлимига кириб. Юрагим шув этди, шу пайтгача бош муҳаррирни кўрмагандим. Бирон ножўя мақола ёздиммикин ёки бирон кимсани нотўғри танқид қилдиммикин?” деган ўй тинчлик бермасди. Ўзимни босиб олиб, бош муҳаррир хонасига кириб бордим. Одилжон ака ўрнидан туриб менга пешвоз чиқди. Кулимсираб жуда қуюқ саломлашди, ишларим, оилам ҳақида сўради, бироз гаплашиб ўтиргач:
– Сиз коммунист экансиз, кўпдан кузатиб юрибман, журналистикага ҳам жуда қизиқаркансиз, ёзганларингиз бизга маъқул бўляпти, сизни таҳририятга ишга олишни маслаҳатлашдик, – деди самимийлик билан.
Мен унга ишимдаги муаммоларни айтдим
– Мактаб ва колхоздаги ишларингизга боғлиқ муаммоларни ҳал этамиз, хавотирланмай душанба кундан ишга келаверинг, бир ой таҳририят бўлимларида бўлиб, кўникма ҳосил қиласиз, иш усулларини ўрганасиз, сўнг белгиланган зонада мустақил мухбир сифатида иш бошлайсиз, – деди бош муҳаррир.
Одилжон ака сўзининг устидан чиқди, муаммоларим ҳал бўлди, таҳририятдаги барча ҳамкасблар билан ака-укадай бўлиб ишлай бошладим. Биронтасидан шаънимга ёмон сўз эшитмадим. Менинг журналистика соҳасига кириб келишим ва бугун шу даражага етишимга сабабчи бўлган Одилжон ака Обидовдан жуда миннатдорман, бу устозни Оллоҳ раҳматига олган бўлсин. Бағрикенг, барчага бир хил муносабатда бўлган, такаббурликни билмаган бу ажойиб устозда комил инсонга хос барча ижобий фазилатлар мужассам эди, десам янглишмайман.
Матбуот байрами арафасида ҳар галгидек “Ленин йўли” газетасида бирга ишлаган, мен учун жуда қадрли бўлган биродарлар бир-бир кўз ўнгимдан ўтмоқда. Булар Абдуқаҳҳор Маннонов, Насибжон Раҳматуллаев, Омонилло Аҳмедов, Муҳаммаджон Ўринбоев, Талъат Солиев, Омонбой Сотволдиев, Раънохон опа Сарибоева, Турсунбой Адашбоев, Рустамжон Содиқов, Сойибжон Матюсупов, Азизулло Ўринбоев, Нуриддин Мухторов, Музаффар Саидов, Салимахон Қодирова, Санталатхон Файзуллаева, Рўзихон Рўзихўжаева, Жўрабой Қурашев, Усмонжон Рожиддинов, Холматжон Юсупов, Мирзоҳид Мирзараҳимов, Муҳаммадсоли Исмоилов, Ботиржон Ғозибоев, Аҳмаджон Муҳаммаджонов, Комилжон Восилов ва бошқалар. Улар билан бўлган учрашувлар, мулоқотлар, ширин дамлар шундоқ хотирамга муҳрланган. Шу азиз қадрдонларим ичида бу дунёдан ўтганларни Оллоҳ раҳматига олсин, тирикларни ёрлақасин, дея ҳар ибодатимда дуо қиламан.
Ўш шаҳрида ишлаган йилларим газетанинг қишлоқ хўжалик бўлими мудири Абдуқаҳҳор Маннонов билан кўпроқ мулоқотда бўлганман ва бир-биримизга кўнглимиз жуда яқин эди. Камтар, оқкўнгил, беғараз, хушмуомала устозим ҳақида бироз тўхталиб кетмоқчиман. Қишлоқ хўжалигига оид мақола, лавҳаларни кўп ёзардим. Ишга келган дастлабки йилларим мақолани машинкада ёзишдан аввал Абдуқаҳҳор акадан бир кўздан кечириб беришини ўтинардим. У вақтим йўқ демай ўқиб чиқиб, кераксиз, такрорий сўзларни ўчириб, айрим жойларини ўз фикрлари билан тўлдирарди. Бу инсон билан кўпроқ ҳамсуҳбат бўлишга ҳаракат қилардим. Мухбирларга ҳар 20-30 кун оралиғида навбатчилик етиб келар, менинг навбатим Абдуқаҳҳор аканинг тунги редакторлигига тўғри келса қувониб кетардим. У газетани диққат билан ўқир, унинг қўлидан чиққан саҳифадан хато топа олмасдим.
