Одам бўлса бас, айблов топилади: Блогер Отабек Аҳлиддинов етти йилга қамалди
Тиббиёт соҳасида кичик амалдор бўлган фаол ўз чиқишларида ҳукумат тизимларини танқид қилиб келар эди.
Андижон вилоятининг жиноий ишлар бўйича суди маҳаллий блогер Отабек Аҳлиддиновни 7 йилга йилга озодликдан маҳрум қилиш ҳақида ҳукм чиқарди. Аввалроқ жиноят ишлари бўйича Хонобод тумани суди уни 5 йилга қамаш ҳақида ҳукм чиқарган эди.
Тошкент шаҳрида жойлашган “Эзгулик” инсон ҳуқуқлари жамиятининг раиси Абдураҳмон Ташановнинг маълум қилишича, Отабек Аҳлиддинов давлат маблағини ўзлаштириб олишда айбдор деб топилган.
Маҳкум бунгача Андижон вилоятидаги Шаҳрихон тумани марказий поликлиникасида бўлим бошлиғи лавозимида ишлаб келган. Тергов хулосаларига кўра, ўз фаолияти давомида Аҳлиддинов 200 миллион сўмдан (16,2 минг АҚШ доллари) ортиқроқ пулни ўзлаштириб юборган.
Блогер жорий йилнинг сентябрида қамоққа олинган эди. Хонобод тумани суди қароридан норози бўлган прокуратуранинг мурожаати асосида ишни қайта кўрган апелляция суди блогерга яна икки йил қамоқ жазосини қўшиб берган.
Отабек Аҳлиддиновнинг Ўзбекистондаги “Эзгулик” инсон ҳуқуқлари жамияти аъзоси бўлгани ва ўз чиқишларида расмий давлат органлари фаолиятини танқид қилиб келгани айтилади.
Бунгача Ўзбекистонда бир қатор таниқли блогерлар, жумладан, Отабек Сатторий, Олимжон Ҳайдаров ва бошқалар узоқ муддатга қамалган. Барча ҳолатларда суд уларни турли хил жиноятларни содир этишда айбдор деб топган.
Совет даврида ҳуқуқ-тартибот органлари ходимлари орасида “одам бўлса бўлди, айблов моддаси топилади”, (“Был бы человек, а статья найдется”) деган ярми ҳазил, ярми чин гап бўларди. Яъни, одамки бўлса, қаердадир, қандайдир қонунбузарликка йўл қўяди, деган маънода.
Афсуски, бу гапнинг тагида жон бўлиб, совет даврида ҳам давлат органларини танқид қилган, сиёсат борасида ўз фикрига эга бўлган ва уни очиқ баён қилган шахсларга нисбатан кўп ишлатилган. Одатда улар туҳмат асосида қамалишган.
Хуллас, “ўйнашмагин арбоб билан, арбоб урар ҳар боб билан”, деганларидек, давлат органлари ва катта амалдорларни танқид қилишга журъат этган одамнинг ўзи ниҳоятда эҳтиёт бўлиши, қонунларга риоя қилишда бошқаларга намуна бўлиши керак.
Оқбура, Бишкек.
Расм интернетдан олинди