ЖАМИЯТ ҚАДРИЯТ 

ОҚБУРА ДАРЁСИНИНГ ЎТМИШИ ВА БУГУНИ

Оқбура дарёси, ўшликлар назарида, Танги деган жойдан бошланади. У Ўшдан қарийб йигирма чақирим жанубдаги икки улкан тоғ қояси орасидаги тор сув йўли бўлиб, Оқбура дарёси суви ўша жойда тоғдан шитоб билан отилиб Ўш водийсига тушиб келади. Дарҳақиқат, “танг” сўзи сўғд тилида – тор, қисиқ жой маъносини англатади.

Аслида эса, бу дарё Попон сув омборидан эмас (у, ҳозиргина айтганимиздай, 1973 йилда ишга туширилган), Кичик Олой тоғ тизмаларидан бошланиб, Попон, Кўкбел каби тоғларни қоплаган қор ва муз сувларидан тўйинади. Тангидан Ўшга етиб келгунча Оқбура дарёсининг суви 15 каналга тақсимланиб кетади. Улардан еттитаси дарёнинг ўнг (шарқий) ва саккизи чап (ғарбий) томондан ўтказилган. Ўнг томондаги Ҳожи (Хўжаариқ), Увом, Мўян, Яккалик, Жанубий каби каналлар, чап соҳилдан эса Аравон, Қайирма, Жўпас, Жаннатариқ ва бошқа сув йўллари чиқазилган.

Оқбуранинг юқори қисмидан сув оладиган “Аравон”, “Бешбўйноқ” (Жанубий) каби катта каналлар дарё сувининг анчагина қисмини “сўриб” олиб, Ўшнинг теварак-атрофидаги катта экин майдонларини суғоришга кетади, деярли учдан бир қисмигина Оқбуранинг азалий ўзанига ташланади. Дарё Танги қисиғидан ўтганидан бошлаб турли каналларни сув билан таъминлайди, Ўш шаҳрининг этагига етганида эса катта-кичик тармоқларга бўлиниб, Ўш ва Андижон вилояти экинзорларини суғоради. Ушбу сув йўлининг асосий қисми – 60 км. га яқинида дарё чуқур дара ичида оқади.

Улар ичида энг каттаси Жанубий канал бўлиб, у Каттатоллиқ ва Ўттизадир ерларини обиҳаёт билан таъминлайди, узунлиги 50 чақиримдан ошади. Бу канал ўтган асрнинг олтмишинчи йиллари бошида кавланган.

Оқбура йўлида турли йилларда айрим кичик ГЭСлар ҳам қурилган эди. Жумладан, 1957 йилда ишга туширилган колхозлараро ГЭС ўша йиллари ўн учта колхоз ва Ўш шаҳри бир қисмининг эҳтиёжини қондирган.

Бу дарё ҳавзасидаги тотли сув 1956 йилдан бошлаб сувқувурга олинган ва дастлаб янги шаҳар аҳолисига етказиб берилган. Ариқлардан сув ичишга эса 1970 йилларнинг ўрталарига кeлиб бутунлай барҳам бeрилди.

Бу дарёнинг нима сабабдан Оқбура деб номлангани аниқ эмас. Эҳтимол, баъзи китобларда ёзилганидай, “оқ бўйра” деган маънодадир. Чунки ўзбек эртакларида дарё сувининг ялтираши ойдинда йилтираб турган бўйрага кўп ўхшатилади, шоирлар ҳам дарё мавжини “бўйра-бўйра тўлқинлар” деб ташбеҳ қилишади. Қолаверса, Оқбўйра деган сойлар Фарғона, Самарқанд вилоятларида ҳам бор. Унинг “Оқ” деган сифатдан бошланишига сабаб тоғ дарёси экани туфайли бўлса керак, маълумки, тоғдан бошланган дарёлар Оқсув, Оқдарё қабилида, ер сизот сувларию булоқлардан тўйинадиган сойлар эса Қорасув, Қорадарё деб номланади. Оқ сўзига қўшиладиган бура нима маънони англатиши эса жумбоқ, албатта. Бу дарёни аксар кишилар Оқбўйра эмас, Оқбура деб аташади.

Оахшо дарёси, кейинчалик эса Андижон рўди деб аталган бу наҳрнинг номи кейинчалик нега ўзгариб, ҳозиргидай Оқбура деб атала бошлаган? Илмий манбаларда бу тўғрида маълумот топилмади. Тўғри, Бошқирдистонда ҳам Оқбура дарёси, Татаристонда Оқбура қишлоғи бор. Қозоғистонда Оқбура ота деган авлиё яшаб ўтган, дейдилар ва ҳозирги кунга келиб ул зотнинг маҳобатли турбати тикланган. Қирғизистонда эса Қорабура деган гидронимлар ҳам учраб туради.

