Без рубрики 

ЮРАК НИДОСИ

бир йигитнинг  ҳикояси

Ўша сўнгги учрашувдан буён ўзимни тинчлантиришга, дунё ишлари шу экан-да, деб босиқроқ бўлишга, бепарвороқ кўриншига қанча уринмайин, мана, йил ўтяптики, ҳеч уддасидан чиқа олмаяпман. Ҳамон кўз ўнгимда унинг бетакрор қиёфаси. Ширин висол онлари ёдимга тушса, ўзимни боса олмайман. На ишимда унум, на уйқумда ором бор. Ёдимга тушган заҳоти юрак гурс-гурс уриб потирлайди. Нидоси бўғзимдан отилиб чиқаётгандай:

 

“Кимга айтай бу дардим, ёр охир кетар бўпти,

Ўзга бир ёр бағрига абад йўл тутар бўпти.

Қанчалар ёлвормадим, кирмади сўзларимга,

Ташлаб кетди бераҳм  тик қараб кўзларимга.

 

Қат-қатимга ўрнашиб олган эдинг, малагим,

Ўзинг эдинг дунёда танҳо орзу-тилагим.

Висол они қоришиб унутардик ташвишни,

Олам эди чароғон, билмасдик алам, ғашни”.

 

Гулжаҳон билан илк учрашувимиз биринчи сентябрга тўғри келганди. Ўшанда мен институтни тамомлаб, мактабга ишга келгандим. У мендан бир йил муқаддам педагогика билим юртини тамомлаб, бошланғич синф муаллимаси бўлиб ишлаётган экан. Ҳусну жамолини таърифлашдан ожизман. Аммо беш йил институтда ўқиб, у каби гўзалликда тенгсиз, жаҳондаги минглаб гуллар чиройидан ҳам сулув қизни учратмаган эдим. Исми жисмига жуда мос тушган эди. Мактабда ўтган тантанада ундан кўз узолмай қолдим, сабаби, юрагим уни танлаган эди. Шунда ёнимдаги бир таниш муаллимдан: “Ҳув анави қиз турмушга чиққанми?” – деб сўрадим. У ҳазилкашроқ экан:” Нима, бир кўришда севиб қолдингизми, сизга жуда муносиб қиз”, – дея таъриф берди. Кунларни-ку, гапирмай, тунларимда ҳам ором қолмади. Ўша кундан фақат уни ўйлайман. Ҳар куни ишга ҳаммадан илгари келаман, иккинчи қаватдан унинг келишини кутаман. Ҳар қандай кийим унга жуда ярашади. Хипча қомати, сутга чайилгандек оппоқ юзлари, қоп-қора қоши, белига тушган сочлари ҳусну камолини кўз-кўзлайди. Ўзимча уни бағримга босгандай бўламан. Муаллимлар хонасига кириб келар экан, ҳазиломуз оҳангда: “Гулжаҳон – жаҳондаги гуллардан-да гўзал”, – дейман. У эса ойнага маъюс термулади. Яна ўзига оро бергандай бўлади. Уни кўриб юрагимда заррача ғубор қолмайди. У кўз ўнгимда, шундан кўнглим тўқ… Аммо қармоғимга илинтириш учун нима қилишимни билмайман.

Ниҳоят бунинг имкони топилди. Ўқув йилининг биринчи ярми якунига бағишланган педагогик кенгаш бўлиб қолди. Ўқитувчилар бир синфга киришди. Ёним бўш эди. У синфга ёруғ юлдуздай кириб келди. Шунда мен: “Гулжаҳон, бу ёққа”, – дедим. Салом бериб, ёнимга ўтирди. Мактаб директори, илмий мудир гапиришяпти-ю, аммо уларнинг сўзлари қулоғимга кирмай, бутун хаёлим унда. Шунда бир алломанинг: “Қўрқоқ севги изҳор қила олмайди, бу – марднинг иши”, – деган сўзлари ёдимга тушди-ю, қўлимга қалам олиб, ушбу шеърни ёзиб секин олдига суриб қўйдим.

 

Қулоқ тутинг Гулжаҳон,

Беринг менга бир имкон.

Сизни танлади юрак,

Сўзларим эмас ёлғон.

 

Ҳеч ким кўрмас қишлоқда,

Ушрашайлик гулбоғда.

Гапингиз айтинг дангал,

Юрмай ҳижрон, фироқда.

 

Шунда хаёлимга қиз болага дабдурустан шундай шеър ёзиш яхши эмасдир, деган фикр келди. “Шеъринг бошингдан қолсин, довдир”, деб ғижимлаб бетимга отиб юборса-чи? Аммо Гулжаҳон бундай қилмади. Шеърни ўқигач, ним табассум қилиб, уни жемпери чўнтагига солиб қўйди. У билан ярим йилдан буён ишласак-да, баъзи қизларга ўхшаб бўлар-бўлмасга кулаверганини, ҳамкасблари билан гап талашганини кўрмадим.

