Депутатлар норози: Прокурорнинг ҳаёти оддий инсонларникидан 22 баробар қиммат

Қирғизистон Бош прокуратураси марҳум ходими оиласига 21 миллион сўм товон сўраяпти.

Бугун парламент қўмитаси йиғилишида Бош прокуратура вакили собиқ туман прокурорнинг ўлими учун компенсация сифатида унинг оиласига республика бюджетидан оз эмас-кўп эмас, салкам 22 миллион сўм пул тўлаб беришни сўради.

Гап 2022 йилнинг июлида автомобил ҳалокатида вафот этган Чотқол тумани прокурори Бакирдин Жанузақов ҳақида кетяпти. У Бишкекда хизмат сафарида бўлиб, Чотқолга қайтаётганда ҳайдовчи бошқарувни эплай олмай қолиб, машина йўл четига чиқиб, ағдарилиб кетган.

Прокурор 54 ёшда бўлиб, бу лавозимида икки йилдан ортиқроқ ишлаётган эди.

Қирғизистон парламентининг Бюджет, иқтисодий ва фискал сиёсат бўйича қўмитасида сўзга чиққан бош прокурор ўринбосари Умутқан Қўнқубаеванинг айтишича, давлат бу пулни “Прокуратура ҳақида”ги қонун талабларига кўра ажратиб бериши керак. Қонунда кўрсатилишича, агар прокурор ёки терговчи хизмат вазифасини ўташ пайтида ўлса, унинг оиласига марҳумнинг сўнгги лавозимида олаётган маошининг 20 йиллиги миқдорида товон тўлаб берилиши керак экан.

Ана шу ҳисобга кўра, Қўнубаеванинг эътироф этишича, марҳум прокурор Бакирдин Жанузаковнинг оиласига 21 миллион 670 минг сўм (қарийб 250 минг АҚШ доллари) тўлаб берилиши лозим экан.

Бу рақамни эшитган депутатлар норози бўлишди ва ўша қонунни ўзгартириш кераклигини айтишди.

Депутат Камила Талиева: “Биз бу ерда мактаблар учун 5 миллион сўм топа олмаяпмиз. Мен лол қолдим. Бу ахир халқнинг пулику”, – деди.

Яна бир депутат Надира Нарматова ҳам бу суммадан шокда эканини айтди.

“Прокурор бўлиб туғилгим келди. Энди биз прокуроратура ходимларининг соғлигини тилаб, дуо қилишимиз қолибди-да. Улар пенсияга чиқаётганда ҳам миллионлаб пул олишади. Бу қонунларни ўзгартириш керак”, – деди норози бўлган Нарматова.

Умуман Қирғизистонда турли ҳолатларда ҳалок бўлган фуқароларга товон тўлаб бериш доим турли мунозараларга сабаб бўлиб келган. Масалан, 2010 йилнинг апрелидаги қуролли тўнтариш пайтида Ҳукумат уйи олдида ўққа учиб ўлганларнинг оилаларига 1 миллион сўмдан тўлаб берилган. Кейинроқ, ўша йилнинг июнида мамлакат жанубида юз берган миллий тўқнашув пайтида ҳалок бўлганларнинг оилаларига ҳам ана шу миқдорда товон тўлашга қарор қилинган.

Шундан келиб чиқадиган бўлсак, битта прокурорнинг умри 21 оддий фуқаронинг ҳаётидан ҳам қимматроқ бўлиб қоляпти. Буям майли, оддий одамлар оддий ҳолатларда ўлсачи?

Оддий ҳолатларда, агар ишлаётган одам вафот этса, унинг оиласига давлат дафн этиш ҳаражатлари учун ўртача ойлик миқдорида, яъни 7189 сўм ($100 ҳам бўлмайди) тўлаб беради. Агар ўлган одам ишбилармон, фермер хўжалиги раҳбари ёки ишсиз бўлса, унда бу сумманинг ярми тўланади.

Аммо милиция ва бошқа ҳуқуқ-тартибот органларида қийноқдан ўлган фуқароларнинг оиласига ҳам камида 1 миллион сўм тўлаб бериш ҳақидаги ҳуқуқ ҳимоячилари ва адвокатларнинг талабларига қарамай, уларга бўлгани 50-100 минг сўм ($570-1150) тўлаб берилади. Қолаверса, ана шундай ўлимларнинг кўпида вазиятни етарлича назорат қилмаган прокуратура ходимларининг ҳам айблари бор.

Мана шу ҳолат нуқтаи назаридан қараганда ҳам прокурорларга миллионлаб сўм тўлаб бериш умуман асоссиз ва ўта адолатсиз экани ойдан очиқ кўриниб турибди.

Чинданам бу қонунларнинг қайта кўриш ва ўзгартириш вақти келди.

Оқбура, Бишкек.

Расм интернетдан олинди

 

боғлиқ хабарлар

Изоҳ қолдиринг