Қурбон ҳайитингиз муборак бўлсин, азиз мухлислар!

Қурбонликка сўйиладиган қўчқорнинг энг арзони қайси давлатда эканини биласизми?

“Оқбура” сайти жамоаси ва раҳбарияти сиз азиз мухлисларимизни Қурбон ҳайити байрами билан самимий муборакбод этади. Хонадонларингизга тинчлик ва ҳотиржамлик, файз-барака тилаймиз! Аллоҳ юртларимизда тинчлик-тотувлик ва адолатни, яхшилик ва тараққиётни собит қилсин, ҳар бир эзгу амал, солиҳ ва савоб ишларимизни бардавом ва баракотли қилсин!

Қурбон ҳайити билан боғлиқ айрим маълумотлар:

Дунёнинг барча мусулмон давлатларида, жумладан Марказий Осиё мамлакатларида ҳам байрам эртага, 28 июн куни нишонланади. Ҳайит намози асосан жомеъ масжидларида, айрим давлатларда эса йирик шаҳарларнинг майдонларида, ёки жомеъ масжидлари ва уларга яқин кўчаларда  ўқилади. Жумладан, Бишкекда одатдагидек пойтахт ва йирик шаҳарларнинг майдонларида ўқилса, Россиянинг Москва, Санкт-Петербург каби йирик шаҳарларида масжидларда жой етишмаслиги туфайли уларга яқин кўчаларда ҳам ўқилиши кутилмоқда.

Барча жойларда маҳаллий ҳокимият намозхонлар учун шароит тузиб беришга тайёр. Намоз иштирокчиларининг хавфсизлигини таъминлаш учун минглаб тартиб посбонлари кучайтирилган тартибда хизмат ўташади. Кўчаларнинг намоз ўқиладиган қисмлари транспорт учун ёпиқ бўлади.

Россиянинг “Спутник” нашри қатор мусулмон давлатларида қурбонлик учун сўйиладиган қўчқорларнинг нархларини ўрганиб чиқди ва уларнинг энг арзони Озарбайжонда эканини аниқлади. У ерда қурбонлик қўчқорини 150 доллардан 170 долларгача нархда олиш мумкин.

Энг қиммати эса Туркманистонда бўлиб, у ерда қурбонликка ярайдиган қўчқорнинг нархи 300 доллардан 320 долларгача экани маълум бўлган. Қизиғи, айнан шу чорвачиликка ихтисослашган давлат минтақанинг энг қашшоқ мамлакати ҳисобланади.

Қуйида Марказий Осиё ва Туркия, Озарбайжондаги қурбонликка сўйиладиган қўчқорларнинг нархлари билан танишиш мумкин:

$150-170 – Озарбойжон;

$156-170 – Қозоғистон;

$150-175 – Тожикистон;

$172-183 – Қирғизистон;

$250-270 – Туркия;

$250-280 – Ўзбекистон;

$300-320 – Туркманистон.

Қурбон ҳайити куни юқорида кўрсатилган давлатларда дам олиш куни ҳисобланади ва ҳукумат қарори билан уларнинг айримларида эртадан тортиб ҳафта охиригача дам олиш кунлари деб эълон қилинди.

Байрамингиз хайрли ва файзли ўтсин!

Оқбура, Бишкек.

Расм интернетдан олинди

боғлиқ хабарлар

Изоҳ қолдиринг