Анча мулоҳазали, босиқ қиз эди. Демак, қалбида ғубор йўқ. У каби қизлар, менимча, севгига садоқатли бўлади. Бахтимни қарангки, мажлис тугаб уйга отланар эканман, у ҳам йўлга тушди. Тун борлиққа сепини ёйган эди. Ундан, кузатиб қўйсам майлими, деб сўрадим. Қаршилик кўрсатмади. Йўлда кетар эканмиз, ундан “шеър ёқдими?”, деб сўрадим. “Ёмон эмас, аммо бор гапингизни ҳозир айта беринг, ҳеч ким йўқ-ку”, – деди. Мен эса: “Йўқ, юрак сўзларимни ўша гулбоғда айтаман, хўп десангиз, эртага дарсдан кейин учрашайлик”, – дедим.

Қиш бўлгани боис боғда ҳеч ким йўқ. Иссиқ кийиниб, йўллакдаги юпка қорни ғичирлатиб, у ёқ-бу ёққа юрдим. Ваъдага вафо қилиб келганида бошим омонга етди. Салом-аликдан сўнг нима дейишимни билмай туриб қолдим.

– Гулжаҳон, – дедим ҳис-ҳаяжонимни босишга уриниб, – мактабга ишга келган кундан бери сиз менга ёқасиз, юрагим тўридан жой олгансиз, дил изҳор қила олмай қанчалар қийналдим. Охири юрагимдагини шеър билан ёзишга жазм қилдим. Буни сиз ҳам сезиб юрсангиз керак. Ҳар қалай, юлдузимиз учрашди. Бу иккимиз учун катта гап. Сизни бахтиёр  қилиш учун ҳеч нарсамни аямайман. Абадул-абад бирга бўлишга ваъда беринг, менинг бир умрлик ёстиқдошим, суянчиғим бўлинг. Бир-биримизни севганлигимиз, майли, элга ошкор бўлсин. Яна бир йил кутсангиз, келаси йил тўй қиламиз.

Шу ерда у гапимни бўлди. Кулимсираган оҳангда: “Мунча хаёлпараст бўлмасангиз, Баҳодир ака, биринчи учрашувдаёқ тўй-томоша қилиб, бир ёстиққа бош қўйиб бўлдингиз-ку. Менинг ҳам ота-онам, қариндошларим бор, уларнинг ҳам раъйига қараш керакдир? Мен-ку розиман, аммо бу билан ҳамма иш битди, дегани эмас-ку. Яхшиси, сабр қилайлик, ҳамма нарса вақтга боғлиқ. Ёр бўлсам, сиздек йигитга ёр бўларман. Аммо ота-онамнинг розилигисиз қандай турмуш қиламан?” – деди.

Бир жиҳатдан, унинг сўзларига қувонсам, иккинчи ёқдан чуқур ўйга толдим. Менда кўнгли борлигини ота-онасига айтса, рози бўлишмаса-чи?

Ҳаммаёқни ям-яшилликка буркаб баҳор келди. Висол паккамиз – сойликдаги боғ ранг-баранг гуллаган дарахтлару гуллари, кўм-кўк ўтлоғи билан ўзини кўз-кўзламоқда. Ҳар гал арча остидаги оромкурсида маза қилиб дам оламиз. Шу ерда юракдаги гапни бир-биримизга айтамиз. Бир куни: “Гулжаҳон, мен ҳар бир айтган сўзимга жавоб бераман, йигитнинг сўзи қасам. Сиз мен учун қалбимга тафт берган порлоқ қуёшсиз. Сизни кўрсам дилим қувнаб, олам чароғон бўлади”, – дея елкасига қўлимни ташлаб бағримга тортдим. Юрагим янада тезроқ ура бошлади. Ҳаяжондан тилим каловланди. У ҳам энтика-энтика чуқур нафас оларди. “Севасизми?” – сўрадим кўзларига тик боқиб.

– Баҳодир ака, ўзингизни ҳам, мени ҳам қийнаманг, сизда кўнглим бўлмаса, шу боғда учрашармидим?

Ўшанда унинг иссиқ тафти вужудимни эритди, тўйиб-тўйиб лабларига лабимни босдим.

– Гулжаҳон, сизга айтадиган муҳим гапим бор. Тоғам Россияда, мени келгин деяпти. Ростини айтсам, топган тутганим тўй харжига етмас экан, шу боис 5-6 ой ишлаб келмоқчиман. Баҳор фасли – айни май ойида тўйни бошлаймиз Худо хоҳласа. Сизга ишонаман, мени кутасиз-а?