Бизга, дарё номи Оқбўйра эмас, Оқбура эди-ку, деб савол беришлари мумкин. Бизнингча, агар дарёнинг асл номи бўйрадан келиб чиқмаган бўлса, у Оқ бура бўлади, яъни дарёнинг номи унинг ўзани йўлидаги энг катта географик объект бўлмиш Бура тоғи (Буракўҳ) номига боғлиқ бўлади. Бу ҳол мантиққа зид эмас, чунки тоғ дарёларининг суви оҳиста ва текис оқмайди, бир пайтлари пишқириб оқаётган бу дарёни оқ бурага – бўз тусли қўшўркач туяга қиёслаб номлаган бўлишлари ҳам мумкин. Одатда, тоғ дарёси тасвирланаркан, унинг мавжларини туя ўркачига менгзаб, “ўркач-ўркач тўлқинлар” дейилиши ҳам сўз санъатимизга хос ҳодисадир.

Оқбура дарёси оқиб ўтиши биланоқ, унинг муайян жойида шаҳар бино бўлиб қолмайди, албатта. Бунинг учун юза ерда етарли сув бўлиши лозим. Ўш шаҳрининг теварагига эътибор берсак, тарихнинг хийла олис замонларидаёқ дарёнинг шаҳар юқори қисмининг қулай ўрни бўлган Танги дарасидан бир неча каналлар чиқарилганини кўрамиз. Бобур ёзган дарёдан баланддаги боғлар ана шу каналларнинг суви билан сероб бўлган эди.

Бобур Андижон шаҳрини таърифларкан, “Тўққуз тарнов сув кирар. Бу ажабтурким, бир ердин ҳам чиқмас”, дея таъкидлаб кўрсатган. Улар ичида энг асосийси Оқбура дарёси эди. У пайтларда, ҳатто бу дарё номи ҳам Оқбура эмас, Бобур кўрсатганидай, “Андижон рўди” (Андижон дарёси) деб аталган. Аммо бундан икки асрча муқаддам Қўқон хонлиги Шаҳрихон шаҳрини барпо этиб, уни суғориш учун Кампирровот дарасига солинган тўғон орқали Шаҳрихонсой каналини кавлаб ишга туширгач, Оқбуранинг сув йўлини Шаҳрихонсой кесиб қўйган, у Андижон шаҳрига етиб бормай, яқин атрофдаги экинзорларни суғориш билан ўз йўлини тугатадиган бўлди. Шу боис, кейинчалик Шаҳрихонсойга параллел равишда, ундан икки чақиримча шимолдан Қорадарёдан яна бир янги канал очилди ва у, илгари Оқбура дарёси “Андижон рўди” деб аталгани каби, “Андижонсой” деб номланди.

Аммо изланишлар Оқбура дарёсининг тарихи борасида янги маълумотларни ҳам тақдим этаётир. Милодий 982-983 йилда ёзилган, муаллифи номаълум “Ҳудудул олам” асарида “Ўш дарёси Ўш ва Ўрашт оралиғидан ўтади ва Ўзганд дарёсига қуйилади” деб қайд қилинган. Ўзганд дарёси деганда Қорадарё кўзда тутилади, чунки Қорадарё Ўзган шаҳри ёнидан оқиб ўтади.

Бундан кўринадики, Оқбура дарёси қадим замонларда Қорадарёнинг чап ирмоғи бўлган ва унинг суви Қорадарёга қўшилгач, ҳозирги Наманган вилоятининг Чўжа қишлоғи этагида Норин дарёси билан бирлашиб, Сирдарёни ҳосил қилган. Бу эса Оқбура дарёсининг суви ҳам бир пайтлар Сирдарё ҳавзасига кирганини, бу сув ҳам ҳозирги Орол денгизига бориб қўшилганини кўрсатади. Эҳтимол, Бобур қайд қилганидек, ҳақиқатан ҳам Сирдарё ҳеч бир денгизга бориб қуйилмай, қумликлар бағрига сингиб кетгандир.

