Россияга қарши санкциялар: Қирғизистоннинг яна 2 икки ширкати “қора рўйхат”да  

АҚШ ва Европа давлатлари дунё бўйлаб Россияга қарши санкцияларни кучайтирмоқдалар.

АҚШ Молия вазирлиги 12 июн куни Қирғизистондаги икки ташкилот – «Нова Проект» ва «Транзит Сервис Бишкек» ширкатларига қарши санкциялар киритди. Ушбу ширкатларни Украинадаги уруш бошлангандан кейин Бишкекда Россия фуқаролари очишгани маълум. АҚШ молия вазирлиги баёнотида айтилишича, ушбу ширкатлар Қирғизистон орқали Россияни тақиқланган турли саноат жиҳозлари билан таъминлаб келган.

Ғарб давлатлари Украинага миллиардлаб доллар ёрдам кўрсатиш баробарида Россия ва унга кўмак кўрсатишга уринган турли давлатларга қарши санкцияларни кучайтирмоқдалар. Санкцияга киритилган ширкатлар қаторида Марказий Осиё давлатларидаги корхоналар ҳам тилга олинмоқда.

Бунгача Россиянинг мудофаа саноати эҳтиёжлари учун электроника жиҳозлари ва бошқа маҳсулотлар етказиб бергани учун Қирғизистоннинг бешта ширкати ғарб санкцияларига гирифтор бўлган. Ўтган йилнинг ноябрида АҚШ Ўзбекистоннинг дронлар ишлаб чиқарувчи Mvizion ширкатини Россия қуролли кучларига кўмаклашишда айблаган. Лекин иш санкцияга бориб етмаган.

Россияга санкцияланган товарларни етказиб берган шахслар ва ширкатлар рўйхатида Беларус, Бирлашган Араб Амирликлари, Болгария, Сербия, Туркия, Қирғизистон, Қозоғистон, Хитой каби кўплаб мамлакатларнинг 90дан ортиқ вакиллари бор.

Бу давлатларда ғарб санкциясига тушиб қолмаслик учун турли тадбирларни кўришга мажбур бўлмоқдалар. Жумладан, яқин орада Қирғизистоннинг айрим тижорат банклари Россияга ва Россиядан пул ўтказишни қисман тўхтатди. Бу қадамга оммабоп “Мбанк”, “Компаньон Банк”, “РКС Банк”, “Қирғизистон-Швейцария банки” (КСБ), “Қирғизистон тижорат банки”, “Керемет” банки кабилар боришган. Улар бу чекловларнинг вақтинчалик эканини ваъда қилмоқдалар.
АҚШ расмийлари 12 июн куни Москва валюта биржаси, Миллий клиринг маркази ва Миллий ҳисоб-китоб депозитарийсига қарши санкциялар киритди. Шу сабабли, 13 июндан бошлаб Москва валюта биржаси АҚШ доллари ва евродаги савдоларни тўхтатганини эълон қилди. Бу каби ҳодисалар минтақа давлатларида доллар ва евро курсининг беқарор бўлиб қолишига сабаб бўлмоқда.
Шу кунларда Ўзбекистоннинг “Asia Alliance Bank” банки ҳам россияликлар билан барча турдаги валюта операцияларини тўхтатганини эълон қилди. Лекин тез орада ушбу хабар ўчириб ташланди. Бунинг сабаби ҳозирча номаълум. Маълум бўлган гап шуки, турли ширкат ва банклар санкцияга тушиб қолиш хавфи остида турли йўллар тутишга мажбур бўлишмоқда.

Бугунги кунгача АҚШ Молия вазирлигининг санкциялар рўйхатига Россия ва бошқа турли мамлакатларнинг 300дан зиёд ташкилот ва жисмоний шахслари киритилган. Ҳозирча бу  рўйхатда Ўзбекистон ширкатлари йўқ, лекин АҚШ бутун минтақа давлатларини Россияга қарши киритилган санкцияларни четлаб ўтишга ёрдам бермасликка даъват қилиб, акс ҳолда улар иккиламчи санкцияларга киритилиши билан таҳдид қилиб келмоқда.

Оқбура, Бишкек.

Расм интернетдан олинди

 

боғлиқ хабарлар

Изоҳ қолдиринг