– Аввало ой бориб, омон келинг, сизни кўзим тўрт бўлиб кутаман. Қандай совчи келса рад жавобини бераман. Аммо ота-онамга мен  Баҳодир акамни кутаман, деб қандай айтаман? Хотиржам бўлинг, мен ҳам севгимиз учун курашаман иродам етганича. Қўл телефонимга қўнғироқ қилиб туринг.

Мен чет элга кетгач, дадам томдан йиқилиб, оёғи жароҳатланибди. У дурадгорлик қиларди. Шогирдлари билан бировнинг томини ёпиш пайтида фалокат юз берган экан. Дадам анча даволанибди, аммо яхши босолмай, ишга боролмаган. Мен даволанишлари учун пул юбориб турдим. Барибир олдингидай юролмай қолибди. Бу орада Гулжаҳонга совчилар келганини, аммо ҳеч кимга тегмайман, деб жанжал кўтарганини менга қўнғироқ қилиб айтишди. Кузакда тагли-тугли бадавлат оиладан совчилар келибди. У онасига кўз ёши қилибди, ҳатто ўзини осмоқчи бўлганини кўриб қолишибди. Дадаси ишга юбормай, бир уйга қамаб қўйибди. Бой хонадондан келган совчиларга унинг изнисиз розилик берибди. “Мен ҳам онангга севги-муҳаббатсиз уйланганман, мана, беш фарзандли бўлдик, севмасанг, кейинчалик севиб қоласан”, – деб бир ҳафта ичида тўй қилиб, Гулжаҳонни узатиб юборибди.

Бўлар иш бўлибди, дедим ўзимча. Энди унга бахтли ҳаёт тилашдан ўзга чорам йўқ. Кимга келин, кимга ёр бўлмасин, тинч-соғ бўлсин. Оиланинг суюкли аъзосига айлансин. Фарзандлар кўрса, бахтли бўлиб камол топишсин.

Ҳа, бизнинг пешонамизга айрилиқ дарди битилганми, билмадим. Севишганларнинг бир-бирларига зор бўлиб ўтиши қадим китобларда битилган. Юраклари соф севгига тўла инсонлар муҳаббатни қадрлайдиган бўлишади. Ўйларим кўп, фақат Гулжаҳон билан ўтган дамлар қалбимга бироз ором бағишлайди. Ўша баҳорнинг илк кунларини эсладим. Қандай ҳарорат ва кайфият билан борардим ёнига. Кўрганда қувониб кетиши, ғам-ташишни унутиши мени бутунлай ром этганди. Мен ўзимни жуда бахтиёр ҳис этардим. Уни мудом кўргим, эркалатгим келарди ва бунинг уддасидан чиқардим ҳам. Қани энди, ўша дамлар қайтиб келса. Энди туш бўлиб қолди у кунлар.

Мана, Россиядан келганимга ҳам бир ойча бўлиб қолди. “Чинакам қувонч ҳам, бахт ҳам, яшамоқдан мақсад ҳам севги туфайлидир”, – дейдилар. Бугун менда усиз қувонч ҳам, бахт ҳам, яшашдан мақсад ҳам йўқ. Ота-онам менга тўй қилмоқчилар, аммо мен розилик бермаяпман. Чунки қафасдаги юрак ҳамон ҳайқиради. “Қани ўша соҳибжамол, уни топиб берасан, йўқса ўзимни нобуд қиламан”, – дея жар солади. Дил тубидан чиққан нидони мен каби ёшлар, вақтлари бўлса, ўқиб қўйишсин ва хулоса чиқариб олишсин.

 

Юрагим сўрайди:” Қани ул ёра?

Кетдими мени у қилиб минг пора?

Топасан, бўлмаса ўзимни ёқиб,

Кетаман дунёдан кул бўлиб ёниб”.

 

Эй ёрим, не дейман юрак сўзига,

Қайлардан топаман энди ўзингни?

Тўйиб термуламан кимнинг юзига,

Тинглайман қайлардан шўх овозингни?

 

Юрагим излайди топиб баҳона,

Бўлмаса, бўлиниб бўлар минг пора.

Лек соғинч кўп бўлар, унда мен нетай,

Бу дардга, айтинг-чи, мен қандай чидай?

 

Мунчалар ситамга солмасанг, ёрим,

Бунчалар бешафқат бўлмасанг, ёрим.

Васлингга зор бўлиб боққа келардим,

Кундек жамолингга обдан тўярдим.

 

Дилимни ёндириб кетдинг, гўзал ёр,

Бегона дилни ёр тутдинг, гўзал ёр.

Ташладинг, азизим, ситам-фироққа,

Сенингсиз бошимни урай қаёққа?

 

Йигитнинг ҳикоясини оққа кўчирган

Мўйдинжон  АБДУМАЖИДОВ.

 

 

боғлиқ хабарлар