Бундан келиб чиқадики, ё “Ҳудудул олам” асари муаллифи Ўш сойини Қуршоб дарёсига бориб қўшилиб, сўнг Қорадарёга қуйилади, деганида хатога йўл қўйган, ё бўлмаса, бу асар ёзилганидан сўнг қай бир асрда сув етишмаслигидан азият чеккан андижонликлар дарё Қуршоб томонга бурилишидан олдин канал қазиб, дарё ўзанини Андижон томонга бурган бўлиб чиқади. Бироқ асов тоғ дарёсини бу тарзда жиловлаш учун у даврда техника бўлмагани сабаби бу амри маҳол иш эди. Демак, “Ҳудудул олам” муаллифи бу ўринда қандайдир хатога йўл қўйган. Башарти “Ҳудудул олам”да кўрсатилган фактлар тўғри бўлса, унда гидрографлар томонидан ўша Х асрларда Оқбуранинг суви айнан қайси ерда Қорадарёга қуйилганини ҳам аниқласа бўлади.

Ўша китобда “Ўш дарёси Ўш ва Ўрашт оралиғидан ўтади ва Ўзганд дарёсига қуйилади” дейилади. Ўш-ку, ҳозирги Ўш шаҳри, аммо Ўрашт қайси манзил бўлса экан? Бу борада иккита тахминни илгари суриш мумкин:

  • Агар бу икки шаҳар бир-бири билан рўпара турмаганида, “оралиғидан ўтади” дейилмас эди, бинобарин, Ўшнинг шарқий томонида ўша даврда Ўрашт деган алоҳида шаҳар бўлган. Чиндан ҳам, улкан ва ўта шитоб билан оқадиган асов тоғ дарёси (унутмаслик керакки, “Ҳудудул олам”да Ўш дарёси Марказий Осиёдаги энг йирик 17 дарёсидан бири деб кўрсатилган) устига кўприк қуриш бундан минг йиллар илгари амри маҳол бўлган ва бу икки манзил қадимда икки алоҳида шаҳар бўлиб, кейинчалик қўшилиб кетган;
  • Бундан бир неча минг йиллар илгари шу атрофда ташкил топган манзилгоҳлардан бири ҳозирги Ўттизадир ҳудудида бўлган. Эҳтимол, бу ўша Ўраштдир. Бу шаҳарнинг энг ғарбий чеккаси Ўш яқинидаги Бувалашкар қабристони ўрнида бўлиши ҳам мумкин…
  • Бундан келиб чиқадики, Ўрашт ҳам Ўш сингари жуда қадимий шаҳарларимиздан бўлган; унинг тарихини ўрганиш – археолог олимларимиз олдида турган алоҳида бир вазифа.

Демак, бугунги аэрофото имкониятларига таянган ҳолда, Оқбура дарёсининг ўша, Х асрдаги асл ва табиий ўзанини ҳам аниқлаш мумкин.

Бобур замонига келиб эса Оқбура суви Андижонга борган. Бундан шундай табиий хулоса келиб чиқади: агар Х асрдаги “Ҳудудул олам”да реал воқелик акс эттирилган бўлса, унда ўша Х асрдан кейин, бироқ мўғул истилосидан олдинроқ бир замонда Оқбура суви катта бирон сел таъсирида Андижонга қараб бурилган бўлиши ҳам, ёинки унинг сувидан Андижонни суғориш учун чиқарилган канал бора-бора кенгайиши ва чуқурлашиши оқибатида дарё азалий йўлини ўзгартириб, тўлалигича янги издан оққан ва унинг эски ўзани бора-бора кўмилиб кетган бўлса, эҳтимол.

Албатта, бир мантиқий савол туғилади: ушбу тарихий манбалардаги маълумотларнинг бугунги кунда қандай аҳамияти бор?

Бу энг ибтидоий тарихимизни тўғри тасаввур этишимиз учун даркор. Қадимги манзилгоҳлар – илк шаҳарлар дуч келган жойда эмас, бирон дарё бўйида барпо бўлганини эсга олсак, тарихий-археологик қазиш ишларини дарёларнинг эски ўзанлари ёқасидан белгилаб олиб бориш фойдали ва натижали бўлади. Ўрашт шаҳри харобаларини археологлар Оқбура дарёсининг ўнг соҳилидан, Қуршоб дарёсига яқин манзилдан қидиришлари керак.

Ҳар ҳолда, жонажон шаҳримизнинг сирли ўтмиши қаърига қанча чуқур кириб борганимиз сари, янги-янги фараз ва тахминлар, маълумотлар, талқинлар юзага чиқа беради.

 

 

 

Зуҳриддин Исомиддинов

 

боғлиқ хабарлар