ЧЕГАРАЛАРАРО ДАРЁЛАРНИНГ ЭГАСИ БОРМИ?

Яқинда Улуғбек Марипов бошчилигидаги ҳукумат аъзолари Қирғизистон республикаси Жогорку кенгеши депутатларига ҳисоб беришди. Мажлисда бир қатор масалаларда, жумладан, мамлакат ҳудудида ҳосил бўладиган дарёлардан фойдаланиш борасида ҳам савол-жавоблар бўлиб ўтди. Халқ ноиблари ҳукуматни сувдан етарли даражада тўғри фойдаланмаётир, деб танқид қилишди. Хусусан, аҳоли сувдан ичгани учун ҳақ тўлаб турган бир пайтда, қўшни республикалар Қирғизистонда ҳосил бўладиган дарёлар сувини текин олаётганини таъкидлаб, сувни уларга сотиш керак, деган фикрни ҳукуматга сингдиришга қаттиқ уринишди. Хўш, давлатлараро оқиб ўтадиган дарёларнинг эгаси ким?

Шулар ҳақида ўйлаб ўтириб, бир ҳикоят ёдимга тушди.

– Сотилған, ҳой, Сотилған, Сирдарёнинг номи нега Сирдарё эканини биласанми? – деб сўрали устоз шогирдидан.

– Сиз айтсангиз, кейин биламан, устоз – жавоб берди Сотилған муаллимга қараб.

– Бу гапларингни қўй, Сотилған. Мен Худо эмасман. Нима десам, “Сиз айтсангиз биламан”, деганингда этим бир жунжикади. “Субҳоноллоҳ”, дейман ичимда… Ҳа, майли. Воқеа шундайки, Қулҳожааҳмад, яъни Аҳмад Яссавий бир туман муриди билан дарёнинг бу юзида турар экан. Шайх Зайниддин эса ўшанча муриди билан дарёнинг у юзида турар экан. Кунлардан бир кун икки авлиё дарё устидан худди қора ерни босгандай бир-бирларига қараб келаверишибди. Юзма-юз келарканлар, қучоқ очиб кўришибдилар ва дарёнинг икки юзидаги одамлар кўз ўнгида ўзаро ҳол-аҳвол сўрашиб, шариат ва тариқатдан сўзлашибдилар. Шундан одамлар бу дарёни авлиёлар сирлашган дарё – Сирдарё, деб атай бошлашган.

Қаранг, Яссавий ҳазратлари дарёга ҳозирги Қозоғистонинг Туркистон шаҳри томонидан, Шайх Зайниддин жаноблари эса дарёга Тошкент томонидан яқинлашиб, дарё узра худди қора ерни босгандай қадам ташлашган. Ўша авлиёларнинг қадамлари теккан дарё бугун учта республикани оралаб ўтади. Илмий тилда “трансчегаравий сув ҳавзаси” деб номланади. Бу қадимий дарё Қирғизистондан оқиб келадиган Норин ва Қорадарё қўшилган жой – Наманган вилоятида Сирдарё номини олади. Тарихларда эса мазкур дарё Яксарт, Сайхун номлари билан ҳам юритилган.

Демак, бугун қирғиз дўстларимиз нафақат Сирдарёга оқадиган сувларни, шунингдек, умуман мамлакат ҳудудида ҳосил бўладиган бошқа ҳавзаларнинг сувларини ҳам қўшниларга сотишга бел боғлаб туришибди. Бунда ҳукумат эмас, Жогорку Кенгеш ташаббускор бўлмоқда.

Биз бу дарёлар сувлари Аллоҳнинг нафақат қирғизларга, шунингдек, барча бандаларига берган буюк неъмати эканига тўхталмай қўя қоламиз. Чунки, бу ҳақда гапириш уларга барибир таъсир қилмайди. Чунки, бугунги қирғиз жамияти шу даражада диний тараққиётга эришдики, ҳатто бу халқ орасидан айтишларича, пайғамбарлар чиқмоқда ва улар ўз номзодларини мамлакат Президентлигига қўйишмоқда. Шундай бир пайтда улар ҳам Яратганнинг бир бандаси эканлигини, ўзлари истиқомат қилаётган жойлардаги тоғларда ҳосил бўладиган сувлар барчага баравар эканини тан олишмайди. “Бу сувлар бизники!” дейишади улар ва бу билан Аллоҳнинг розилигига қарши боришаётганларини ҳис этишмайди.

Шу боис, биз масалага замонавий нуқтаи назардан ёндошишни маъқул кўрдик. Маълумки, дунё миқёсида трансчегаравий сув ҳавзаларидан фойдаланиш борасида кўплаб халқаро конвенциялар ишлаб чиқилган. Биз трансчегаравий сув ҳавзаларини асраш ва улардан фойдаланиш юзасидан энг асосийси бўлган 1996 йилдаги Хельсинки конвенцияси шартларига қисқача тўхталамиз. Мазкур конвенция ҳудудлар кесимида трансчегаравий сув ҳавзаларини сақлаш ва улардан унумли фойдаланишда ҳамкорлик қилиш юзасидан ҳуқуқий асос яратишга қаратилган ягона ҳужжатдир. Бирлашган Миллатлар Ташкилоти шафелигида қабул қилинган мазкур Конвенция таъсир доирасига Европа, Шимолий Америка, Марказий Осиё ва Исроил киради. Конвенцияда 35 та давлат, шу жумладан, Евроиттифоқ ҳам иштирок этади. Хельсинки сув конвенциясининг асосий мақсадлари қуйидагича:

– Трансчегаравий сув ҳавзаларини(ер усти ва ер ости сувларини қўшиб) сақлаш уларни ифлосланишини камайтириш ва олдини олиш орқали амалга оширилади;

– Трансчегаравий сув ҳавзалари экологик асосда ва унумли бошқарилади;

– Трансчегаравий сув ҳавзаларидан оқилона ва адолатли фойдаланиш;

– Экотизимни сақлаш ва тиклаш.

Конвенциянинг асосий шартлари шулардангина иборат бўлиб, унда сув ҳавзалари ҳосил бўладиган ҳудуд давлатлари сувни сотсин деган гап йўқ. Зеро, бу сувлар Жогорку кенгеш ихтиёридан ташқарида, Аллоҳнинг марҳамати билан пайдо бўлмоқда. Шу боис, халқаро конвенцияда ҳам “Трансчегаравий сув ҳавзаларидан оқилона ва адолатли фойдаланиш” ҳақида сўз юритилади. Бу жумлаларда чегаралараро оқиб ўтадиган дарёлар сувининг ҳақиқий эгаси Аллоҳ эканини халқаро ҳамжамият назокат билан таъкидлаб тургани ҳолда, Қирғизистон Жогорку кенгешининг депутатлари: “Йўқ, бу сувларнинг эгаси бизмиз”, дея айюҳаннос солишлари кишида таажжуб уйғотади.

Шундай эмасми?

Сиз нима дейсиз?

 

 ХОЛИС НАЗАР

боғлиқ хабарлар

Изоҳ қолдиринг