Мажбурий автомобил суғуртаси: Етти йилдан бери чўзилиб келаётган қонун

Қирғизистонда автомобилларни мажбурий суғурта қилиш жорий қилинди. Лекин…

Шу йилнинг 1-апрелидан бошлаб, Қирғизистондаги чет эл давлат рақамига эга бўлган машиналар, юридик шахслар, давлат органлари ва маҳаллий ўз-ўзини бошқарув идораларининг машиналари мажбурий суғуртадан (ОСАГО) ўтмаган бўлса, уларга жарима солинади.
Аҳолининг бу қадамга тайёр эмаслиги ва одамлар орасидаги бу билан боғлиқ норозилик кайфиятини ҳисобга олиб, Вазирлар маҳкамаси мажбурий суғурта киритишни жисмоний шахслар учун яна бир бор кейинга сурди. Бу ҳақда Молия бозорини изга солиш ва назорат қилиш давлат хизматининг матбуот хизматидан билдиришди.
Ҳукумат қарорига кўра, келаси йилнинг 1 январидан бошлаб бу қонун автомобили бўлган барча жисмоний шахсларга ҳам тегишли бўлади. Яъни, суғурта қилинмаган автомобиллар учун уларнинг эгаларига жарима солинади.
Хўш, ОСАГО нима ва у нима учун зарур?
Йўл ҳалокати содир бўлган вақтда сизда ОСАГО полиси, яъни автомобилингизнинг суғуртаси бўлса, соғлигингизга ёки автотранспортингизга етказилган зарарни қоплаш учун зарур бўлган маблағни суғурта компанияси тўлаб беради. Бунинг учун ҳар йили сўзсиз равишда маълум ҳақ эвазига суғурта полисини сотиб олишингиз керак.
Мажбурий суғуртанинг базавий тарифи 12 ойга 1680 сўм деб белгиланган. Бу автомобил тури, двигателининг кучи, ҳайдовчининг ёшига ҳамда ҳайдаш стажига, шунингдек у йўл ҳалокатига қанчалик кўп дуч келишига кўра ўзгариб туради.
Мажбурий суғурта дунёнинг кўплаб давлатларида, жумладан қўшни Қозоғистон ва Россияда мавжуд бўлиб, бу автомобил эгаларига жуда катта қулайликлар келтиришини ҳаёт аллақачон кўрсатган. Фақат Қирғизистонда бу борада сиёсий ирода етишмаяпти. Иккинчи томондан, Қирғизистонда автоҳалокатлар сони жуда кўп бўлиб, дастлабки йилларда суғурта компаниялари зарарни қоплаш борасида молиявий қийинчиликларга дуч келиши мумкин.
Шундай бўлсада, аввал эълон қилинганидек, жорий йилнинг 1-январидан бошлаб Қирғизистондаги ҳайдовчилар ихтиёрий равишда ОСАГО полисидан рўйхатга ўтишлари мумкин. Таклиф қилинган қонунга кўра эса, суғурта мажбурий ва уни мамлакатдаги барча турдаги автотранспорт воситаларининг эгалари олиши керак.
Ҳайдовчида ОСАГО полиси мавжудлигини текшириш Давлат йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати ходимлари томонидан амалга оширилади. Белгиланган тартибдаги келишув бўлмаган тақдирда полиси бўлмаганларга Қирғизистон Республикаси қонунчилигига мувофиқ чоралар кўрилади.
Қонунга кўра, суғурта полиси олмаган ҳайдовчиларга (жисмоний шахсларга) 3 минг сўм ($35 атрофида), муассаса-ишхоналарга (юридик шахсларга) 13 минг сўм (деярли $150) жарима солинади.
Президент Садир Жапаров аҳоли учун мажбурий суғурта ҳақидаги қонуннинг кечиктирилиши бўйича саволга жавоб берар экан, қонун лойиҳасини «ҳом» деб атаган. унингдек, у ОСАГО полисини бериш ҳуқуқини давлат компаниясига беришни кўзлаётганини айтиб, бунинг сабабини «аҳоли ҳозир жисмоний шахсларга ишонмайди», дея тушунтирган.
Ушбу қонун Қирғизистонда 2015-йилда қабул қилинган. Аммо, унинг кучга кириши ҳайдовчиларнинг норозилиги сабабли доим кейинга сурилиб келади.

Оқбура, Бишкек.
Сурат интернетдан олинди

боғлиқ хабарлар

Изоҳ қолдиринг