Қўшнинг тинч… Афғонистонга қўшни давлатлар у ердаги вазият ҳақида гаплашишди

Ҳокимияти тан олинмаган толиблар ҳукумати билан ҳозирча фақат қўшнилари алоқа қилишмоқда.

Ўзбекистоннинг Самарқанд шаҳрида 13 апрель куни Афғонистонга қўшни давлатлар ташқи ишлар вазирларининг тўртинчи учрашуви бўлиб ўтди. Эрон, Покистон, Россия, Тожикистон, Туркманистон ва Хитой вакиллари иштирок этган учрашувга Ўзбекистон раислик қилди.

Иштирокчилардан фақат Россия Афғонистон билан умумий чегараларга эга эмас. Лекин ўзининг Марказий Осиё минтақасига улашган жанубий чегараларини қўриш мақсадида Тожикистонга ўзининг машҳур 201-мотоўқчи дивизиясини жойлаштирган. Амалда Афғонистон ҳукумати билан яхши алоқада бўлмаган Тожикистоннинг бу давлат билан чегараларини айнан Россия чегарачилари қўриқлайди.

Турли маълумотларга кўра Россиянинг Тожикистондаги ҳарбий базасида 6-7 минг килишилик аскар хизмат қилади. Базанинг у ерда жойлашуви ҳақидаги шартнома 2042 йилгача ўз кучида қолади. Тожикистон ва Афғонистон ўртасидаги чегара 1350 км атрофида бўлиб, Афғонистонда етиштириладиган гиёҳванд моддаларнинг асосий қисми тожик чегараси орқали ўтиб, Россия ва бутун дунёга тарқалади.

Афғонистон билан энг қисқа чегарага эга бўлган давлат Хитой бўлиб (76 км), унинг ҳам бу давлатда ва умуман минтақада ўзининг манфатлари бор.

Ушбу давлатлар орасида Ўзбекистон ҳам Афғонистон билан жуда узун чегарага эга эмас, аммо бугунги толиблар мамлакатини Марказий Осиё давлатлари ва Россия билан боғловчи кўприк айнан шу икки давлат ўртасида. Бу ҳолат минтақа давлатлари орасида Ўзбекистоннинг жуда муҳим стратегик аҳамиятга эга давлат даражасига кўтаради.

Афғон давлати билан энг узун чегарага эга бўлган Покистон (2670 км), ундан кейинда турган Эрон (921 км) ва Туркманистон ҳам (840 км) бу давлатдаги тинчлик ва иқтисодий ривожланишдан манфаатдорлар. Лекин узоқ йиллар давомида Афғонистон ва унинг аҳолиси тақдирини Россия, АҚШ, аввалроқ Англия ва бошқа Европа давлатлари ҳал қилишга уриниб келишган.

Учрашувда томонлар Афғонистон ва унинг атрофидаги бугунги вазият билан боғлиқ масалаларнинг кенг бир қатлами муҳокама қилинди. Маълумки, жаҳон ҳамжамияти бугун ҳали ҳеч бир давлат томонидан тан олинмаган толиблар ҳукуматидан инклюзив ҳукумат яратиш, афғонистонлик аёлларнинг меҳнат ва таълим олиш имкониятларини ва миллий озчиликларнинг ҳуқуқларини таъминлаш каби талабларни қўймоқда.

Бу талабларнинг бажарилиши қўшни давлатлар учун ҳам жуда муҳим. Чунки Афғонистонда бугун миллионлаб ўзбеклар, тожиклар ва бошқа миллат вакиллари яшайдилар.

Шунингдек учрашувда Афғонистон халқига инсонийлик ёрдамини кўрсатиш ва мамлакат иқтисодиётини тиклаш масалалари билан биргаликда, халқаро терроризм, гиёҳванд моддалар ишлаб чиқариш ва уларнинг контрабандасига қарши курашда Афғонистонга ёрдам бериш каби муаммолар ўртага ташланди.

Афғонистон давлатининг салоҳиятини рўёбга чиқаришга кўмаклашиш мақсадида  томонлар Афғонистон ҳудудида қўшни давлатлар иштирокида янги иш ўринларини яратиш ва бу мамлакатнинг минтақавий иқтисодий жараёнлари билан фаол уйғунликда ишлай олиши борасидаги тадбирлар ҳақида сўз бўлиб, учрашув иштирокчилари бу жараёнда фаол иштирок этиш истагини билдирдилар.

 

Оқбура, Бишкек.

Расм интернетдан олинди

боғлиқ хабарлар

Изоҳ қолдиринг