Қалбида заррача ғубори йўқ бу инсон лавозимим юқори дея асло кибрланмас, аксинча бизга ўхшаган ёшлар билан дўстона муносабатда бўларди. Таҳририятда бирон тадбир ёки йиғилиш бўлиб уйга кайтишга кечиксам, у мени албатта шаҳардаги икки хонали уйига таклиф қиларди. Бир пиёла чой устида узоқ суҳбатлашардик. У бошидан ўтган воқеалардан, ёзаётган асарларидан гапириб берарди. Абдуқаҳҳор ака адабиётни жуда севарди, кўп ўқирди. Хонадонидаги катта китоб жавонига “Жаҳон адабиёти” кутубхонасининг энг сара асарлари териб қўйилганди. “Абдуқаҳҳор ака шунча китобни ўқиб улгурасизми?” десам, “ҳозир имкон борича ўқияпман, улгурмаганимни таътилга ёки нафақага чиққанда ўқийман”, дерди. Бу ноёб асарларга қизиққанлар кўп эканини, китобларни битта “Волга” машинасига алмаштирмаганини айтиб берган.
Абдуқаҳҳор ака бутун умрини республикамизда ўзбек матбуотини ривожлантиришга, маънавиятимизни бойитишга, ўлмас саҳна асарлари яратишга бахшида этди. У қишлоқ хўжалиги бўлими ишларини кўнгилдагидек бажариш билан бирга ижод қилишга, асарлар ёзишга ҳам вақт топарди. А.Маннонов адабиётнинг драма жанрида кўпроқ ижод қилди. Қирғиз драматурги Мирзабек Тойбаев билан ҳамкорликда халқимизнинг ардоқли фарзанди Султон Ибраимов ҳақидаги “Эрта сўнган юлдуз” драмасини ёзди. Бу асар асосида саҳналаштирилган спектакль кўп йиллар мобайнида томошабинларга эстетик завқ бағишлаб келди.
Абдуқаҳҳор ака кексалик нафақасига чиққанда ҳам ижод қилишда давом этди. Қирғиз адибларининг асарларини ўзбек тилига ўгирди ва бир неча китоблар муаллифи бўлди. У бугун орамизда йўқ, лекин фарзандлари ва ёзиб қолдирган асарлари тимсолида яшашда давом этмоқда.
Биз илму ҳунар ўрганиб, олий мартабаларга, юқори мансабларга эришсак ҳам таълим берган устозни унутмай, унинг қадрига етиб эъзозлашимиз керак. Бу борада биз Алишер Навоий бобомиздан ибрат олишимиз зарур. Айтадиларки, шоир дўстлари билан отда кетаётиб, кўчада ўйнаб юрган бир норасида болани кўриб қолиб, отдан тушиб, болани бағрига босиб салом бердилар. Эркалатиб иззат-икром кўрсатдилар. Ҳаққига дуои хайрлар қилиб, хайр-хўшлашиб кейин отларига миндилар. Ёнидагилар таажжубланишиб: “Ҳазрат! Бир ёш болага шунчалик илтифот кўрсатишингизнинг боиси нима? – деб сўрашди. Ҳазрат Навоий: “ Бу бола устозим Мавлоно Жомийнинг набирасидир” деб жавоб берди.
Оллоҳ таоло илму маърифат тарқатиш йўлида хизмат қилиб, ўз бурч ва вазифаларини сидқидилдан адо этиб, бу ёруғ дунёни тарк этган устозларни раҳматига олсин, умрлари зиёда бўлиб, хизматларини давом эттираётган ҳамда кексалик гаштини сураётган устозларга узоқ умр, тани соғлик, бахту саодат насиб этиш билан бирга Ўзининг улуғ мукофотларига сазовор этсин.
Мўйдинжон АБДУМАЖИДОВ
Бозорқўрғон шаҳри.
